ЯКУНЛАР РАҚАМЛАРДА: ДАВЛАТ ДАСТУРИ ЛОЙИҲАСИНИНГ ЖАМОАТЧИЛИК МУҲОКАМАЛАРИ
16.01.2018 | Ko`rilgan: 363

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 28 декабрдаги Ф-5155-сонли фармойишига асосан 2018 йилнинг 5-15 январь кунлари 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта усувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури лойиҳасининг жамоатчилик муҳокамалари ўтказилди.

Мазкур ҳужжат лойиҳаси Ҳаракатлар стратегиясининг устувор йўналишлар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга тақдим этган мурожаатномасида келтирилган асосий вазифалардан келиб чиқиб ишлаб чиқилди. Бундан ташқари, фармойишга асосан тузилган махсус ишчи комиссия томонидан 2017 йилда Ҳаракатлар стратегиясини амалга оширилиши танқидий таҳлил қилинди.   

Давлат дастури лойиҳасини ишлаб чиқишда “халқ қонунларнинг ягона манбаси ва муаллифи ҳисобланади”, “мамлакат ҳаётига тааллуқли муҳим қарорлар халқ билан мулоқот, жамоатчилик фикри эътиборга олинган ҳолда қабул қилинади” принциплари инобатга олинган ҳолда ишлаб чиқилди.

Давлат дастури лойиҳаси 9 январь куни Норматив ҳуқуқий ҳужжатларнинг муҳокамаси портали (www.regulation.gov.uz) ҳамда “Тараққиёт стратегияси” маркази томонидагн ишлаб чиқилган махсус сайт (2018.strategy.uz)ларига ўзбек ва рус тилларида жойлаштирилди. Натижада, фуқаролардан 4428 та таклиф, фикр ва мулоҳазалар келиб тушди. Улар: 

  • Давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштиришнинг устувор йўналишида – 1521 та;
  • Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишнинг устувор йўналишида – 518 та;
  • Иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштиришнинг устувор йўналишида – 869 та;
  • Ижтимоий соҳани ривожлантиришнинг устувор йўналишида – 793 та;
  • Хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш ҳамда чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсатни амалга ошириш соҳасидаги устувор йўналишида – 727 та.

Жамоатчилик муҳокамалари доирасида “Тараққиёт стратегияси” маркази  ва қатор ҳамкор ташкилотлар билан медиа-ҳафталик ташкил этилди. Унинг доирасида ОАВ вакиллари учун 5 та пресс-брифинг ва 2 экспертлик муҳокамалари ташкил этилди. Тадбирда спикер сифатида 30дан зиёд ортиқ мутассади ташкилот раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари иштирок этди.   

Давлат дастури лойиҳаси етакчи Интернет нашрлари ҳамда ижтимоий тармоқларда фаол муҳокама қилинди. Жумладан, жамоатчилик муҳокамалари
20дан зиёд етакчи Интернет нашрлари томонидан мунтазам ёритиб борилди. Улар томонидан чоп этилган хабарлар 1,3 млн. маротаба ўқилди.

Ижтимоий тармоқлардаги махсус саҳифа ва гуруҳларда амалга оширилиши режалаштирилаётган тадбирлар 550 мингдан ортиқ фуқаролар иштирокида фаол муҳокама қилинди.

Бу йилдан эътиборан Давлат дастури лойиҳаси муҳокамалари Олий таълим муассасаларидаги “Ҳаракатлар стратегияси” хоналарида ўтказилиб, уларда республика бўйича 8700дан зиёд профессор, ўқитувчилар ва ёшлар иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга тақдим этган Мурожаатномалари ҳамда 2018 йил Давлат дастури лойиҳаси муҳокамаларига бағишланган давра суҳбатлари “Тараққиёт стратегияси” маркази ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви Академиясида 120 нафар ёшлар иштирокида бўлиб ўтди.

Муҳокамалар якунлари бўйича ўтказилган таҳлилга кўра 2018 йил Давлат дастури лойиҳасининг 28-банди “Фуқароларни доимий ва вақтинча рўйхатга қўйиш (ҳисобга олиш) тартибини соддалаштириш, уларнинг мамлакат ҳудудида эркин ҳаракатланиш ҳамда меҳнат қилиш ҳуқуқларини таъминлаш” энг кўп таклиф ва фикр билдирилган мавзу деб топилди. Ушбу банд юзасидан фуқаролардан 256 та изоҳ қолдирилган.