ЎЗБЕКИСТОНДА МУЛК ҲУҚУҚИНИ ҲИМОЯЛАШ БЎЙИЧА АМАЛГА ОШИРИЛАЁТГАН ЧОРА-ТАДБИРЛАР НАТИЖАЛАРИ МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ
05.12.2018 | Ko`rilgan: 130

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти ва “Тараққиёт стратегияси” маркази билан ҳамкорликда “Мулк ҳуқуқини ҳимоялашнинг долзарб муаммолари: халқаро стандартлар ва миллий тажриба” мавзусидаги давра суҳбати бўлиб ўтди.  

Унда бугунги кунда мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида мулкдорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг долзарб масалалари муҳокома қилинди. Хусусан, мулк ҳуқуқини кафолатли ҳимоясини таъминлаш - ҳуқуқнинг энг мураккаб ва бир вақтнинг ўзида муҳим институтларидан бири эканлиги таъкидланди.

Тадбирда мулкдор ҳуқуқларининг ҳимояланган даражаси қанчалик юқори бўлса мамлакатни инвестициявий жозибадорлиги шу қадар юқори бўлиши, иқтисодиётда пул айланиши тезлашиши, субъектларда мулкдорлик ҳисси ортиши, манфаатдорлик кучайиши, ялпи ички маҳсулот ҳажми  ошиш ва бошқалар муҳокама қилинди.

Бундан ташқари, давра суҳбати давомида мулкдорлар ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилишнинг халқаро стандартлари ва бу борада миллий қонунчиликни такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди. Халқаро ҳуқуқда мулк ҳуқуқини ҳимояланганлик индекслари, бошқача айтганда мезонларини мамлакатимизда  жорий этиш борасида амалга оширилиши лозим бўлган қатор чора-тадбирлар комплекси ишлаб чиқилиши зарурати олимлар, амалиётчилар ва давра суҳбатининг қатор иштирокчилари томонидан асослантирилди.

Етакчи давлат илмий-тадқиқот эксперт муассасаси ҳисобланган ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти томонидан мазкур сохадаги хорижий тажриба ўрганилди, натижалари бўйича ишлаб чиқилган  таклифлар ва тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокама қилинди.

Тадбирда вазирлик ва идоралар, илмий муассасалар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.