ЖАМОАТЧИЛИК ФИКРИ СЎРОВИДА ИШТИРОК ЭТИНГ!
13.10.2018 | Ko`rilgan: 501

“Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастури доирасида жорий йилда жамият ҳаётининг турли соҳаларида амалга оширилган ишларнинг дастлабки якунларини сарҳисоб қилиш ҳамда 2019 йил учун ислоҳотларнинг асосий йўналишларни белгилаб олиш мақсадида фуқаролар ўртасида жамоатчилик фикри сўрови ўтказилмоқда.

Сўровнома, энг аввало, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг бажарилиши, ислоҳотларнинг жойлардаги ҳолатини чуқур таҳлил қилиш, йўл қўйилган камчиликларни аниқлаш, фуқароларнинг амалга оширилаётган ишлардан қониқиш даражасини ўрганиш ҳамда келгуси йил учун фикр ва таклифларни олишга хизмат қилиши назарда тутилган.

Ушбу вазифаларни самарали бажариш ҳамда фуқароларга қўшимча қулайлик яратиш мақсадида “Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан 2019.strategy.uz веб-сайти ишга туширилди ҳамда ушбу сайт орқали сўровномани ўзбек ва рус тилларида онлайн тўлдириш имкони яратилди. Шунингдек, махсус тарғибот гуруҳлари орқали Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва барча вилоятларда аҳолининг кенг қатламлари, жумладан, ёшлар, давлат хизматчилари, жамоат ташкилоти вакиллари, тадбиркорлар, пенсионерлар ўртасида ҳам бевосита жамоатчилик фикри сўрови ўтказилади.

Фуқаролар сўровда иштирок этиш орқали 2018 йил давомида давлат ва жамият бошқаруви, суд-ҳуқуқ, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳаларни ривожлантириш, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузини ошириш, хавфсизлик, миллатлараро тотувликни таъминлаш каби йўналишларда қабул қилинган чора-тадбирлар натижаларга холис баҳо берадилар. Жумладан, оммавий ахборот воситалари фаолиятидаги ўзгаришлар, давлат идораларининг халқ билан мулоқот қилиш ҳолати, коррупцияга қарши курашиш борасида олиб борилаётган ишлар, ички ва магистрал йўлларнинг қурилиши ва таъмирланиши, арзон уй-жойлар қурилиши, олий ва умумий таълим, соғлиқни сақлаш каби турли соҳаларда амалга оширилган ишлар таҳлил қилинади.

Аҳамиятлиси, бу йилги сўровномада хорижда истиқомат қилувчи ўзбекистонликлар учун ҳам қўшимча банд киритилган бўлиб, бу чет элдаги ватандошларнинг ҳам юртимиздаги сиёсий ва иқтисодий жараёнлар юзасидан фикр ва таклифларини инобатга олиш ҳамда уларни алоҳида таҳлил қилишга хизмат қилади.

Сўров якунларига кўра, барча маълумотлар “Тараққиёт стратегияси” маркази экспертлари томонидан умумлаштирилади, таҳлил қилинади ва натижалар ОАВ ёрдамида кенг жамоатчиликка етказилади. Шунингдек, 2019 йил учун фуқаролардан келиб тушган барча фикр ва таклифлар умумлаштирилиб, келгуси йил Давлат дастури лойиҳасига киритиш учун Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш бўйича Миллий комиссияга тақдим этилади.

Жамоатчилик фикри сўрови 2018 йилнинг 5 ноябрига қадар давом этади.