]
“МАҲАЛЛИЙ ДАВЛАТ ҲОКИМИЯТИ ТЎҒРИСИДА”ГИ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҚОНУНИ ЛОЙИҲАСИ МУҲОКАМАСИ
08.11.2017 | Ko`rilgan: 513

Ҳаракатлар стратегиясида назарда тутилган тадбирларни амалга оширилишида хориж тажрибасини кенг жалб қилиш ва халқаро стандартларни ўрганиш бўйича “Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан халқаро ташкилотлар, ахборот-таҳлилий муассасалар билан яқин ҳамкорлик олиб бормоқда.
Ушбу йўналишда амалга оширилган навбатдаги “давра суҳбати” Латвия Республикасидан таклиф этилган халқаро экспертлар иштирокида “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳасини муҳокамасига бағишланди. Тадбир “Тараққиёт стратегияси” маркази, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт Дастури "Маҳаллий бошқарув тизимини қўллаб-қувватлаш/2 босқич” ҳамкорликдаги лойиҳаси томонидан ташкил этилди.
“Давра суҳбати” давомида Латвия атроф муҳит ҳимояси ва ҳудудий ривожланиш вазирлиги вакиллари Арнис Султс ва Евгения Бутницкалар ўз тақдимотлари билан иштирок этишиб, ўзини-ўзи бошқариш тизими, маҳаллий даражада стратегик ривожлантиришни режалаштиришнинг моҳияти каби масалалар бўйича Латвия тажрибаси ҳақида маълумот бердилар.
Амалдаги “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 1993 йил 2 сентябрда қабул қилинган бўлиб, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятида юзага келадиган долзарб муаммоларни ҳал қилишда ижобий роль ўйнади. Шу билан бирга, ушбу қонун қабул қилингандан даврдан, яъни 24 йилдан ортиқ вақт давомида марказий ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг ҳам норматив-ҳуқуқий ҳам ташкилий-амалий жиҳатлари тубдан ўзгартирилди ва қайта ташкил этилди.

Янги қонун лойиҳасининг асосий мақсади маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ваколатларини Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига мос равишда мувофиқлаштириш. Халқ депутатлари Кенгашининг ваколатларини мустаҳкамлаш, хусусан, Кенгаш раиси ва котиби лавозимларини жорий этиш таклиф этилмоқда. Умуман олганда, қонун лойиҳасида қуйидаги йўналишларда ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши кўзда тутилган:

  1. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг асосий вазифалари ва ваколатлари;
  2. Тошкент шаҳри ва вилоят ҳокимлари аҳоли томонидан сайланиши тизими;
  3. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг молиявий имкониятларини кенгайтириш;
  4. Ҳокимларнинг аҳоли олдида ҳисобдорлиги ва ҳокимларнинг фаолиятини баҳолаш;
  5. Ҳалқ депутатлари томонидан ҳоким, прокурор, суд раислари, ички ишлар органлари раҳбарларининг ҳисоботиларини эшитилиши;
  6. Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг иқтисодий асослари, жумладан Ҳудуднинг ривожланиш стратегияси, маҳаллий бюджет, фискал номарказлаштириш механизмларини жорий этиш;
  7. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг бошқа давлат органлари (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати, Вазирлар Маҳкамаси, давлат бошқаруви органлари, ўзини-ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари) билан ўзаро муносабатлари.

Қонун лойиҳаси муҳокамасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, илмий марказлар,Тошкент, Жиззах ва Наманган вилояти ҳамда БМТнинг Тараққиёт дастури вакиллари иштирок этишди.

Маълумот учун:
Арнис Султс – Латвия Республикаси атроф муҳит ҳимояси ва ҳудудий ривожланиш вазирлиги маҳаллий ўзини-ўзи бошқариш масалалари департаменти директори ўринбосари.
Евгения Бутницка - Латвия Республикаси атроф муҳит ҳимояси ва ҳудудий ривожланиш вазирлиги ҳудудий сиёсат департаменти директори ўринбосари, ҳудудий ривожланишни режалаштириш бўлими бошлиғи.