]
ЎЗБЕКИСТОНДА МАЪМУРИЙ ҲУҚУҚ ВА СУД ИШИНИ ЮРИТИШ СОҲАЛАРИДАГИ ИСЛОҲОТЛАР: ЯПОНИЯ ТАЖРИБАСИ
30.10.2017 | Ko`rilgan: 404

2017 йилнинг 30 октябрь куни “Тараққиёт стратегияси” Марказида “Ўзбекистонда маъмурий ҳуқуқ ва суд ишини юритиш соҳаларидаги ислоҳотлар: Япония тажрибаси” мавзусида “давра суҳбати” бўлиб ўтди. Тадбир Япониянинг маъмурий ҳуқуқ ва суд ишини юритиш соҳаларидаги тажрибаларини ўрганиш, Ҳаракатлар стратегияси доирасида Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш учун қонунчиликка киритилган ўзгартиришларни муҳокама қилиш мақсадида ташкил этилди.

Тадбирда Ичихаши Кацуя (Япониянинг Нагоя Университети Президенти маслаҳатчиси,  ҳуқуқшунослик факультети профессори), Ясуда Рие (Япониянинг Нагоя Университети ҳуқуқшунослик факультети профессори), Ҳонда Такио (Япониянинг Рюкоку Университети ҳуқуқшунослик факультети профессори), Чен Шинмин (Тайван университети профессори) каби етакчи хорижий мутахассислар иштирок этдилар.

“Давра суҳбати”га ҳуқуқ-тартибот органлари, суд ҳокимияти органлари, вазирликлар, Давлат қўмиталари, олий ўқув юртлари раҳбарлари ва вакиллари, жумладан Олий суд, Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Одил судлов муаммоларини ўрганиш бўйича тадқиқот маркази, Судлар ассоциацияси, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, ИИВ Академияси, Ўзбекистон адвокатлар палатаси, Ўзбекистон Республикаси адлия вазирлиги қошидаги юристлар малакасини ошириш маркази, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Тошкент давлат юридик университети ва бошқалар.

Ҳаракатлар стратегияси доирасида суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилган ислоҳотлар, кодификациялаш ва унинг Осиё мамлакатларида ўтиш даврида маъмурий ҳуқуқга таъсири, Япониянинг маъмурий суд ишини юритишдаги юридик шарҳлаш, Ўзбекистонда маъмурий суд ишларини юритишнинг ўзига хослиги ва Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларни янада такомиллаштиришга қаратилган лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш учун келажакдаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Эслатиб ўтамиз, мазкур тадбирни ўтказиш шу йилнинг июль ойида “Тараққиёт стратегияси” Маркази ва Нагоя Университети вакиллари ўртасида бўлиб ўтган музокаралар чоғида келишилган эди.