ЎЗБЕКИСТОН ДЕЛЕГАЦИЯСИ ФУҚАРОЛИК ЖАМИЯТИ ИНСТИТУТЛАРИ ТИЗИМИДА ТАЖРИБА АЛМАШИШ МАҚСАДИДА БИШКЕК ШАҲРИГА ТАШРИФ БУЮРДИ
27.04.2018 | Ko`rilgan: 474

Шу йилнинг 24-26 апрель кунлари “Тараққиёт стратегияси” маркази, ЎзННТМА ҳамда Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти мутахассисларидан иборат Ўзбекистон делегацияси Бишкек шаҳрига ташриф буюрди. Ташриф Халқаро нотижорат ҳуқуқ Маркази (ICNL) кўмагида амалга оширилиб, давлат ва жамият бошқарувида жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг таъсирчан ва амалий механизмлари масалаларига эътибор қаратилди.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга тақдим этган Мурожаатномасида давлат органлари фаолияти устидан самарали жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг аниқ ҳуқуқий механизмларини йўлга қўйиш, нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан давлат органлари ва мансабдор шахслар фаолиятини холисона баҳолаш механизмларини ишлаб чиқиш вазифаси белгиланган эди. Жумладан, “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонунни қабул қилиш зарурлиги, шунингдек, барча давлат органлари қошида жамоатчилик кенгашлари ташкил этиш таклиф этилган эди.

Шу муносабат билан ташкил этилган икки кунлик ташриф давомида делегация аъзолари Қирғистон Республикасида мазкур йўналишда амалга оширилган ишлар, унинг ҳуқуқий асослари ҳамда бугунги кунда фаолият юритаётган жамоатчилик кенгашлари билан бевосита танишдилар. Меҳнат ва ижтимоий ривожланиш вазирлигида нодавлат нотижорат ташкилотларни қўллаб-қувватлаш мақсадида тақдим этилаётган ижтимоий буюртмалар ва бунинг натижасида фуқароларнинг ижтимоий ҳаётини яхшилаш бўйича эришилган натижалар ҳақида маълумот берилди.

Ташриф давомида, делегация аъзолари Қирғизистон Республикаси Жўқорғи Кенеши қўмита раиси Наталья Никитенко бошчилигидаги депутатлар билан учрашиб, “Давлат идоралари жамоатлик кенгашлари тўғрсида”ги қонунга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар ҳамда “Давлат идораларининг жамоатчилик кенгашлари тўғрисида”ги қонунлар ҳақида маълумотга эга бўлдилар. Шунингдек, Қирғистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузурида ташкил этилган жамоатчилик кенгаши аъзолари билан учрашиб, ютуқ ва камчиликлар, уларнинг иш фаолияти билан яқиндан танишдилар.