“ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ” МАРКАЗИДА ШИМОЛИЙ ИРЛАНДИЯ АССАМБЛЕЯСИ ВАКИЛЛАРИ БИЛАН УЧРАШУВ БЎЛИБ ЎТДИ
18.10.2018 | Ko`rilgan: 186

2018 йилнинг 17 октябрь куни Шимолий Ирландия Ассамблеясининг собиқ ижрочи директори Тревор Риней,  Ассамблеянинг катта илмий ходими Даниэл Халл ҳамда Ўзбекистондаги Вестминстер демократия фонди директори Наргиза Абдукаримова таркибидаги делегация “Тараққиёт стратегияси” маркази директори Акмал Бурханов билан учрашди.

Томонлар мулоқот давомида Ўзбекистонда қабул қилинган Ҳаракатлар стратегияси ҳамда уни амалга оширишга оид Давлат дастурларининг натижалари, хусусан давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш доирасида Парламент ва депутатларнинг ролини оширишга қаратилган қатор ислоҳотлар хусусида фикр алмашдилар.

Акмал Бурханов меҳмонларга, шунингдек “Тараққиёт стратегияси” марказининг мақсади ва вазифалари, фаолиятининг асосий йўналишлари ҳақида маълумот берди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси билан ҳамкорликдаги лойиҳалар, Марказ базасида мунтазам равишда қонун лойиҳалари юзасидан ташкил этилаётган жамоатчилик муҳокамалари ҳақида маълумот берди.

Ўз навбатида, Шимолий Ирландия Ассамблеяси вакиллари Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларга катта қизиқиш билдираётганликларини ҳамда ижобий ўзгаришларни қўллаб-қувватлашларини алоҳида қайд этдилар.

Учрашув якунларига кўра, томонлар ҳамкорлик алоқаларини келгусида ҳам давом эттиришга келишиб олдилар.