НАВОИЙ ВА БУХОРО ВИЛОЯТЛАРИДА ДАВЛАТ ДАСТУРИ ИЖРОСИНИНГ 9 ОЙ ЯКУНЛАРИ БАҒИШЛАНГАН УЧРАШУВЛАР БЎЛИБ ЎТДИ
17.10.2018 | Ko`rilgan: 190

2018 йилнинг 15-16 октябрь кунлари Навоий ва Бухоро вилоятларида “Тараққиёт стратегияси” маркази, Республика маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ҳамда Германиянинг Конрад Аденауэр фондининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан қатор тадбирлар ташкил этилди.

Ташриф давомида “Тараққиёт стратегияси” маркази мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳ жойларда “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастурида белгиланган вазифаларнинг ижроси билан танишдилар. Хусусан, “Навоий” эркин иқтисодий зона фаолияти, инвестицион муҳитни яхшилаш бўйича яратилаётган шароитлар, мавжуд муаммолар яқиндан ўрганилди.

Навоий ва Бухоро шаҳарларида ёшлар ва хотин-қизлар масалалари бўйича ҳокимлик мутахассислари, сиёсий партия аъзолари ҳамда маҳаллий депутатлар иштирокида Ҳаракатлар стратегиясининг амалга оширилишига бағишланган “давра суҳбати” бўлиб ўтди. Тадбирда марказ вакиллари фуқароларга 2018 йил Давлат дастурининг 9 ойлик натижалари ҳақида маълумот бердилар.

Ишчи гуруҳ томонидан, шунингдек, Давлат дастурида белгиланган вазифалар асосида жойларда жамоатчилик мониторинги тадбирлари амалга оширилди. У ерда фуқаролар билан бевосита учрашувлар ўтказилиб, бугунги кунда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳудудлардаги ижросидан қониқиш даражаси, уларнинг фикр ва таклифлари ўрганилди. Хусусан, иштирокчилар Марказ томонидан 2018 йилда жамият ҳаётининг турли соҳаларида амалга оширилган ишларнинг дастлабки якунларини сарҳисоб қилиш ҳамда 2019 йил учун ислоҳотларнинг асосий йўналишларни белгилаб олиш мақсадида ижтимоий сўров ўтказилди.