2018 ЙИЛГА МЎЛЖАЛЛАНГАН ДАВЛАТ ДАСТУРИ ТАСДИҚЛАНДИ. АСОСИЙ ИСЛОҲОТЛАР
23.01.2018 | Ko`rilgan: 1654

22 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги Фармони имзоланди. Унга мувофиқ 2018 йилга мўлжалланган Давлат дастури тасдиқланди.

Хабарингиз бор, шу йилнинг 10-20 январь кунлари давомида Давлат дастури лойиҳасининг жамоатчилик муҳокамалари ўтказилди. Хусусан, ҳужжат лойиҳаси Интернет тармоғига жойлаштирилиб, фуқаролардан 4400дан зиёд таклиф ва мулоҳазалар келиб тушди. Шунингдек, вазирлик ва идоралар, жамоат ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан электрон манзил орқали 150дан зиёд таклиф ва лойиҳалар қабул қилинди.

Жамоатчилик муҳокамалари доирасида “Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан медиа-ҳафталик ташкил этилди. Маҳаллий ва Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган халқаро ОАВ вакиллари иштирокида 5 та пресс-брифинг ҳамда 2 та экспертлик муҳокамалари ўтказилди ва унда 50 дан зиёд мутасадди ташкилот раҳбарлари, мутахассислар батафсил маълумот бердилар.

Муҳокамалар жараёнлари ва 2018 йилда амалга оширилиши режалаштирилаётган ислоҳотлар ОАВ томонидан оператив ёритиб борилди. Жумладан, етакчи Интернет нашрлари томонидан чоп этилган хабарлар фуқаролар томонидан 1,3 млн. маротаба ўқилди. Ижтимоий тармоқлардаги махсус саҳифа ва гуруҳларда 550 мингдан ортиқ фуқаролар иштирокида фаол муҳокамалар олиб борилди.

Фуқаролардан келиб тушган таклифлар асосида Давлат дастурига 5 та янги банд киритилди, 11 та банд такомиллаштирилди ҳамда 122 банд қайта таҳрир қилинди. Натижада Давлат дастури тасдиқланиб, унинг асосий йўналишлари ва уни амалга оширишнинг биринчи навбатдаги чора-тадбирлари белгиланди. 

Фуқаролардан келиб тушган таклифларнинг аксариятида кўрсатилган долзарб муаммоларни ҳал қилишга оид алоҳида ҳуқуқий нормалар бевосита Фармоннинг ўзида кўрсатилган бўлиб, уларнинг ижросини дарҳол таъминлаш шарт экани белгиланди. 

Фармон билан тадбиркорлик субъектларининг молиявий-хўжалик фаолиятини текшириш бўйича икки йил муддатга мораторий эълон қилинди. Эндиликда, Фармон эълон қилинган кундан бошлаб тадбиркорлик субъектлари назорат қилувчи органларнинг текширувларига вақт ва ресурс сарфламасдан ўз фаолиятини хотиржам амалга оширишлари мумкин. 

Яна бир муҳим янгилик – вақтинча ёки доимий пропискаси бўлмаган ёхуд турар жойи бўйича ҳисобда турмаган фуқароларни ишга олишга оид тақиқ бекор қилинади. Ушбу норма фуқароларга мамлакатимизнинг исталган ҳудудида, айниқса, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида ишга жойлашишда ҳеч қандай чекловларсиз ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш имконини беради.

Ўз навбатида, иш берувчилар вақтинча ёки доимий пропискаси бўлмаган ёхуд турар жойи бўйича ҳисобдан ўтмаган фуқароларни ишга олганликлари учун жавобгарликдан озод этилади. 

Давлат дастури 5 бўлимдан иборат. Давлат дастури доирасида 37 та қонун (Сайлов кодекси, "Давлат хизмати тўғрисида", "Шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш тўғрисида", "Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида", "Фан тўғрисида", "Инновацион фаолият тўғрисида"ги ва бошқалар)ни ишлаб чиқиш, 142 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилиш ҳамда турли соҳаларни қамраб оладиган 52 та амалий чора-тадбирларни амалга ошириш кўзда тутилган. 

Давлат дастурининг биринчи бўлими давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштиришга бағишланган. 

"Давлат хизмати тўғрисида"ги қонуннинг қабул қилиниши бу борадаги муҳим қадам бўлади. Ушбу ҳужжат, аввало, давлат идораларида хизматни ҳақиқатдан нуфузли фаолиятга айлантиради, давлат хизматчиларининг меҳнат ҳақи ва ижтимоий ҳимояси учун муносиб тизим шакллантиради, юклатилган вазифаларнинг сифатли ижроси учун давлат хизматчиларининг жавобгарлигини оширади. Эндиликда ҳар бир давлат хизматчиси эгаллаб турган лавозимга муносиб эканини ҳар куни исботлаши шарт. 

Фуқароларнинг давлатни бошқаришда иштирок этишга бўлган ҳуқуқини рўёбга чиқаришнинг янги механизми сифатида электрон жамоавий мурожаат қилиш – петиция йўллаш тизими жорий қилинади. Ушбу тизим фуқароларга давлат ҳокимиятининг вакиллик органларига аниқ саволлар қўйиш имконини беради, ушбу органлар эса фуқароларнинг маълум сони томонидан маъқулланган мурожаатлар юзасидан чора кўриши шарт бўлади. 

Давлат дастурининг навбатдаги муҳим йўналиши қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишдир. 

2018-2021 йилларда жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилигини такомиллаштириш бўйича концепцияни ишлаб чиқиш, шахсни жиноий жавобгарликка тортиш муддатларини қайта кўриб чиқиш режалаштирилган. Жиноий ва маъмурий жавобгарликни либераллаштириш, процессуал нормаларни такомиллаштириш кўзда тутилган. 

Дастлабки тергов устидан суд назоратини кучайтириш учун тинтув ва телефон сўзлашувларини эшитишга санкция бериш ваколати судга ўтказилади. 

Инсон ҳуқуқлари бузилишининг олдини олиш мақсадида тергов изоляторлари ва жазони ижро этиш муассасалари видеокузатув воситалари билан жиҳозланади. 

Ички ишлар органлари йўл-патруль ва патруль-пост хизматларини улар фуқаролар билан муомала қилаётганда фойдаланиладиган видео-фиксаторлар билан таъминлаш кўзда тутилган бўлиб, бу нафақат фуқаролар томонидан ҳуқуқбузарликлар содир этилиши, балки тинчлигимиз посбонлари томонидан ўз вазифасини суиистеъмол қилиши ҳолатларининг ҳам олдини олишга хизмат қилади. 

Давлат дастурида прописка ва паспорт тизимини соддалаштиришга доир чора-тадбирлар ҳам кўзда тутилган. Хусусан, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий пропискаси бўлмаган фуқаролар иккиламчи бозорда кўчмас мулк харид қилиш имкониятига эга бўлади. 

Давлат дастурининг учинчи йўналиши иқтисодиётни ривожлантириш ва фаол тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга бағишланган. 

Иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштириш соҳасида илғор ғоялар, "смарт" технологиялар ва ноу-хауларга асосланган инновацион тараққиётнинг янги моделига босқичма-босқич ўтиш кўзда тутилмоқда. 

Венчур фондлар, венчур молиялаштиришни ташкил этиш ва ривожлантириш учун ҳуқуқий асослар, шунингдек, иқтисодиётга инновациялар ва янги технологиялар жорий этишни рағбатлантирувчи механизмлар ишлаб чиқилади. 

2023 йилнинг 1 январига қадар венчур фондлар, юқори технологик стартап-лойиҳалар, илмий-тадқиқот муассасалари, инновация марказлари ва лойиҳа-конструкторлик бюроларига ўзларининг янги технологияларини тадбиркорларга сотиш (фойдаланиш учун тақдим этиш)дан тушган даромадлари бўйича солиқ имтиёзлари тақдим этилади. 

Ер участкалари беришда шаффофлик ва қонунийликни таъминлаш мақсадида интернет тармоғида электрон савдолар ўтказишни жорий қилиш режалаштирилган. Давлат активларини электрон савдо майдонлари орқали сотиш тизимини яратиш кўзда тутилмоқда. 

Банклар ва банк фаолиятига доир қонунчилик тубдан қайта кўриб чиқилиб, соҳада "рақамли банкинг", "интернет-банкинг" ва бошқа замонавий технологиялар татбиқ этилади. 

Давлат дастурининг кейинги бўлими ижтимоий соҳани ривожлантиришга бағишланган. 

Аҳолининг муносиб ҳаёт кечириши учун зарур бўлган даромадларни аниқлаш бўйича “истеъмол саватчаси”га оид муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш назарда тутилган. Ҳудудлар кесимида "истеъмол саватчаси"ни ҳисобга олган ҳолда иш ҳақи, пенсия ва бошқа ижтимоий тўловлар миқдорини белгилаш тизимига босқичма-босқич ўтиш мўлжалланмоқда. 

Тиббий ёрдам тизимини янада такомиллаштириш ва тиббий хизмат сифатини ошириш бўйича ишлар изчил давом эттирилади. Соғлиқни сақлаш соҳасига "ақлли тиббиёт" тизими, инновацион технологияларни жорий қилиш кўзда тутилмоқда. 

Аҳолини арзон нархлардаги сифатли дори воситалари билан таъминлайдиган 2 мингта ижтимоий дорихона ташкил этиш режалаштирилган. 

Аҳоли, айниқса, ёш оилаларнинг арзон уй-жойга бўлган эҳтиёжини таъминлаш мақсадида 2018 йилда бундай уйларни қуриш ҳажми 1,5-2 баробар оширилади. Бу мақсадлар учун 5 триллион 286 миллиард сўм маблағ йўналтирилади. 

Аҳолини телекоммуникация хизматлари билан тўлиқ қамраб олиш учун чекка ҳудудларда 2000 километр оптик толали алоқа линиялари тортиш, интернет тезлигини 2,5 баробар ошириш ва 4 мингдан зиёд мобиль алоқа таянч станцияларини ишга тушириш кўзда тутилмоқда. 

Давлат дастурининг бешинчи йўналиши – хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, вазмин, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсат юритиш. 

Хусусан, хорижда яшаётган ва ишлаётган юртдошларимиз билан ҳамкорлик қилиш бўйича давлат сиёсати концепцияси ишлаб чиқилади ва қабул қилинади. 

Экстремистик ғоялар таъсирига тушиб қолган фуқароларни ижтимоий реабилитация қилиш, бундай фуқароларни соғлом муҳитга қайтариш тизимини такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш режалаштирилмоқда. 

Диний маърифат тизими қайта кўриб чиқилиб, бу борада аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида олиб борилаётган ишлар самарадорлиги ва таъсирчанлиги кучайтирилади. 

Мухтасар айтганда, Давлат дастурида кўзда тутилган чора-тадбирларни амалга оширишга 11 239,2 млрд. сўм сўм ва 1 284,9 миллиард АҚШ доллари йўналтирилади. 

Давлат дастурида кўзда тутилган чора-тадбирларни амалга ошириш мамлакатимизнинг барқарор иқтисодий ривожланишини таъминлаш, аҳоли фаровонлигини амалда юксалтириш ва фуқароларнинг ҳаёт сифатини яхшилашда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилади.