БМТ ТАРАҚҚИЁТ ДАСТУРИ БИЛАН ҲАМКОРЛИКДА ЭКПЕРТЛИК МУҲОКАМАСИ БЎЛИБ ЎТДИ
11.10.2018 | Ko`rilgan: 396

2018 йилнинг 11 октябрь куни Тошкент шаҳрида Барқарор тараққиёт мақсадлари бўйича “Фуқароларни Ўзбекистондаги жамият, иқтисодиёт ва муассасалар трансформацияси жараёнларига жалб этиш” мавзуидаги экспертлик муҳокамаси бўлиб ўтди.

Тадбир “Тараққиёт стратегияси” маркази Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати ҳамда Ўзбекистондаги БМТ Тараққиёт дастури билан ҳамкорликда ташкил этилиб, унда ҳукумат, дипломатик ваколатхоналар, халқаро ташкилотлар ва тараққиётни қўллаб-қувватлаш соҳасида фаолият юритувчи жамғармалар, халқаро экспертлик ҳамжамиятлари ва ОАВ вакиллари иштирок этди.

Экспертлик муҳокамаси давомида маъмурий ислоҳотлар ва Барқарор тараққиёт мақсадларига эришиш доирасида давлат бошқаруви жараёнларига фуқаролар ва жамоатчиликни жалб қилиш бўйича Ўзбекистонда амалга оширилаётган чора-тадбирлар муҳокама қилинди. Шунингдек, иштирокчилар бугунги кундаги ҳолатни баҳолаш ва илғор халқаро тажрибани инобатга олган ҳолда мамлакатда жамоатчиликнинг иштирокини янада ривожлантириш бўйича таклифлар бердилар.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ва БМТ Тараққиёт дастури ҳамкорлигидаги “Самарадор давлат бошқаруви ва рақамли трансформация ривожланишига ёрдам бериш” лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган “Ўзбекистонда давлат бошқарувининг янги моделини шакллантириш шароитларида жамоатчилик иштирокини ривожлантириш” мавзуидаги тадқиқотнинг дастлабки натижалари тақдим этилди.

Муҳокама қатнашчилари Ўзбекистонда жамоатчилик иштирокини янада ривожлантириш бўйича юқори салоҳият мавжудлигини таъкидлаб ўтдилар. Мамлакат учун энг самарадор восита – бу давлат идораларининг ННТлар билан ҳамкорлик олиб боришидир. Бунинг учун эса, учинчи секторни мустаҳкамлаш, уни қўллаб-қувватлаш бўйича самарали механизмларни жорий қилиш зарур. Шунингдек, маҳаллий ҳокимият органлари ишига эътибор қаратиш зарур, яъни улар фаолиятига фуқароларни жалб қилишни кучайтириш билан боғлиқ бўлган ваколатлар бериш ва мажбуриятлар юклаш керак.

Баҳс-мунозаралар якунида қатнашчилар давлат идоралари томонидан олиб борилаётган ислоҳотлар тўғрисида аҳолини хабардор қилиш воситалари ва каналларини ривожлантириши, статистика маълумотларини ошкор қилиши ҳамда шикоятларини тинглаш ва уларга жавоб бериш амалиётидан пайдо бўлаётган муаммоларнинг сабабларини аниқлаш ва бартараф этиш жараёнига ўтиши лозимлиги ҳақида хулосага келдилар. Бу эса, ўз навбатида, Ўзбекистонда амалга оширилаётган маъмурий ислоҳот самарадорлиги ошишига ва республика томонидан Барқарор тараққиёт мақсадларига муваффақиятли равишда эришишига ҳисса қўшади.