Афғонистон бўйича Тошкент конференциясига доир
04.04.2018 | Ko`rilgan: 180

Мамлакатимиз аҳолисининг барча миллий манфаатларини ўзида акс эттирган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси ўтган бир йилдаёқ қатор амалий ислоҳотларга замин яратди. Шу жумладан, ташқи сиёсий фаолият борасида ҳам.

Умуман олганда, ташқи сиёсат Президент Шавкат Мирзиёев фаолиятининг биринчи ойларидаёқ ниҳоятда ёрқин, натижадор йўналишига айланди. Ўтган қисқа даврда қўшни давлатлар билан нафақат янги истиқболли иқтисодий шартномалар, ва балки йиллар давомида ўз ечимини кутган қатор минтақавий аҳамиятга эга масалалар ҳам ҳал этила бошланганлиги бугунги кунимизнинг яққол воқелигидир.

Ҳаракатлар стратегиясининг амалга оширилишига йўналтирилган бу йилги Давлат дастурида ҳам қатор ташқи сиёсий ва шу жумладан, Ўзбекистоннинг халқаро ташаббусларини назарда тутувчи вазифалар ўз ўрнини топган. Булар қаторида, қўшни давлатлар билан ҳамкорликни изчил ривожлантириш, Марказий Осиё давлатларининг афғон можаросини ҳал этишга ва Афғонистон Ислом Республикасининг иқтисодий ва ижтимоий инфратузилмасини ривожлантириш ва қайта тиклашга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш кабилардир.

Халқаро ҳамжамиятнинг Марказий Осиёни хавфли минтақа сифатида эмас, стратегик, шу жумладан, иқтисодий имкониятлар минтақасидек қайд этиши ушбу минтақа барча иштирокчиларининг манфаатидадир. Шу ўринда, Ўзбекистон ташқи ишлар вазири А.Комилов таъкидлаганидек, Афғонистонда тинчликни ўрнатиш кенгмиқёсли Евроосиё минтақасига сезиларли фойда келтиради – автомобил ва темир йўлларининг қурилишидан тортиб, қувурларни ўтказиш, барча йўналишларда минтақавий ва трансминтақавий савдосининг ривожланишини рағбатлантирилишига олиб келади. Бунинг учун эса, даставвал, Афғонистонда тинчлик ва хавфсизликни ўрнатишнинг асосий масалалари юзасидан кенг халқаро консенсусга эришиш зарур.

Эртага ўз ишини бошлайдиган Афғонистон бўйича “Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик” Тошкент конференцияси / #UzAfg2018 / айни шу мақсадни кўзлайди, ва у Президентимиз Ш.М.Мирзиёевнинг 2017 йил 19 сентябрь куни бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқида БМТ тарихида илк бор “Афғонистонда тинчликка эришишнинг ягона йўлимарказий ҳукумат ва мамлакат ичидаги асосий сиёсий кучлар ўртасида олдиндан ҳеч қандай шарт қўймасдан, тўғридан-тўғри мулоқот олиб боришдир” дея халқаро ҳамжамиятга қарата айтган мурожаатининг амалий тимсолидир.

Қолаверса, конференция шу кунга қадар “афғон муаммоси” юзасидан ўтган йил давомида ўтказилган “Қобул жараёни” номли йиғилишларнинг мантиқий давомидир.

Тошкент конференцияси эса турли даражадаги халқаро интилишларнинг натижаларини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Бунда, хусусан, Афғонистон марказий ҳукумати ҳамда қуролланган мухолифат кучлари ўртасидаги музокараларнинг ўтказилиш механизмини ва, умуман олганда, Афғонистондаги вазиятни тинчлик йўли билан ҳал қилишнинг тамойилларини ишлаб чиқиш каби стратегик мақсадлар кўзда тутилган.

Конференция якунлари бўйича Тошкент декларацияси ишлаб чиқилиши режалаштирилмоқда.

#UzAfg2018

www.strategy.uz



Наргиза Бектемирова
"Тараққиёт стратегияси" маркази эксперти