]
САРҲИСОБ ВА ТАКЛИФЛАР: 6000 НАФАРДАН ЗИЁД ФУҚАРОЛАР ҲАРАКАТЛАР СТРАТЕГИЯСИНИНГ АМАЛГА ОШИРИЛИШИНИ БАҲОЛАДИЛАР
26.10.2017 | Ko`rilgan: 623

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 15 августдаги “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини келгусида амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармойишида
“Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш якунларини тизимли таҳлил қилиш вазифаси белгиланган эди.

Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш натижалари ҳақида аҳоли ва жамоатчиликни кенг хабардор қилиш, шунингдек, 2017 йилда мамлакатни ривожлантириш якунларини сарҳисоб қилиш ва 2018 йилда навбатдаги ислоҳотларни режалаштириш бўйича чора-тадбирларни ташкил этиш мақсадида шу йилнинг август-сентябрь ойлари давомида “Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан аҳоли ўртасида “Ҳаракатлар стратегияси: сарҳисоб ва истиқболдаги қадамлар жамоатчилик фикри сўрови ўтказилди. Сўровномада мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан
17 ёш ва ундан катта бўлган 6238 нафар фуқаролар иштирок этдилар.

Сўровнома корхона ва ташкилотлар, вазирлик, идоралар, олий ўқув юртлари ва маҳалла фуқаролар йиғинларида тарқатилиб, аҳолининг кенг қатламлари қамраб олинди. Бундан ташқари, www.strategy.uz веб-сайтида алоҳида саҳифа очилди ҳамда сўровномани мобил телефонлар орқали ҳам тўлдириш имконияти яратилди.

Республика Маънавият ва маърифат маркази, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди каби ташкилотлар билан ҳамкорликда ҳудудларда ҳам аҳоли таклифлари ва фикрлари ўрганилди. Шунингдек, сўровномалар юртимиздаги олий таълим муассасаларида, жумладан махсус ташкил этилган Ҳаракатлар стратегияси хоналарида қабул қилинди.

Бундан ташқари, Ҳаракатлар стратегиясини 2018 йилда амалга ошириш бўйича ишлаб чиқиладиган Давлат дастури лойиҳасига киритиш учун таклиф ва лойиҳаларни йиғиш ва умумлаштириш мақсадида “Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан бир қатор тадбирлар ўтказилди. Хусусан, давлат, нодавлат ва юртимизда фаолият юритаётган халқаро ташкилотлар вакиллари ҳамда хорижий экспертлар иштирокида 30дан ортиқ “давра суҳбатлари”, учрашув ва ОАВларида муҳокамалар ташкил этилди.

Ўтказилган жамоатчилик фикри сўрови натижалари ва билдирилган таклифларни кенг жамоатчиликка эълон қилиш мақсадида 2017 йилнинг 26 октябрь куни “Тараққиёт стратегияси” марказида ОАВ вакиллари иштирокида брифинг ташкил этилди. Унда марказ ижрочи директори Акмал Бурханов ва бошқа маъсул ходимлар сўровнинг ўтказилиш жараёни, унинг натижалари ва аҳоли томонидан билдирилган қизиқарли таклифлар ҳақида маълумот бердилар.

Ўрганишлар шуни кўрсатдики, сўровда қатнашганларнинг асосий қисми 21 ёшдан
30 ёшгача бўлган фуқаролардир. Давлат хизмати вакиллари (35,7%), жамоат ташкилотлари вакиллари (23,4%) ва тадбиркорлар (14,3%) нисбатан фаол иштирок этганлар. Умуман олганда, фуқаролар 2017 йил давомида амалга оширилаётган ислоҳотлар, айниқса ижтимоий соҳадаги ўзгаришларни ижобий баҳолаганлар. Жумладан, кам таъминланган оилалар учун арзон уй-жойларнинг қурилиши фуқаролар томонидан кўп қайд этилган.

Айтиб ўтиш жоиз, Ҳаракатлар стратегиясини 2018 йилда амалга ошириш бўйича ишлаб чиқиладиган Давлат дастури лойиҳасига киритиладиган таклифлар кенг жамоатчилик билан дастлабки муҳокама қилингандан кейин кўриб чиқилади.