2018 ЙИЛНИНГ НОЯБРЬ-ДЕКАБРЬ ОЙЛАРИ ДАВОМИДА ЙИЛ ЯКУНЛАРИГА БАҒИШЛАНГАН МАТБУОТ АНЖУМАНЛАРИ ЎТКАЗИЛАДИ
09.11.2018 | Ko`rilgan: 106

2018 йилнинг 9 ноябрь куни “Тараққиёт стратегияси” марказида “Вазирлик ва идоралар матбуот хизматлари ишини такомиллаштириш орқали давлат органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш” мавзуидаги давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини кенг жамоатчиликка ўз вақтида етказиш, матбуот хизматлари орқали фуқаролар билан мулоқотни янада фаоллаштириш, бунда доимий равишда матбуот анжуманлари, учрашувлар ва ОАВда чиқишлар ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.

Тадбир 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижалари ҳақида аҳолига хабардорлигини янада оширишга қартилган лойиҳа доирасида “Тараққиёт стратегияси” маркази ва Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Давра суҳбатида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси, Давлат дастури ижросига масъул бўлган 30 дан ортиқ вазирлик ва идоралари матбуот хизматлари вакиллари иштирок этди.

Тадбир давомида, шунингдек “Тараққиёт стратегияси” марказида бўлиб ўтган икки кунлик тренинг якунлари сарҳисоб қилинди. Хусусан, матбуот хизматлари фаолиятида учраши мумкин бўлган инқирозий ҳолатлар ва уларни самарали ҳал этиш йўллари, аҳолида ташкилотнинг ижобий нуфузини шакллантириш муҳимлиги, матбуот тадбирлари ўтказиш ва тарқатма материалларни тайёрлаш каби қатор масалалар муҳокама қилинди.

Ўтказилган тренинг ва давра суҳбати натижаларига кўра вазирлик ва идоралар вакиллари томонидан жорий йилнинг ноябрь ва декабрь ойлари давомида “Тараққиёт стратегияси” марказида маҳаллий ва хорижий ОАВ вакилларини фаол жалб этган ҳолда матбуот анжуманлари ўтказишга келишиб олинди. Шунингдек, лойиҳанинг барча иштирокчилар томонидан матбуот анжуманларини ўтказиш режаси ишлаб чиқилди.