ЎЗБЕКИСТОНДА «ХАБЕАС КОРПУС» ИНСТИТУТИНИ ЯНАДА КЕНГАЙТИРИШНИНГ ИСТИҚБОЛЛАРИ: АҚШ ТАЖРИБАСИ
08.02.2018 | Ko`rilgan: 670

2018 йил 8 февраль куни “Тараққиёт стратегияси” марказида “Ўзбекистонда “Хабеас корпус” институтини янада кенгайтиришнинг истиқболлари: АҚШ тажрибаси” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Тадбир “Минтақавий мулоқот” халқаро нодавлат ташкилоти билан ҳамкорликда ташкил этилиб, унда АҚШ федерал суд маркази директори, судья Жереми Фогель АҚШ суд-ҳуқуқ тизимининг ўзига хос хусусиятларига бағишланган тақдимот билан иштирок этди.

Давра суҳбати суд-ҳуқуқ тизимидаги етакчи хорижий тажрибани ўрганиш, соҳадаги сўнгги ўзгариш ва янгиликлар бўйича ўзаро фикр алмашиш ва шу орқали тадбиқ этилиши режалаштирилган ислоҳотларни сифатли амалга ошириш мақсадида ташкил этилди. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), судьялар, тегишли вазирлик ва идоралар, олий таълим муассасалари вакиллари иштирок этдилар.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Ш. Полвонов томонидан “2016-2017 йилларда Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилган ислоҳотлар”, Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Одил судлов муаммоларини ўрганиш тадқиқот маркази директори Д. Арипов томонидан “2018 йил Давлат дастури доирасида Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишнинг устувор йўналишларида амалга ошириладиган тадбир ва режалаштирилган тадқиқотлар” мавзуларидаги маъруза тақдим этилди.

АҚШ федерал суд маркази директори тадбир иштирокчиларининг саволларига батафсил жавоб қайтариб, “Хабеас корпус” институтини янада кенгайтириш, бунда эътибор қаратиш лозим бўлган муҳим жиҳатлар юзасидан ўз маслаҳат ва таклифларини берди.

Қайд этиш жоиз, 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш йўналишида:

  • ривожланган давлатлар тажрибаси асосида “Хабеас корпус” институтини янада кенгайтириш доирасида суриштирув ва дастлабки тергов устидан суд назоратини кучайтириш (50-банд);
  • суд-тергов жараёнларининг шаффофлигини ошириш, тарафларнинг ўзаро тортишуви тамойилини мустаҳкамлаш, жиноят ишларини юритишда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид илғор халқаро стандартларни жорий этиш (58-банд);
  • адвокатура тузилмалари мустақиллигини таъминлаш ва фаолиятининг самарадорлигини ошириш, уларга солиқ имтиёзларини тақдим этиш (78-банд) каби тадбирларни амалга ошириш белгиланган.