“Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб қувватлаш йили” Давлат дастури қабул қилинди
22.01.2018 | Ko`rilgan: 8032

Бугун Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони билан “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб қувватлаш йили” Давлат дастури қабул қилинди. Унга кўра эндиликда:

Тошкент шаҳри ва вилоятида доимий пропискага эга бўлмаган фуқаролар учун асоссиз спекуляциянинг олдини олиш чораларини кўрган ҳолда иккиламчи бозордан кўчмас мулк сотиб олишга бўлган чекловлар бекор қилинади.

Ўзбекистонда ички туризмни ривожлантириш мақсадида вақтинча пропискасиз (яшаш жойи бўйича ҳисобга турмасдан) бўлиш муддати узайтирилади.

Ўзбекистонда мавсумий ишларга (қурилиш, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда) жалб қилинганларни вақтинчалик рўйхатга олиш тизими соддалаштирилади, улар учун уй-жой ижараси, уй-жойдан текин фойдаланиш битимини тузиш талаби бекор қилинади;

Вояга етмаган шахснинг белгиланган муддатда паспорт олмаганлиги учун маъмурий жавобгарлик бекор қилинади.

“Миллий хавфсизлик хизмати тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади ва унга кўра бу соҳада парламент назорати механизмлари белгиланади.

Ўзбекистонда экспортни ва туризмни ривожлантириш мақсадида мақбул агрокультура амалиёти (Global G.A.P.), “ҳалол” ва “кошер” стандартлари  қабул қилинади.

Фермерлар пахта хом ашёсини қайта ишловчи ва тўқимачилик корхоналарига ўз ихтиёрига кўра тўғридан-тўғри сотиш имкониятига эга бўладилар.

Ўзбекистонда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича агентлик ташкил этиш.

Республиканинг ҳар бир тумани ва шаҳридан 70 тагача оилаларга ҳар йили маиший техника (газ ва электр печлар, холодильниклар, тикув машиналари ва ҳ. к.) ёки бир бошдан қорамол харид қилинади.

Туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмаларининг 46 та туғруқ бўлимлари негизида туманлараро перинатал марказларни ташкил этилади

Ўзбекистонда 2018 йилдан бошлаб тиббий суғурта механизми босқичма-босқич жорий этилади.

Олий таълим муассасаларига кириш бўйича тест синови натижалари тест ўтказилган куннинг эртасига эълон қилинади

Умумий ўрта таълим мактаблари ўқитувчиларининг иш вақти меъёрларини белгилашга оид амалдаги ҳужжатларга ўзгартишлар киритиш асосида ортиқча қоғозбозлик ва ҳисоботбозликка чек қўйилади.

Тошкент-Урганч-Хива тезюрар поезди ва Тошкент-Самарқанд-Бухоро-Урганч-Хива туристик поезди ҳаракатини йўлга қўйилади, Тошкент Жанубий вокзали фойдаланишга топширилади.

Ҳудудлардаги 2750 км узунликдаги минтақавий автомобиль йўллари таъмирланади.

Екатеринбург, Владивосток, Қозон, Ростов-Дон (Россия Федерацияси) ва Олмаота (Қозоғистон Республикаси) шаҳарларида Ўзбекистоннинг янги консуллик идоралари очилади.

Хориждаги ҳамюртларни Ўзбекистондаги ислоҳотлар жараёнларига фаол жалб қилиш мақсадида раҳбар ва мутахассис лавозимларига очиқ танловлар эълон қилиш тартиби белгиланади.

Эслатиб ўтамиз, Давлат дастури 231 банддан иборат бўлиб, унга кўра 37 та қонун қабул қилиниши белгиланган.