ЎЗБЕКИСТОНДА ЭРКИН ИҚТИСОДИЙ ЗОНАЛАР ФАОЛИЯТИНИ ЯНАДА РИВОЖЛАНТИРИШГА ҚАРАТИЛГАН ТАДҚИҚОТ НАТИЖАЛАРИ ЭЪЛОН ҚИЛИНДИ
12.11.2018 | Ko`rilgan: 595

2018 йилнинг 12 ноябрь куни “Тараққиёт стратегияси” марказида “Ўзбекистондаги эркин иқтисодий зоналар самарадорлигини баҳолаш: ҳуқуқий, инвестицион, иқтисодий, ижтимоий ва экологик жиҳатлари” мавзусида “давра суҳбати” бўлиб ўтди. Тадбирда мутасадди вазирлик ва идоралар мутахассислари, экспертлар, халқаро ташкилот вакиллари иштирок этиб, жорий йилнинг сентябрь ва октябрь ойлари давомида юртимиздаги эркин иқтисодий зоналар фаолиятини янада ривожлантиришга қаратилган тадқиқот натижалари эълон қилинди.

Маълумки, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида вилоят, туман ва шаҳарларни комплекс ва мутаносиб ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, уларнинг мавжуд салоҳиятидан самарали ва оптимал фойдаланиш каби қатор вазифалар белгиланган. Хусусан, фаолият кўрсатаётган эркин иқтисодий зоналар, технопарклар ва кичик саноат зоналари самарадорлигини ошириш, янгиларини ташкил этиш режалаштирилган.

Шу муносабат билан, “Тараққиёт стратегияси” маркази Швейцариянинг “PeaceNexus” халқаро жамғармаси билан ҳамкорликда эркин иқтисодий зоналар фаолиятини янада ривожлантиришга қаратилган “Ўзбекистон Республикасида эркин иқтисодий зоналарнинг самарали фаолият юритиши ҳамда уларга қулай шароитлар яратиш” лойиҳасини амалга оширди. Унда етакчи халқаро ва маҳаллий экспертлар жалб этилди.

Лойиҳа доирасида жорий йилнинг сентябрь ва октябрь ойлари давомида юртимиздаги қатор эркин иқтисодий зоналар фаолияти, улар орқали ҳудуддаги ижтимоий-иқтисодий ва экологик ҳолатни яхшилаш имкониятлари ҳамда мавжуд муаммолар ўрганилди.

Жумладан, мутахассислар “Навоий” ва “Ангрен” ЭИЗларига ташриф буюриб, жойларда тадқиқотлар олиб борилди. У ерда ЭИЗ фаолияти, инвестицион муҳитни яхшилаш бўйича яратилаётган шароитлар билан яқиндан танишдилар. Инвесторлар, дирекция вакиллари, корхона ходимлари, маҳаллий тадбиркорларнинг фикрлари, мавжуд муаммоларни ҳал этишга қаратилган таклифлари ўрганилди.

Тадқиқотлар фаолиятнинг норматив-ҳуқуқий асослари ва ЭИЗларнинг инвестицион жозибадорлиги, солиқ сиёсати, божхона маъмуриятчилиги, ЭИЗларнинг атроф-муҳитга ва ижтимоий-иқтисодий таъсири каби беш йўналишда олиб борилди.

Ўтказилган “давра суҳбати” ишида “PeaceNexus” жамғармасининг Марказий Осиё бўйича маслаҳатчиси, Германиянинг “RolandBerger” консалтинг команияси мутахассиси, Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт вазирлиги, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси вакиллари ҳамда тадқиқот олиб борган бошқа экспертлар иштирок этдилар ҳамда ўтказилган тадқиқот натижалари эълон қилинди.

"Давра суҳбати" якунларига кўра тадқиқот натижалари бўйича ишлаб чиқилган таклифлар 2019 йил Давлат дастури лойиҳасига киритиш учун тақдим этишга келишиб олинди.