Ҳаракатлар стратегияси фуқаролар конституцион ҳуқуқларини таъминлашнинг мустаҳкамланишига асос бўлиб хизмат қилмоқда
13.06.2018 | Ko`rilgan: 51

Бугун мамлакатда олий қадрият ҳисобланмиш Инсон ва унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган интилишлар ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар кўринишида шиддатли тус олиб, халқ фаровонлигини таъминлаш, миллий тотувлик ва бағрикенглик, аҳолининг турмуш шароитларини яхшилаш, жамият тараққиёти учун муҳим бўлган омилларни ривожлантиришга хизмат қилмоқда.  

 Ўзбекистон ҳуқуқий демократик давлат ва адолатли фуқаролик жамияти қурилишида бошдан кечираётган янги даврда жаҳон миқёсида  эътирофга сазовор бўлаётган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиш бўйича Ҳаракатлар стратегияси  ўзига хос машъала бўлди.

Ҳаракатлар стратегиясининг мақсади - олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини тубдан оширишдан, давлат ва жамиятнинг ҳар томонлама ва жадал ривожланишини таъминлаш учун шарт-шароитлар яратишдан, мамлакатни модернизациялаш ва ҳаётнинг барча соҳаларини эркинлаштиришдан иборат бўлиб, унинг ижроси беш босқичда ҳар бир йил учун алоҳида ишлаб чиқиладиган давлат дастурига киритиладиган чора-тадбирларни лозим даражада сифатли, самарали ва ўз вақтида амалга ошириш билан таъминланади.

Амалдаги қонун ҳужжатларига кўра, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий рўйхатга қўйиш ва ушбу ҳудудлардан кўчмас мулк, хусусан турар-жой сотиб олишда республиканинг бошқа ҳудудларида яшовчи фуқаролар учун муайян чекловлар ўрнатилган бўлиб, ушбу ҳудудларда доимий рўйхатга қўйиш ва турар жой сотиб олиш имкониятига фақат Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида яшовчи ҳамда айрим қонун ва қонуности ҳужжатлар билан тасдиқланган рўйхатга киритилган фуқароларгина эгадирлар. Ўз ўрнида шуни таъкидлаш керакки, Тошкент шаҳрида ва республиканинг бошқа ҳудуларида доимий рўйхатга қўйиш ва ўз номига кўчмас мулк расмийлаштириш мутлақ ҳуқуқи фақат Тошкент шаҳрида доимий пропискага эга бўлган шахсларга тегишли бўлиб, Тошкент вилоятида доимий рўйхатга олинган фуқаролар ҳам республиканинг бошқа ҳудудларида доимий рўйхатда турувчи фуқаролар каби Тошкент шаҳрида доимий яшаш учун  рўйхатга қўйилмайди ва ўз номига кўчмас мулк расмийлаштириш ҳуқуқидан фойдалана олмайдилар.

Бу ҳолатда Тошкент шаҳрида доимий пропискада турувчи фуқароларнинг ҳам ҳуқуқлари чекланган бўлиб, улар томонидан Тошкент шаҳридаги кўчмас мулки бўйича Тошкент шаҳрида доимий пропискага эга бўлмаган шахслар билан олди-сотди битимлари тузиш, алмаштириш, рента, умрбод таъминлаш шарти билан ўзгага бериш ва ҳадя қилиш, шунингдек турар жой ёхуд турар жой бўлмаган бино шаклидаги кўчмас мулкни гаровга  қўйиш, кўчмас мулкдан ёки унинг бир қисмидан воз кечиш ва кўчмас мулкни ўзгага беришнинг бошқа усулларини нотариал расмийлаштиришнинг қонуний  имконияти мавжуд эмас.

Ушбу чекловлар Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий пропискага эга бўлмаган фуқароларга айрим фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларга киришишда ҳам ҳуқуқларини чеклайди. Хусусан, бошқа ҳудудда рўйҳатга олинган фуқароларга етказилган зарарни қоплаш Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида жойлашган кўчмас мулк объектларига қаратилиши ва уларнинг номига  расмийлаштирилиши мумкин эмас. Шунингдек, ижро ҳужжатлари доирасида ким ошди савдоларига қўйилган Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида жойлашган кўчмас мулк савдоларида бошқа ҳудудда рўйхатга олинган фуқаролар иштирок эта олмайдилар.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 22 январдаги Фармони билан вақтинча ёки доимий пропискасиз ёҳуд турган жойи бўйича ҳисобда турмаган шасхларни ишга қабул қилишга бўлган тақиқ, шунингдек, вақтинча ёки доимий пропискасиз ёҳуд турган жойи бўйича ҳисобда турмасдан яшаб турган фуқароларни ишга қабул қилганлик учун иш берувчининг жавобгарлиги бекор қилинди.  Мазкур ҳужжат фуқароларнинг бу борадаги ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган қўйилган илк қадам бўлиб,  барча фуқароларга ўзлари хоҳлаган ҳудудда меҳнат қилиш имкониятини яратди.

Мазкур Фармони билан тасдиқланган "Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида Фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш мақсадида доимий ва вақтинча рўйхатга қўйиш (ҳисобга олиш) тартибини соддалаштириш кўзда тутилган бўлиб, бу тадбирни амалга ошириш учун Адлия вазирлиги томонидан “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Фармони, Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарори лойиҳалари ишлаб чиқилди ва Ўзбекистон Республикаси норматив ҳуқуқий ҳужжатларнинг муҳокамаси порталида умумий муҳокамага қўйилди.

Давлат дастурида ўз аксини топган ушбу тадбир Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 28-моддасининг тўлақонли қўлланилишини таъминлашга қаратилган бўлиб,  Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг республика ҳудудида бир жойдан иккинчи жойга кўчишга бўлган ҳуқуқини амалга оширишдаги айрим тўсқинликларни бартараф этади.   

Хусусан, Давлат дастури доирасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 5 январдаги Фармони билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасида паспорт тизими тўғрисидаги низом”га “фуқаронинг пропискаси мавжуд эмаслиги ёки турган жойи бўйича ҳисобда турмаслиги унинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини чеклаш учун асос бўлиб ҳисобланмайди” деган қўшимча киритилиши кўзда тутилмоқда.

Шунингдек,Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 27 июлдаги қарори билан тасдиқланган “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишда мол-мулкни реализация қилиш бўйича электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида”ги низомда Тошкент шаҳри ёки Тошкент вилоятида жойлашган турар кўчмас мулк сотилаётганда — Тошкент шаҳри ёки Тошкент вилоятида доимий пропискага эга бўлмаган шахслар электрон онлайн-аукционларда иштирок этишга ҳақли эмаслигини белгиловчи норма чиқариб ташланади.

Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 16 февралдаги қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиш ва турган жойи бўйича ҳисобга олиш тартиби тўғрисида”ги низомдан ҳам Тошкент шаҳри ва вилоятида олди-сотди битимларини, алмаштириш, рента, умрбод таъминлаш шарти билан ўзгага бериш ва ҳадя қилишни, шунингдек турар жой ёхуд турар жой бўлмаган бино шаклидаги кўчмас мулкни гаровга (ипотекага) қўйиш, кўчмас мулкдан (кўчмас мулкнинг бир қисмидан) воз кечиш ва кўчмас мулкни ўзгага беришнинг бошқа усулларини нотариал тасдиқлаш ва давлат рўйхатидан ўтказишда сотиб олувчи томонга Тошкент шаҳри ёки Тошкент вилоятида доимий пропискага эга бўлиш ёки бу ерда камида уч йил доимий пропискада турган бўлиш шарти бекор қилинмоқда.

Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 3 ноябрдаги қарори билан тасдиқланган “Давлат божи ставкалари”га  Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида кўчмас мол-мулкни (кўчмас мол-мулкнинг қисмини) олди-сотди, айрибошлаш, рента, воз кечиш шартномаларини ҳамда кўчмас мол-мулкни бошқа шахсга беришнинг бошқа усулларини тасдиқлаганлик учун Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи ва республиканинг бошқа минтақаларида доимий пропискага эга бўлган жисмоний шахслар томонидан кўчмас мулк сотиб олинганда ундириладиган бож миқдорлари белгилаб қўйилмоқда. Ўз ўрнида, мазкур ҳужжат билан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти уй-жой бозорида нархларнинг асоссиз оширилишининг олдини олиш мақсадида давлат божи тўлаб сотиб олинган мол-мулкни харид қилинган кундан бошлаб уч йил мобайнида мол-мулкни олди-сотди, алмаштириш ва ҳадя қилиш шартномаларини тасдиқлаганлик учун энг кам ойлик иш ҳақининг 400 баравари миқдорида давлат божи ундирилиши белгилаб қўйилади.

Бу билан Ўзбекистон Республикасининг фуқаросига қаерда туғилганлиги, яшаганлиги ва доимий рўйхатда турганлигидан қатъий назар, мамлакатимизнинг исталган ҳудудидан турар жой сотиб олишга, унинг қонуний мулкдори бўлишга ҳамда ушбу мулкдан ўзи хоҳлаганча эгалик қилиш, фойдаланиш ва тасарруф этишга бўлган ҳуқуқларини амалга оширилиши кафолатланади. Энг асосийси-ҳар қандай фуқаронинг ўзи истаган жойда  билими, истеъдоди ва имкониятларини намоён қилиб, меҳнат қилиш ва эркин кўчиб юриш ҳуқуқи тўла-тўкис таъминланишига шароит яратилади.

Зеро, Ўзбекистонда ҳар қандай қонун, ўрнатилаётган тартиб, амалга оширилаётган ислоҳотлар пировардида инсон ва унинг манфаатларига хизмат қилади.