ЖОЙЛАРДА ТУРЛИ СОҲАЛАРДА АМАЛГА ОШИРИЛАЁТГАН ИСЛОҲОТЛАР ЮЗАСИДАН ФИКРЛАР ЎРГАНИЛМОҚДА
06.11.2018 | Ko`rilgan: 142

“Тараққиёт стратегияси” маркази, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ҳамда Республика маънавият ва маърифат маркази вакилларидан иборат ишчи гуруҳ 2018 йил Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини ўрганиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикасига ташриф буюрди.

Ташриф доирасида 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта уствувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида белгиланган вазифаларнинг жойлардаги ижросини таҳлил қилиш, эришилган натижалар ва келгусидаги режалар тўғрисида аҳолига маълумот бериш, шунингдек, фуқароларнинг турли соҳалардаги ўзгаришлар юзасидан фикрларини ўрганиш мақсадида жамоатчилик фикри сўрови ўтказилди.

Жумладан, “Ҳаракатлар стратегияси: сарҳисоб ва истиқболдаги қадамлар” мавзусида “давра суҳбати” бўлиб ўтди. Унда ҳудуддаги тарғибот гуруҳлари вакиллари, ёшлар ва хотин-қизлар масалалари бўйича ҳокимликлар мутахассислари, сиёсий партия аъзолари ҳамда маҳаллий депутатлар таклиф этилди. Ўзбекистондаги янгиланишлар жараёни, хусусан таълим, соғлиқни сақлаш, инсон ҳуқуқларини таъминлаш, ошкоралик принципи асосида олиб борилаётган сиёсат, сўз ва матбуот эркинлиги масалалари “давра суҳбатининг” асосий мавзуси бўлди.

Тадбир давомида иштирокчиларга Ҳаракатлар стратегияси доирасида белгиланган тадбирларнинг бориши ҳамда 2018 йил Давлат дастурининг 9 ойлик натижалари ҳақида маълумот берилди.

Давлат дастурида белгиланган вазифалар асосида жойларда жамоатчилик мониторинги тадбирлари амалга оширилди. Хусусан, Қорақалпоғистон Республикасининг Қўнғирот ва Қанлиқўл туманларида бўлишиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) билан биргаликда мажбурий меҳнат масалалари мониторинг қилинди. Пахта далаларида аҳоли билан мулоқот ўтказилди. Шунингдек, тадбиркорлар билан ҳам учрашиб, ислоҳотлар натижасида уларнинг фаолиятидаги ўзгаришлар юзасидан фикр алмашилди.

Ишчи гуруҳ томонидан, шунингдек, жазони ижро этиш муассасаларига ташриф буюрилди. У ерда бино ва иншоотларни таъмирлаш ва реконструкция қилиш ҳолати, қамоқда сақланаётган ва жазони ўташ жойларида бўлган шахсларнинг яшаш шароитлари мониторинг қилинди.

Ўтказилган барча учрашувлар давомида бугунги кунда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳудудлардаги ижросидан қониқиш даражаси, уларнинг фикр ва таклифлари ўрганилди. Хусусан, иштирокчилар Марказ томонидан 2018 йилда жамият ҳаётининг турли соҳаларида амалга оширилган ишларнинг дастлабки якунларини сарҳисоб қилиш ҳамда 2019 йил учун ислоҳотларнинг асосий йўналишларни белгилаб олиш мақсадида ижтимоий сўров ўтказилди.

Тадбирлар Германиянинг Конрад Аденауэр фондининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда ўтказилмоқда.

Ишчи гуруҳ бугун Хоразм вилоятида бўлиб турибди.