ҲАРАКАТЛАР СТРАТЕГИЯСИ ДОИРАСИДА АДВОКАТУРАНИНГ РОЛИНИ ОШИРИШ БЎЙИЧА АМАЛГА ОШИРИЛАЁТГАН ИСЛОҲОТЛАРГА БАҒИШЛАНГАН СЕМИНАР БЎЛИБ ЎТДИ
27.04.2018 | Ko`rilgan: 627

27 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Адвокатлар палатаси ҳамда “Тараққиёт стратегияси” маркази билан ҳамкорликда “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга оширишда адвокатуранинг роли”га бағишланган семинар бўлиб ўтди.

Тадбирда Тошкент шаҳрида фаолият юритаётган адвокатлар, Адлия вазирлиги, Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман), Тошкент давлат юридик университети, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этдилар.

Семинарда “Тараққиёт стратегияси” маркази директори А.Бурханов томонидан иштирокчиларга Ҳаракатлар стратегияси доирасида ўтган вақт давомида мамлакатимизда Адвокатура институтини янада мустаҳкамлаш бўйича амалга оширилган ишлар ҳамда 2018 йил Давлат дастури доирасида назарда тутилган вазифалар ҳақида маълумот берди.

Хусусан, маъруза давомида 2017 йил Давлат дастури ижроси юзасидан 41 та давлат органлари ва жамоат ташкилотлари ва республикада фаолият юритаётган адвокатлик тузилмалари томонидан ўзларининг веб-сайтлари орқали ўз соҳа фаолиятининг йўналишлари бўйича “Онлайн маслаҳат” рукни ташкил этилганлиги ҳамда бугунги кунда аҳолига юридик маслаҳатлар бериб келинаётгани таъкидланди.

“Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастури доирасида адвокатура тузилмалари мустақиллигини таъминлаш ва фаолиятининг самарадорлигини ошириш, уларга солиқ имтиёзларини тақдим этиш, бунда лицензиялаш талаб қилинмайдиган тижорат ташкилотлари сифатида юридик консалтинг ташкилотлари фаолиятининг ҳуқуқий асосларини яратиш, солиқ юкини мақбуллаштириш мақсадида адвокатлик тузилмалари учун ягона ижтимоий тўлов ва адвокатлардан ундириладиган  жисмоний шахсларнинг даромад солиғи ставкаларини камайтириш, адвокатларнинг давлат идоралари, корхона ва ташкилотларда ҳуқуқий маслаҳатчи сифатида фаолият юритишига рухсат бериш каби қатор амалга оширилиши белгиланган вазифалар ҳақида сўз юритилди.