“Халқаро ҳамжамият томонидан Марказий Осиё хавфли минтақа эмас, балки стратегик, иқтисодий имкониятлар минтақаси”
04.04.2018 | Ko`rilgan: 415

Ҳаракатлар стратегияси ўтган давр ичида қатор амалий ислоҳотларга замин яратди. Булар қаторида ташқи сиёсий фаолият алоҳида ўрин тутади.

Ўзбекистон ташқи сиёсати Президент Шавкат Мирзиёевнинг кун тартибида биринчи ойлариданоқ ниҳоятда ёрқин, натижадор йўналишга айланди. Хусусан, 2016 йилнинг сўнгига қадар, қўшни мамлакатлар билан йиллар давомида ўз ечимини кутган қатор минтақавий аҳамиятга эга масалалар ҳал этила бошланди, улар билан аниқ ва истиқболли “йўл хариталар”и ишлаб чиқилди.

Ҳаракатлар стратегиясининг амалга оширилишига йўналтирилган бу йилги Давлат дастурида ҳам қатор ташқи сиёсий ва шу жумладан, Ўзбекистоннинг халқаро ташаббусларини назарда тутувчи вазифалар ўз ўрнини топган. Булар қаторида, қўшни давлатлар билан ҳамкорликни изчил ривожлантириш, Марказий Осиё давлатларининг афғон можаросини ҳал этишга ва Афғонистон Ислом Республикасининг иқтисодий 
ва ижтимоий инфратузилмасини ривожлантириш ва қайта тиклашга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш кабилардир.

Халқаро ҳамжамият томонидан Марказий Осиё хавфли минтақа эмас, балки стратегик, иқтисодий имкониятлар минтақаси сифатида қайд этилишидан ҳудуддаги барча иштирокчилар манфаатдор. Шу ўринда, Тошкент конференциясининг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ўз нутқида таъкидлаганидек, Афғонистонда тинчликни ўрнатиш улкан ҳудуд – Марказий ва Жанубий Осиё минтақасига сезиларли фойда келтиради – автомобиль ва темир йўлларининг қурилишидан тортиб, қувурларни ўтказиш, барча йўналишларда минтақавий ва трансминтақавий савдонинг ривожланишини рағбатлантирилишига олиб келади. Бунинг учун эса, даставвал, Афғонистонда тинчлик ва хавфсизликни ўрнатишнинг асосий масалалари юзасидан кенг халқаро консенсусга эришиш зарур.

“Афғон муаммоси”га бағишлаб ўтказилган Тошкент конференцияси айни шу мақсадни кўзлади ва у Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 19 сентябрь куни бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқида БМТ тарихида илк бор “Афғонистонда тинчликка эришишнинг ягона йўли – марказий ҳукумат ва мамлакат ичидаги асосий сиёсий кучлар ўртасида олдиндан ҳеч қандай шарт қўймасдан, тўғридан-тўғри мулоқот олиб боришдир”, дея халқаро ҳамжамиятга қарата айтган мурожаатининг амалий нишонаси бўлди.

Тадбирнинг бошқа эътиборли тарафлари бу илк бора, муаммога бевосита алоқадор мамлакатнинг қўшни минтақасида, чегарадош давлатда ўтказилаётганлиги ҳамда унда ўртада ўзаро у ёки бу муаммолари бўлса-да, қатор давлатларнинг бир доира анжуманида тўпланганидадир.

Маълумот учун, конференция иштиркочилари қаторидаги айрим давлатлар - Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари ҳамда Баҳрейн, Жазоир, Йемен ва Ливия ўтган 2017 йилнинг июнь ойида, “Толибон”ни молиялаштиришда ва уни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда Қатар қироллигини айблаб, у билан диломатик алоқаларни тўхтатганлар.

Вазият бир оз ғайритабиий ҳамдир. Гап шундаки, ушбу давлатларнинг айримлари “Толибон” ҳаракатининг штаби айнан уларнинг ҳудудида очилиши устида бир қанча тортишув иштирокчилари бўлганлар.

Шу ўринда, қатор чегараорти кузатувчилар томонидан мазкур конференциянинг - унда қатнашиши зарур бўлган яна бир “афғон сиёсий кучи” деб қаралаётган “Толибон”нинг қатнашмаганлиги юзасидан бутун бошли конференциянинг натижадорлигига нисбатан билдирилаётган скепсисга бир оз тўхталсак.

“Толибон” манзилсиз тузилма эмас. 2016 йил Покистон Бош вазири ўринбосарининг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Вашингтонда бўлиб ўтган Халқаро масалалар бўйича Кенгашда - “Толибон” афғон ҳаракатининг раҳбарияти Покистон ҳудудида жойлашганлиги ва покистонлик расмийлар уларга тўлақонли таъсир ўтказиш кучига эга эканликларини тан олган. Қолаверса, бугунги кунда мазкур ҳаракатнинг расмий ваколатхонаси Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида ўз фаолиятини олиб бормоқда. Шундай қилиб, ушбу ҳаракат ўз расмий вакилларига эга ва қатор давлатлар (шу жумладан, унга “паноҳ” берган ва шунга истак билдирган қатор мамлакатлар) томонидан алоҳида сиёсий куч сифатида тан олинаётган қатлам, дейилса муболаға бўлмайди.

Шундай экан, бўлиб ўтган конференцияда “Толибон”нинг бошқарув қатлами, қарор қабул қилувчи шахслари вакиллари қўним топган давлатлар вакиллари, шу жумладан, Қатар қироллигининг Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили иштирок этганлиги ва унинг ўз чиқиши давомида толибонларнинг ҳам мазкур музокараларда иштирок этиши албатта зарурлиги ҳақида фикр билдирганлиги муҳим. Бунда, албатта, келгуси ўзаро амалий чора-тадбирларга зарурият мавжуд.

Афғонистон можароси кўп йиллик можаро ва табиийки, унинг борасида қатор, турли форматдаги йиғилишлар шу кунга қадар шакллантирилган, ўз фаолиятини олиб борган. Таъкидлаш жоиз, Тошкент конференцияси илгариги “жараён”, “формат”ларнинг ўрнини босишни мақсад қилмаган. Конференция доирасида ўтказилган сессияларда қайд этилганидек, ушбу анжуман натижасида, ўн йилликлар давомида шаклланган ва чуқур илдиз отган муаммоларни бир ондаёқ ҳал этилишини кутишнинг ўзи нотўғри.

Тадбирда барча чиқиш қилган спикерлар томонидан қайд этилганидек, афғон халқи тинчлик ва барқарорликда яшашга ҳақли. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти айтганидек, афғон халқи урушдан чарчаган, унинг бўлғуси авлод учун янги тинч ҳаётни бошлашга кучи, жасорати ва оқилона ёндашуви етади. Ҳудди шу фикрни Европа Иттифоқининг олий мартабали иштирокчиси Федерика Могерини хоним ҳам ўз чиқиши давомида билдирди.  Жумладан, Афғонистонда тинчлик жараёнини ўрнатишда афғонларнинг ўзидан бошқа ҳеч ким муайян ҳал қилувчи ролни ўйнай олмаслигини таъкидлади.

Шундай экан, ўтган ҳафта Тошкентда старт берилган мазкур тинчликни ўрнатиш жараёнига Афғонистоннинг қолган иштирокчилари ҳам қўшилишлари кўзда тутилади.

Ўзбекистон сиёсати очиқлик ва тинчлик тарафдори. Шундай экан, вазиятдан тўғри фойдалана билиш учун бошқа иштирокчи тарафлар томонидан мазкур тинчлик жараёнига жасорат намойиш этган ҳолда қўшилишлари назарда тутилади. Ўзбекистон эса, Президент Шавкат Мирзиёев қайд этгани сингари, тарафларга қулай вақт ва жойда мазкур келишувлар жараёнини ҳар қандай босқичда ташкиллаштиришга ҳамиша тайёр. Зеро, айтилганидек, афғон муаммосини ҳал этиш учун барчамиз масъулмиз ва буни барча ҳамиша ёдда тутмоғи лозим.

Қолаверса, Ўзбекистонда мулоқотлар майдони ташкил қилинибгина қолмай, шу билан бирга Президент Шавкат Мирзиёев ўз чиқишида Афғонистонни тинчлик ва барқарор тараққиёт йўлига ўтишининг аниқ йўналишли “йўл харитаси”ни ифодалаб берди ва бу Тошкент декларациясида ҳам ўз аксини топди. Жумладан, бутун ҳамжамиятни Афғонистоннинг, энг аввало, ижтимоий-иқтисодий ривожланишига ҳисса қўшиши аниқ фойда келтира олиши таъкидлаб ўтилди. Ўзбекистоннинг шу ўринда амалга ошираётган сиёсати, яъни ушбу қўшни мамлакатнинг иқтисодий ва ижтимоий инфраструктурасини ривожлантириш йўлидаги сайъ-ҳаракатлари, аввало, кўплаб йиллар давомида талофот кўраётган жафокаш афғон халқининг, унинг ёш авлодининг онгида уруш ва зўравонлик мафкураси ортиқ илдиз отмаслигига қаратилган.

Ҳаракатлар стратегиясини амалга оширишга йўналтирилган бу йилги Давлат дастурида ҳам афғон муаммоси билан боғлиқ чора-тадбирлар алоҳида ўрин топганлиги бу Ўзбекистонинг мазкур масалага чинакамига нақадар юксак эътибор қаратаётганлигидан далолатдир.



Наргиза Бектемирова
"Тараққиёт стратегияси" маркази эксперти