ГЕРМАНИЯНИНГ БЕРГЕН ШАҲРИДА МАРКАЗИЙ ОСИЁ ДАВЛАТЛАРИ ЭКСПЕРТЛАРИ ИШТИРОКИДА АНЖУМАН БЎЛИБ ЎТДИ
25.10.2018 | Ko`rilgan: 147

“Тараққиёт стратегияси” маркази вакили 2018 йилнинг 22-24 октябрь кунлари Германиянинг Берген шаҳрида Марказий Осиёда экологик ҳолат шароитида иқтисодий ва сиёсий хавфсизлик масалалари муҳокамасига бағишланган анжуманда иштирок этиб қайтди.

Германиянинг Берген шаҳридаги Вильм қўриқхонасида  Марказий Осиё давлатлари вакиллари, тегишли вазирлик ва идоралар мутахассислари ва соҳа экспертлари иштирокида Марказий Осиёда экологик ҳолат шароитида иқтисодий ва сиёсий хавфсизлик масалалари муҳокамасига бағишланган анжуман ташкил этилди.

Тадбир аввалида Конрад Аденауэр жамғармасининг Марказий Осиёдаги ваколатхонаси раҳбари доктор Томас Кунце ҳамда Германиянинг Табиатни муҳофаза қилиш халқаро академияси раҳбари Торстен Хардерлар сўзга чиқиб, иштирокчиларни эътиборини бугунги кунда Марказий Осиё мамлакатлари олдида турган долзарб экологик чақирувлар ҳамда табиат ресурсларидан оқилона фойдаланишга қаратдилар.

Анжуман давомида иштирокчилар ҳудуддаги долзарб экологик масалалар, хусусан Орол муаммоси, Роғун ИЭС қурилиши, табиий ресурсларни бошқариш, бу борада умумий стратегияни ишлаб чиқилиши каби мавзуларни муҳокама қилдилар.

Муҳокамаларда “Тараққиёт стратегияси” маркази директори ўринбосари Бобур Бекмуродов иштирок этиб, Марказий Осиё муаммоларини ҳал килишда Ўзбекистоннинг янгича фаол роли мавзусида маъруза қилди. Марказ вакили, хусусан Ўзбекистонда қабул қилинган Ҳаракатлар стратегиясининг Хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш ҳамда чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсатни амалга ошириш йўналиши доирасида бугунги кунда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида маълумот берди.