ЖАҲОН БАНКИ ГУРУҲИ ПРЕЗИДЕНТИ ЖИМ ЁНГ КИМ ЎЗБЕКИСТОНДАГИ ЎЗГАРИШЛАРГА ЮҚОРИ БАҲОЛАБ, КЕЛГУСИ ҲАМКОРЛИККА ТАЙЁРЛИГИНИ БИЛДИРДИ
04.11.2018 | Ko`rilgan: 136

Аввал хабар берганимиздек, «Тараққиёт стратегияси» маркази директори Акмал Бурханов жорий йилнинг 1-2 ноябрь кунлари Пекин шаҳрида ошкоралик, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ҳамда дунёда қашшоқликни қисқартириш масалаларига бағишланган халқаро анжуманда иштирок этди.

Халқаро форум ишида қашшоқликни қисқартириш ва барқарор тараққиёт мақсадлари масалалари бўйича ўзаро ҳамкорлик муҳокама қилинди. Бундан ташқари, мазкур муаммоларни бартараф этиш бўйича Хитой томонидан ишлаб чиқилган концепция, шунингдек қашшоқликни қисқартириш бўйича дунёнинг илғор инновацион амалиёти, глобал молия институтларининг роли ва улуши масалалари муҳокамаси ҳам бўлиб ўтди.

Форум доирасида Акмал Бурҳонов ислоҳотлар ва очиқлик сиёсати бўйича Ўзбекистон амалиёти тўғрисида маълумотлар берди. Жумладан, марказ директори ижтимоий соҳаларни ривожлантириш 2017−2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг асосий йўналишларидан эканини таъкидлади. Ҳаракатлар стратегияси доирасида амалга оширилаётган аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишни таъминлаш бўйича давлат сиёсати иштирокчиларга қадар етказилди.

Форумда ХХР раиси ва БМТ бош котиби Антониу Гутерриш номидан табрик нутқлари ўқиб эшиттирилди. Бундан ташқари, Жаҳон банки гуруҳи президенти Жим Ёнг Ким кириш нутқи билан иштирок этди.

Тадбир якунида «Тараққиёт стратегияси» маркази директори Акмал Бурханов ва Жаҳон банки гуруҳи президенти Жим Ёнг Ким ўртасида норасмий учрашув бўлиб ўтди. Суҳбат давомида жаноб Жим Ёнг Ким Ўзбекистонда бўлиб ўтаётган ўзгаришларга юқори баҳо бериб, Жаҳон банки гуруҳининг келгусидаги ҳамкорликларга тайёр эканлигини билдирди. Шунингдек, у мамлакат президенти Шавкат Мирзиёевга ўз саломлари ва илиқ тилакларини етказишни сўради.