ФУҚАРОЛАР МУРОЖААТЛАРИ БИЛАН САМАРАЛИ ИШ ОЛИБ БОРГАН ВАЗИРЛИК, ИДОРА ҲАМДА ОАВЛАРИНИ АНИҚЛАШДА ИШТИРОК ЭТИНГ!
11.01.2018 | Ko`rilgan: 1461

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари ва Виртуал қабулхонаси инсон манфаатларини таъминлаш, энг аввало, одамлар билан мулоқот қилиш, халқнинг дарду ташвишлари, ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини яхши билиш ва ҳал қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 28 декабрдаги фармони асосида ташкил этилган эди.

Ўтган қисқа вақт давомида мазкур қабулхоналарга бир ярим миллиондан зиёд фуқаро мурожаат қилиб, уларнинг 96 фоизи кўриб чиқилгани ҳамда қарийб 70 фоизи қаноатлантирилди.

Шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури доирасида фуқаролар мурожаатларини ўз вақтида ҳал этилишида ва ёритилишида фаоллик кўрсатилган вазирлик ва идоралар, ОАВ вакилларини аниқлаш ва муносиб рағбатлантириш мақсадида “Тараққиёт стратегияси” Маркази томонидан кенг жамоатчилик иштирокида онлайн сўровнома ўтказилмоқда.  

Сўровнома Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида фуқаролар мурожаатлари билан самарали иш олиб борганларни аниқлаш мақсадида қуйидаги тўрт номинация бўйича ўтказилади:

  • Аҳоли билан самарали мулоқот олиб борган халқ қабулхонаси (3 та ғолиб аниқланади);
  • Фуқароларнинг мурожаатлари ва уларнинг муаммоларини ҳал этишда самарали иш олиб борган давлат органи;
  • Фуқаролар мурожаатлари натижаларини энг фаол ёритиб борган ОАВ;
  • Фуқаролар мурожаатлари натижаларини энг фаол ёритиб борган электрон ОАВ.

Онлайн сўровнома 2018 йилнинг 17 январига қадар махсус ташкил этилган muloqot.strategy.uz сайтида ўтказилади. Ғолиблар 18 январь куни Тошкентдаги “Hyatt Regency” меҳмонхонасида бўлиб ўтадиган “Давлат хизматлари сифатини яхшилаш ва қарор қабул қилиш жараёнларида фуқаролар иштирокининг инновацион услубларини жорий қилиш” мавзусида халқаро конференция доирасида тақдирланади.