"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ДАВЛАТ ДАСТУРИ ИЖРОСИНИНГ ОЛТИ ОЙЛИК САРҲИСОБИ: ТЎРТИНЧИ КУН – ТЎРТИНЧИ ЙЎНАЛИШ

“Тараққиёт стратегияси” маркази ташаббуси билан бошланган жорий йилги “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” Давлат дастури ижросининг тарғиботига бағишланган медиа-кампания давом этмоқда.

Медиа-кампаниянинг тўртинчи кунида Марказ томонидан Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамда қатор мутасадди вазирлик ва идоралар ҳамкорлигида Давлат дастурининг тўртинчи йўналиши – ижтимоий соҳани ривожлантиришнинг устувор йўналишлари бўйича белгиланган чора-тадбирларнинг ярим йиллик ижроси натижаларига халқаро онлайн давра суҳбатида атрофлича муҳокама этилди.

Видеоконференцияда ННТлар, фуқаролик жамияти институтлари, халқаро ташкилотлар, хорижий давлатлар элчихоналари ва дипломатик корпус вакиллари, маҳаллий ва хорижий экспертлар, ОАВ вакиллари ҳам иштирок этишди.

Тадбирни бошқариб борган “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков ҳозирги глобал пандемия шароитида Ўзбекистонда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишга қаратилган чоралар ҳақида батафсил тўхталди.

- Ўзбекистонда, биринчи галда, аҳоли бандлигини сақлаб қолиш ва ишсизлик даражасини камайтиришга қаратилган чоралар кўрилди, деди жумладан у ўз сўзида. - Хусусан, карантинга олинган ота-оналар (улар ўрнини босувчи шахслар, васийлар, ҳомийлар), шунингдек, уларнинг 14 ёшгача бўлган боласини парвариш қилаётган шахсларга ўртача ойлик иш ҳақининг 100 фоизи миқдорида вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси тўланиши ҳамда ходимлар билан меҳнат шартномаларини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш тақиқланди. Қолаверса, давлат мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус ва олий таълим муассасалари, спорт ва маданият муассасалари (1,04 млн. нафар) ходимларининг иш ҳақлари ўз вақтида тўлаб берилди. Ходимларга масофадан туриб ишлаш имконияти яратилди.

Бундан ташқари, норасмий секторда банд бўлганларга пандемиянинг салбий таъсирини камайтириш мақсадида ўзини ўзи банд қилган фуқароларни қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилди.

Ишсизликни камайтириш борасида ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос анъаналари ва имкониятларидан келиб чиқиб, турли лойиҳалар амалга оширилмоқда. Жумладан, ишсиз фуқароларни жамоат ишларига жалб қилиш, томорқа ерлари мавжуд оилаларга субсидия, ёрдам пули бериш орқали иссиқхоналар қуриб бериш, чорвачилик, паррандачилик, асаларичилик, ҳунармандчилик билан шуғулланишлари учун шарт-шароитлар яратиш, қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган лалми ерларда ташкил этилаётган кооперативларга жалб қилиш, ёшларни касбга ўқитиш, уйида ишлаб пул топувчиларга турли имтиёзларни бериш орқали пандемия оқибатларини юмшатиш ҳаракатидан бўлинмоқда. Бу борада қабул қилинаётган Президент Фармон ва Қарорлари, Ҳукумат ҳужжатлари халқаро майдонда ҳам кенг эътироф этилмоқда.

Тадбирда Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси янги раҳбари Марко Мантованелли ҳам сўз олиб, глобал пандемияга қарамасдан, Ўзбекистонда ижтимоий соҳанинг муҳим йўналишлари бўлган тиббиёт, таълим, илм-фан, бандлик, камбағалликни камайтириш ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлашга қаратилган саъй-ҳаракатларни ижобий баҳолади.

Онлайн мулоқотда Давлат дастурининг ижтимоий соҳани ривожлантириш йўналишида белгиланган чора-тадбирларнинг ҳаётга жорий этилиши ҳолати, бу борадаги камчилик ва муаммолар ҳам очиқ эътироф этилиб, уларни бартараф этиш юзасидан таклиф ва тавсиялар баён этилди.

Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситханованинг фикрича, Давлат дастурида Соғлиқни сақлаш вазирлиги зиммасига юкланган 11 та банд ижросини таъминлашда асосий масала айрим чора-тадбирларни ҳозирги пандемия шароити туфайли ўз вақтида амалга оширишнинг имкони бўлмаётганидир. Масалан, Давлат дастурининг 197-бандида нейросенсор кар ёки заиф эшитадиган болаларда кохлеар имплантантлардан фойдаланган ҳолда операциялар ўтказиш учун Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан марказлаштирилган харидлар орқали зарур тиббий буюмлар билан таъминлаш чораси назарда тутилган. Лекин, ҳозирги кунда эшитиш имконияти чекланган болаларни ҳудудлардан пойтахтга олиб келиш мураккаб жараён. Ўз ўзидан аёнки, карантиндан сўнггина ушбу тадбирлар белгиланган режа асосида амалга оширилиши барчага аён ҳақиқат. Давлат дастурининг 194-бандида белгиланган Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш концепциясини тайёрлаш бўйича эса, лойиҳа ишлаб чиқилиб, муҳокамага тақдим этилди. Хусусий тиббиётни янада ривожлантириш юзасидан айни вақтда 17 та ихтисослашган тиббиёт марказига хорижий инвесторларни жалб қилиш ва уларни замонавий бошқарув менежментига ўтказиш бўйича вазирлик барча зарур саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқда.

– Бугунги мураккаб вазиятда, айниқса, аҳоли бандлигини таъминлаш ва одамларнинг моддий таъминланганлик даражасини ўрганиш - ижтимоий соҳанинг энг муҳим омилларидан саналади, - деди Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ўринбосари Баҳодир Умрзоқов. - Пандемия сабабли мамлакатда ишсизлар сони ошиб кетгани, мавсумий иш билан шуғулланувчилар даромадини йўқотгани қаторида, хориж давлатларида ишлайдиган фуқаролар ҳам глобал муаммо туфайли иш топа олмай ортга қайтишаётгани биздан кескин чораларни кўришни талаб этади. Бандлик ва даромадга эга бўлишни таъминлаш юзасидан мамлакатда амалга оширилаётган тезкор чора-тадбилардан ташқари, Жаҳон банки томонидан 30 йил муддатга, 5 йиллик имтиёзли давр билан 95 млн. АҚШ доллари миқдорида кредит ажратилди. Ушбу маблағлар асосан тиббиёт муассасаларини моддий-техник жиҳатдан жиҳозлаш, кам таъминланган ва ишсиз оилаларни қўллаб-қувватлаш, хусусан, 5 млн. АҚШ доллари айнан ишсизлик нафақалари учун йўналтирилади.

Онлайн тадбирда сўз олган Халқ таълими вазири ўринбосари Рустам Каримжонов вазирлик томонидан дахлдор идоралар билан ҳамкорликда Миллий ўқув дастурини ишлаб чиқиш ва босқичма-босқич жорий қилиш бўйича ишчи гуруҳи ва “Йўл ҳарита”си тасдиқлангани таъкидлади. Шунингдек, умумтаълим мактабларини кенг полосали Интернет тармоғига улаш бўйича бугунги кунга қадар 4.499 та умумтаълим мактабига 4.086 км. оптик толали алоқа кабеллари ётқизилган ва юқори тезликдаги Интернет тармоғига улаш имконияти яратилган. Халқ таълим вазирлиги Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси билан ҳамкорликда карантин шароитида умумтаълим мактаблари ўқувчилари учун «онлайн дарслар»ни муваффақиятли ташкил этган. Математика илм-фанини ривожлантиришни кўзда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Математика соҳасидаги таълим сифатини ошириш ва илмий-тадқиқотларни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди. Ёшларнинг олий таълим билан қамровини кенгайтириш мақсадида 2020/2021 ўқув йили учун ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари Президент Қарори билан кенгайтирилиб, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг тавсияномасига эга бўлган хотин-қизлар учун қўшимча тўрт фоизли давлат гранти ажратилди.

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги Ахборот хизмати раҳбари Алипаша Ахмедовнинг таъкидлашича, 2020 йилги Давлат дастури доирасида ичимлик суви, канализация ва иссиқлик таъминоти тизимини ривожлантириш бўйича марказлаштирилган молиявий манбалардан 1,3 триллион сўм миқдорда молиявий маблағлар ажратилган ҳамда халқаро молия институтлари билан ҳамкорликдаги 13 та лойиҳани амалга ошириш натижасида йил охирига қадар 144,6 млн. доллар ўзлаштирилиши кўзда тутилмоқда.

Тадбирда шунингдек, Жаҳон банкининг таълим бўйича эксперти Нодира Мелибоева, ижтимоий ҳимоя бўйича эксперти Марина Новикова ва соғлиқни сақлаш бўйича катта эксперти Эльвира Анадулу ҳам ўз фикр-мулоҳазалари билан иштирок этишди.

Халқаро эксперт Нодира Мелибоева таълим сифатини ўлчаш тизимини яратиш иштирокчилар самарадорлигини баҳолаш ва ўқитиш сифатини оширишга хизмат қилишини, шунингдек, касб обрў-эътиборини ошириш учун ўқитувчиларни саралашнинг янада талабчан жараёнини ишлаб чиқиш, ихтисослик соҳаларини касбий ва олий таълимда иқтисодиётнинг ўсиб бораётган соҳалари ва иш берувчиларнинг эҳтиёжлари билан мувофиқлаштириш Давлат дастурида назарда тутилган чора-тадбирларни самарали амалга оширишда муҳим аҳамиятга эга бўлишини таъкидлади.

Яна бир халқаро эксперт Марина Новикова эса, Ўзбекистонда камбағал оилаларнинг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтириш, нархлар либерализацияси, субсидияларнинг бекор қилиниши натижасида харид қобилияти паст бўлган камбағал оилалар сони ошишига тайёр туриш, меҳнат бозоридаги нисбатан янги бўлган фаол дастурлар қамровини кенгайтириш, бандликка кўмаклашиш марказларининг имкониятларини кучайтириш, ижтимоий соҳадаги муҳим аҳамиятга молик дастурлар самарадорлигини баҳолаш юзасидан мониторинг тизимини шакллантириш мақсадга мувофиқ эканини эътироф этди.

Умуман, виртуал мулоқотда сўз олганлар «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили» Давлат Дастурининг ижтимоий соҳани ривожлантириш йўналишида белгиланган бир қатор бандлар муваффақиятли амалга оширилганига эътибор қаратишди.

Тадбир якунида Давлат Дастурининг ижтимоий соҳада белгиланган устувор вазифаларини амалга ошириш бўйича аниқ натижаларга эришиш юзасидан тегишли таклифлар ишлаб чиқилди.

«Тараққиёт стратегияси» маркази
Ахборот хизмати