]
АДЛИЯ ВАЗИРЛИГИ ТЕЛЕГРАМДАГИ КАНАЛИДА ҚОНУНЧИЛИКДАГИ ЯНГИЛИКЛАР БИЛАН ТАНИШТИРИБ БОРАДИ
06.11.2017 | Ko`rilgan: 369

Маълумки, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолияти очиқлигини таъминлаш, фуқароларга ахборотларни тақдим этишнинг замонавий шаклларини жорий этиш белгиланган. Бугунги кунда вазирлик ва идоралар томонидан ижтимоий тармоқларда фуқароларнинг мурожаат ва саволларига ўз вақтида жавоб бериш, соҳада юз бераётган ўзгаришларни оператив етказиш бўйича сезиларли ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳуқуқий ахборотга, қонунчиликдаги янгиликларга эҳтиёжи бор, бундай янгиликлар билан доимий танишиб бориш истагида бўлган фуқаролар учун  "Телеграм" ижтимоий тармоғида «Ҳуқуқий ахборот» каналини йўлга қўйди. Каналда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепциясининг амалга оширилиши тўғрисидаги ҳамда қонунчиликдаги бошқа янгиликлар, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга шарҳлар, ҳуқуқий инфографикалар, аҳолига қизиқ бўлган ҳуқуқий масалалар бўйича маълумотлар қисқа матнларда бериб борилади.