«МЕҲНАТ ҲУҚУҚЛАРИНИ ХОЛИС ЁРИТИШ» МАВЗУСИДАГИ ЭНГ ЯХШИ ЖУРНАЛИСТИК ИШЛАР ТАНЛОВИГА АРИЗАЛАР ҚАБУЛИ БОШЛАНДИ
30.06.2018 | Ko`rilgan: 273

“Тараққиёт стратегияси” Маркази, Халқаро Меҳнат ташкилотининг (ХМТ) Учинчи томон мониторинги лойиҳаси, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳамкорликда «Меҳнат ҳуқуқларини холис ёритиш» мавзусида энг яхши журналистик ишлар танловига аризалар қабули бошлаганини маълум қилади.

Танлов Ўзбекистонда фаолият юритувчи журналистлар ўртасида меҳнат ҳуқуқлари ҳимояси йўналишида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда мажбурий меҳнатни олдини олишга қаратилган саъй-ҳаракатларга бағишланган энг яхши мақолалар муаллифларини аниқлаш ҳамда кўллаб-қувватлаш мақсадида ўтказилмоқда. Шунингдек, журналистларнинг меҳнат ҳуқуқлари мавзусини ёритишда фаоллиги ошириш ҳамда аҳолининг ушбу масала юзасидан янада хабардор этишга қаратилган.

Танлов қуйидаги йўналишлар бўйича ўтказилади:

  • Энг яхши таҳлилий материал (телевидение, радио, босма ва электрон ОАВ);
  • Энг яхши журналистик суриштирув (телевидение, радио, босма ва электрон ОАВ);
  • Энг фаол журналист (телевидение, радио, босма ва электрон ОАВ).

Танловда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолият юритувчи ОАВларининг штатдаги ёки штатдан ташқари журналистлари иштирок этишлари мумкин. Тақдим этиладиган материаллар 2017 йил 1 ноябридан 2018 йилнинг 1 ноябрига қадар босма ва электрон ОАВ ёки маҳаллий телевидение ва радиоканалларда эфирга узатилган бўлиши зарур.  Аризалар 2018 йилнинг 15 ноябрига қадар қабул қилинади.

Иштирокчилар қуйидаги маълумотларни тақдим этишлари зарур:

  • фамилия, исми ва отасининг исми;
  • ОАВ номи;
  • қўл ва иш телефонлари;
  • электрон манзил;
  • мақола чоп этилган сайтга ҳавола ёки маколанинг сканер нусхаси, аудио ва видео материаллар;
  • материал чоп этилган (ёки эфирга узатилган) вақт.

Барча ишлар қуйидаги электрон манзилга юборилиши шарт: mehnat.huquqi@gmail.com

Ҳайъат аъзолари:

  • “Тараққиёт стратегияси” маркази вакили;
  • Ўзбекистон бандлик ва мехнат муносабатлари вазирлиги вакили;
  • Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси вакили;
  • Халқаро меҳнат ташкилоти вакили;
  • мустақил экспертлар (маҳаллий ва хорижий).

Танловга юборилган ишларни саралаш:

  • мутаносиблик (материалда турли нуқтаи назарларни акс эттириш);
  • ишончлилик, статистик маълумотлардан фойдаланиш;
  • материалда мультимедиа элементларининг мавжудлиги (подкастлар, видео, графика);
  • этика ва луғавий меъёрлар (сўзларни лексик маъносига мос равишда ва услубий жиҳатларни ҳисобга олган ҳолда қўллаш қоидалари ва уларнинг стилистик бўёғи);
  • материални тақдим этиш услуби, унинг жозибадорлиги, мақсадли аудитория томонидан кўп ўқилиши.

Ҳар бир йўналиш бўйича ғолиблар ҳайъат аъзолари томонидан 2018 йилнинг 20 ноябридан 30 ноябри қадар танлаб олинади. Улар диплом ва қимматбаҳо совғалар билан такдирладилар. Натижаларни эълон қилиш ва ғолибларни тақдирлаш маросими 2018 йилнинг декабрида бўлиб ўтади.