ЎЗБЕКИСТОНЛИК МУТАХАССИСЛАР ХИТОЙНИНГ ЕТАКЧИ ИННОВАЦИОН ТЕХНОЛОГИЯЛАРИ БИЛАН ТАНИШМОҚДАЛАР
06.05.2018 | Ko`rilgan: 317

Шу кунларда Ўзбекистон делегациясининг Хитой Халқ Республикасининг Чанша ва Шеньжэнь шаҳарларига расмий ташрифи бўлиб ўтмоқда.

Ташриф «Тараққиёт стратегияси» маркази ва “Huawei” компаниясининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда уюштирилиб, унда Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси вакиллари иштирок этмоқда.

Ташриф давомида делегация аъзолари Индустриал ривожланиш марказида бўлишиб, жамият ҳаётининг деярли барча соҳаларида ўзининг инновацион ишланмаларини муваффақиятли тадбиқ этиб келаётган «Wasion» компанияси фаолияти билан танишдилар. Жумладан, ўзбекистонлик мутахассисларга замонавий иншоатлар қурилишида эришилган ютуқлар намойиш этилди. Шунингдек, сув ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида компания томонидан тадбиқ этилган янгиликлар, уларнинг қўлланилиш йўналишлари, ўсимликларнинг хосилдорлигини ошириш бўйича олиб борилаётган лойиҳалар ҳақида маълумот берилди.

Меҳмонлар, шунингдек, Хунань провинциясининг электр энергия таъминоти тизимини бошқариш бўйича етакчи маркази Хунань метрология институти фаолиятини ўргандилар. Автоматлаштирилган электр энергия таъминоти, энергия тежамкорлиги, илмий тадқиқотлар лабораторияси каби бўлимлари намойиш этилди. Шунингдек, учрашув давомида электр ҳисоблагичларини ишлаб чиқариш ва сертификатциядан ўтказиш корхонаси фаолияти яқиндан ўрганилди.

Дастлабки учрашувлар якунларига кўра, “Wasion” компанияси вакиллари Ўзбекистондаги ривожланишлардан яхши хабардор эканликларини билдириб, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан илгари сурилаётган янги ғоялар ва белгиланаётган вазифаларни диққат билан кузатаётганликларини билдирдилар. Шунингдек, турли соҳаларда бўлаётган ўзгаришлар тез орада ўз натижасини беришига ишонч билдирдилар.

Шу муносабат билан, компания вакиллари умумий фаолият йўналишларида доирасидаги қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқишга тайёрлигини айтиб ўтдилар.

Делегация аъзоларининг Хитой Халқ Республикасига расмий ташрифи давом этади.