ГЕРМАНИЯНИНГ ИҚТИСОДИЙ ҲАМКОРЛИК ВА РИВОЖЛАНИШ ФЕДЕРАЛ ВАЗИРЛИГИ ВАКИЛЛАРИ БИЛАН УЧРАШУВ БЎЛИБ ЎТДИ
14.11.2018 | Ko`rilgan: 258

2018 йилнинг 13 ноябрь куни Германиянинг иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш федерал вазирлиги вакиллари “Тараққиёт стратегияси” марказига ташриф буюрди. Учрашув давомида Ўзбекистонда бугунги кунда ислоҳотларнинг бориши, Ҳаракатлар стратегияси доирасида амалга оширилиши белгиланган муҳим вазифалар ҳамда эришилган асосий натижалар муҳокама қилинди. Тадбир Германиянинг халқаро ҳамкорлик ҳамжамияти (GIZ) билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Германиянинг иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш федерал вазирлиги халқаро ҳамкорлик орқали мамлакатда ва хорижда иқтисодий ривожланиш масалаларини қўллаб-қувватлаш бўйича фаолият юритади. Вазирлик Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки, БМТ каби ташкилотлар билан яқин ҳамкорлик қилади.

“Тараққиёт стратегияси” марказида бўлиб ўтган учрашув давомида делегация аъзолари бугунги кунда Ўзбекистонда катта ўзгаришлар бўлаётгани, 5 йилга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегияси қабул қилиниши натижасида деярли барча соҳаларда ислоҳотлар амалга оширилаётгани таъкидладилар.

Германиялик мутахассислар ушбу жараёнларни доимий кузатиб бораётганликларини ва эришилаётган натижалар, қабул қилинган Ҳаракатлар стратегияси ва унинг доирасида ислоҳотларнинг бориши каби масалалар улар учун  қизиқлиги ва шу сабабли Ўзбекистон ташриф буюрганликларини айтиб ўтдилар.

Ўз навбатида, “Тараққиёт стратегияси” маркази вакиллари 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳақида батафсил маълумот бердилар. Хусусан, ўтган йиллар давомида қабул қилинган муҳим қарорлар, эришилган натижалар ва соҳаларнинг ривожи билан таништирилди. Шунингдек, учрашув давомида “Тараққиёт стратегияси” маркази фаолиятининг асосий йўналишлари ҳамда халқаро ҳамкорлик масалалари  муҳокама қилинди.