]
РОССИЯ ДЕЛЕГАЦИЯСИ АЪЗОЛАРИ ҲАРАКАТЛАР СТРАТЕГИЯСИ БИЛАН ТАНИШДИЛАР
08.11.2017 | Ko`rilgan: 324

Хабарингиз бор, шу кунларда Санкт-Петербург губернатори Георгий Полтавченко раҳбарлигидаги Россия Федерацияси делегацияси Ўзбекистонда бўлиб турибди.

Ташриф доирасида 8 ноябрь куни Санкт-Петербургнинг хуқумат, маданият ва бизнес соҳалари вакилларидан иборат делегация аъзолари “Тараққиёт стратегияси” марказига ташриф буюрдилар. Меҳмонларни Марказ ижрочи директори Акмал Бурханов кутиб олди.

Учрашув давомида бугунги кунда юртимизда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида амалга оширилаётган ислоҳотлар тўғрисида маълумот берилди. Жумладан, делегация аъзолари “Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан Ҳаракатлар стратегиясини ахборот-таҳлилий таъминлаш йўналишида олиб борилаётган ишлар ҳамда амалга оширилаётган лойиҳаларнинг дастлабки натижалари билан танишдилар.

Учрашув якунларига кўра, томонлар ўзаро ҳамкорлик олиб бориш, хусусан, Россия Федерациясида фаолият юритаётган стратегик институтлар билан Марказ ўртасида яқин алоқаларни йўлга қуйиш, шунингдек ёшларга оид қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишиб олинди.

Делегация аъзолари шу куннинг ўзида Марказ ва қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилаётган “Парламент модели” лойиҳаси иштирокчилари билан ҳам учрашдилар.