“ҲАРАКАТЛАР СТРАТЕГИЯСИ ВА КУЧЛИ ИЖТИМОИЙ СИЁСАТ: ХАЛҚАРО АМАЛИЁТ ВА ЎЗБЕКИСТОН ТАЖРИБАСИ” ХАЛҚАРО КОНФЕРЕНЦИЯСИ ЮЗАСИДАН
27.04.2018 | Ko`rilgan: 810

2018 йилнинг 25 апрель куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси ташаббуси билан “Ҳаракатлар стратегияси ва кучли ижтимоий сиёсат: халқаро амалиёт ва Ўзбекистон тажрибаси” мавзуидаги халқаро конференцияси бўлиб ўтди.

Тадбир 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан ижтимоий соҳани ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишлар ва эришилган натижалар тўғрисида дунё жамоатчилигига ахборот бериш мақсадида ташкил этилди. Шунингдек, халқаро конференция иши давомида давлат органлари, касаба уюшмалари, Савдо-саноат палатаси, фуқаролик жамияти бошқа институтларининг аҳолини ижтимоий муҳофаза этиш борасидаги ҳамкорлиги ва шериклиги истиқболлари каби қатор долзарб масалалар муҳокама қилинди.

Тадбирда Халқаро Меҳнат ташкилоти, Халқаро касаба уюшмалари конфедерацияси, Халқаро касаба уюшмалари конфедерацияси Умумевропа минтақавий кенгаши, Халқаро иш берувчилар ташкилоти раҳбарлари, 30 дан ортиқ мамлакатлардан келган халқаро экспертлар ҳамда йирик олимлар, Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар вакиллари, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Россия, Афғонистон, Албания, Озарбайжон, Беларусь, Болгария, Хитой, Эстония, Грузия, Италия, Латвия, Литва, Малайзия, Молдова, Непал, Сербия, Туркия, Замбия каби давлатлар касаба уюшма марказлари, шунингдек, мамлакатимиз парламенти аъзолари, суд ҳамда ҳуқуқ-тартибот органлари, вазирлик ва идоралар, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази директори А. Бурханов сўзга чиқиб, ўтган йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёев ташаббуси билан 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг қабул қилинганлиги, унинг биринчи босқичида асосий эътибор фуқаролар билан доимий ва яқин мулоқотнинг таъсирчан механизмларининг ишлаб чиқилганлиги ҳақида маълумот берди.

Жумладан, маъруза давомида 2017 йилда давлат раҳбари томонидан берилган топшириқ ва кўрсатмалардан натижасида, биргина  соғлиқни сақлаш соҳасини янада ривожлантириш, тиббий хизматлар кўлами ва сифатини оширишга қаратилган 30 га яқин фармон ва қарорлар қабул қилингани ёки шаҳарларда янги, замонавий кўп қаватли уйлар қуриш дастури қабул қилиниб, унга кўра шаҳарларда юзлаб беш ва етти қаватли уйлар фойдаланишга топширилгани таъкидланди. Шунингдек, "Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили" Давлат дастури доирасида назарда тутилган вазифалар билан меҳмонларни таништирди.    

Конференция иши 4 та секцияда давом этиб, уларда аҳолининг реал даромадлари ҳамда бандлик даражасини ошириш, ижтимоий ҳимояси ва соғлиғи муҳофазаси бўйича давлат тизимини такомиллаштириш, хотин-қизлар ижтимоий-сиёсий фаоллигини кучайтириш, арзон уй-жойлар қуриш, йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация, ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш ҳамда модернизациялаш бўйича мақсадли дастурларнинг бажарилиши ва таълим ҳамда ёшларга оид давлат сиёсати: миллий, хорижий ва халқаро тажриба масалалари таҳлил қилиниб, ўзаро фикр алмашилди. Муҳокамалар жараёнида шунингдек, мазкур йўналишлардаги ҳорижий ва халқаро тажриба ҳам ўрганилди. Иштирокчилар томонидан Тошкент Халқаро конференцияси Резолюцияси лойиҳасига таклифлар ишлаб чиқилди.