ТСМ ВА ШАНХАЙ ИЖТИМОИЙ ФАНЛАР АКАДЕМИЯСИ ВАКИЛЛАРИ БИЛАН ҲАМКОРЛИКНИ КЕЛГУСИДА РИВОЖЛАНТИРИШ МАСАЛАЛАРИНИ МУҲОКАМА ҚИЛДИЛАР
25.10.2018 | Ko`rilgan: 162

Шу кунларда “Тараққиёт стратегияси” маркази вакиллари “Бир макон, бир йўл: Евроосиёда барқарорлик ва фаровонлик” учинчи Шанхай халқаро форумида иштирок этмоқда. 

Бугун, 25 октябрь куни “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Акмал Бурхонов Шанхай ижтимоий фанлар академияси (ШИФА) партия комиссияси котиби, Юй Синьхуэ ҳамда ШИФА ҳузуридаги “ақл марказлари”ни ўрганиш маркази вакиллари билан учрашувлар ўтказди. 

Суҳбат чоғида мамлакатларимизнинг таҳлил институтлари ўртасидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди. Ўзбекистонда кечаётган жадал ислоҳотлар шароитида икки давлат ахборот-таҳлил институтлари ва “ақл марказлари”нинг фаол алоқаларни йўлга қўйиш зарурлиги қайд этилди. 

ШИФА партия комиссияси котиби Юй Синьхуэ мунтазам равишда юқори даражадаги учрашув ва тадбирлар ташкил қилиш ва соҳада ахборот алмашиш нафақат давлатларнинг ахборот-таҳлил саноатини ривожлантиришга, балки Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги манфаатли муносабатларни мустаҳкамлашга имкон беришини таъкидлади. 

Музокаралар чоғида Хитой томони икки мамлакат “ақл марказлари”нинг ҳамкорлик форматини кенгайтириш, маданий-гуманитар муносабатларни мустаҳкамлаш, мавжуд тўсиқларни бартараф этиш бўйича ўз таклифларини билдирди. 

Учрашув якунида 2018 йилнинг апрель ойида “Тараққиёт стратегияси” маркази билан Шанхай ижтимоий фанлар академияси ўртасида имзоланган ҳамкорлик меморандумида баён этилган келишувларни изчил рўёбга чиқаришга келишиб олинди.