"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ПАНДЕМИЯ ДАВРИДА ЮЗАГА КЕЛГАН “ФОРС-МАЖОР” ҲОЛАТИДА НИЗОЛАРНИ ҲАЛ ЭТИШГА БАҒИШЛАНГАН ДАВРА СУҲБАТИ


Маълумки, бугун дунёни қамраб олган COVID-19 пандемияcи келтириб чиқараётган нохуш оқибатлар барча давлатларнинг иқтисодиётига, хусусан, тадбиркорлик субъектларининг бир маромдаги фаолиятига ҳам жиддий салбий таъсирини ўтказмасдан қолмади. Айниқса,ҳозирги мураккаб вазиятда кўплаб иқтисодий битим иштирокчиларининг ўз шартномавий мажбуриятларини бажаришлари, шартнома талабларига амал қилиш билан боғлиқ бурчларини амалга оширишларида объектив ва субъектив тўсиқлар юзага келмоқда.

Натижада иқтисодиёт тармоқлари вакилларининг ҳуқуқ ва манфаатларини рўёбга чиқариш, хусусан, икки томонлама шартномавий мажбуриятларни таъминлаш борасида муаммолар ортиб бормоқда.

Шу ўринда алоҳида қайд этиш керак, пандемия муносабати билан жорий этилган карантин чекловлари нафақат Ўзбекистондаги иқтисодий муносабат иштирокчиларининг, балки халқаро тижорат муносабатлари субъектларининг ҳам шартномавий мажбуриятлар тизимига ўз таъсирини ўтказди.

Юқорида каби масалаларга ечим излаш мақсадида, жорий йилнинг 22 июль куни «Тараққиёт стратегияси» маркази, USAIDнинг Ўзбекистонда ҳуқуқий ислоҳотлар бўйича Дастури, Ўзбекистон савдо-саноат палатаси ва мазкур палата ҳузуридаги Тошкент халқаро арбитраж маркази (TIAC) ҳамкорлигида «Пандемия даврида шартномаларни бажариш ва юзага келиши мумкин бўлган баҳсларни ADR орқали ҳал этиш» мавзусида онлайн-давра суҳбати ташкил этилди.

Тадбирдан кўзланган асосий мақсад шартнома шартларига мажбурлаш тўғрисидаги қоидаларга урғу берган ҳолда ҳуқуқий маслаҳат тақдим этиш (форс-мажор), ҳужжатлар айланишида замонавий технологиялардан фойдаланиш бўйича кўрсатмалар бериш, хорижий контрагентлар билан низоларни бартараф этиш учун инқирозга қарши курашиш чораларини жорий этиш бўйича кўрсатмалар беришга қаратилган чораларни белгилаб олишдан иборат бўлди.

Тадбирда «Тараққиёт стратегияси» маркази ижрочи директори Элдор Туляков, Савдо саноат палатаси раиси ўринбосари Ислам Джасимов, Тошкент халқаро арбитраж маркази директори Диана Байзакова, шунингдек, етакчи хорижий ташкилотлар экспертлари, халқаро юридик фирмалари, тижорат банклари, акциядорлик ва суғурта компаниялари мутахассислари, маҳаллий ва хорижий ишбилармонлар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков:

– Бугунги мавзунинг долзарблигини пандемия ва глобал иқтисодий инқироз натижасида мамлакатдаги иқтисодий ўсишнинг ўтган йилга нисбатан 5,8% пасайишига олиб келганидан ҳам кўришимиз мумкин. Жумладан, ялпи саноат маҳсулотлари ҳажми 1,9% га, юк айланмаси 6,6% га, йўловчи айланмаси 13,8% га камайди. Бундан ташқари, инвестицияларнинг пасайиши ҳам кузатилди. Сўнгги олти ой ичида асосий капиталга инвестициялар 12,8% га камайган. Жиддий равишда пандемия мамлакатнинг ташқи иқтисодий фаолиятига таъсир кўрсатишда давом этмоқда. Ташқи савдо айланмаси 18,2% га, яъни 15,9 млрд долларга камайди. Экспорт ҳажми ярим йиллик якунлари бўйича 6,3 млрд. долларни ташкил этди, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 22,6% га паст дегани. Импорт 15%, 9,6 млрд долларга камайди. Ташқи савдо сальдоси салбий – 3,3 млрд долларни ташкил этмоқда. Фаолият кўрсатаётган корхоналар сони кўпайишига қарамасдан, янги ташкил этилган корхоналар сонининг ўсиши жорий йилнинг биринчи ярмида 15,1 фоизга камайди. Шу муносабат билан, йил бошида ёки ўтган йил охирида ишлаб чиқилган режалар бугунги кунга тўғри келмаслигини таъкидлаш лозим. Яъни, шартномаларни ўз вақтида бажарилмаслиги ёки ижро этилиши тегишли даражада бўлмаслиги мумкин. Бу эса, ўз навбатида, пандемия ҳолати ва тадбиркорларнинг манфаатларини ҳисобга олган ҳолда юзага келиши мумкин бўлган низоларни самарали усуллар билан ҳал этиш вазифасини қўймоқда.

Маълумки, 2020 йил бутун дунёда катта инқирозларга сабаб бўлган COVID-19 эпидемияси билан бирга кириб келди. Ҳатто гигант ишлаб чиқарувчилар, корхона ва ташкилотлар ўз фаолиятини кескин қисқартира бошлади. Натижада иқтисодий муаммолар кетидан ижтимоий-сиёсий вазият ҳам издан чиқа бошлади.

Ўзбекистонда ҳам март ойининг сўнггига келиб бошланган карантин чоралари туфайли ишсизлар сони кескин ошиб кетди. 10 мингга яқин ишлаб чиқарувчилар фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлди, чет эллик бизнес вакиллари ва инвесторлар ҳам шу қаторда бошлаган ишини кейинга суришига тўғри келди. Хўш, бундай вазиятда Ҳукумат, ишбилармон ва инвесторлар, халқаро ҳамжамият вакиллари ва фуқаролар ҳар томонлама музокараларни қай тарзда олиб бориши лозим? Пандемия туфайли кутилмаган вазиятда, яъни, “форс мажор” ҳолатида манфаатлар тўқнашувини камайтириш ва низоларни, шунингдек, шартномаларда белгиланган мажбуриятларни қандай йўл билан ҳал этмоқ лозим?

Айни шу каби муаммоли вазиятларга дунёнинг етакчи мамлакатлари қандай ечим топаётгани ва низолар ҳал этилиши жараёни ҳақида вебинарнинг уч нафар халқаро маърузачиси нутқ сўзлади. Улар, Томас Жон (Thomas John) – «Grotius Chambers» юридик фирмаси ҳамкори (Гаага, Голландия) ҳамда Андрей Панов – «Allen&Overy» юридик фирмасининг Москвадаги офиси юристи (Буюк Британия) ҳамда Заннис Маврогордато – “Twenty Essex” Савдо палатаси барристери (олий даражадаги адвокат) (Singapur) халқаро низоларни ҳал этиш соҳасида кўп йиллик тажрибага эга мутахассислардир.

«Grotius Chambers» юридик фирмаси ҳамкори Томас Жон пандемия давридаги ҳолатларга “форс-мажор” сифатида қарашга зарурият йўқлиги ва томонлар ўз мажбуриятларини бажаришдан вос кечмасликлари кераклигини қайд этди. У шунингдек, шартнома шартлари ижроси юзасидан вужудга келаётган муаммоларни икки томонлама муроса йўли билан ҳал этиш энг мақбул ечим эканига эътибор қаратди. У шунингдек, шартномаларни бажаришда муддатни бир қанча вақтга суриш мумкинлиги ёки ечимнинг бошқа муқобил вариантларидан фойдаланиш лозимгини қайд этди.

«Allen&Overy» юридик фирмасининг Москвадаги офиси юристи Андрей Панов эса Covid-19 нинг иқтисодий-ижтимоий ҳаётимизга таъсири ҳамда “форс-мажор” ҳолатида томонларнинг қандай усуллар билан ўзаро бир тўхтамга келиши бўйича хорижий тажриба билан ўртоқлашди. Жумладан, низоларни медиация, суд ёки ҳакамлик судлари орқали ҳал этишга эътибор қаратди.

“Медиация тижорий ечимга эришишга қаратилган норасмий жараён ҳисобланади. Бунда эътибор ҳар икки томоннинг манфаатларига қаратилади ва малакали медиатор муросага келишга ёрдам беради, учрашувлар эса виртуал форматда ҳамда махсус платформалар орқали ўтказилади. Натижада томонларнинг бизнес муносабатлари сақлаб қолиниши, тижорий жиҳатдан мақбул қарор қабул қилиниши мумкин. Бунда, суднинг ёки арбитражнинг алоҳида қарорини олмасдан эришилган тинчлик келишувлари ҳар доим ҳам ижро этилмаслиги мумкин.

Суд ёки ҳакамлик судларига мурожаат этиш эса кўп ёки камроқ расмийлаштирув жараёни бўлиб, низо ва далилларда томонларнинг ҳуқуқий позицияларига эътибор қаратилади, адвокатлар иштирокидаги қарама-қаршилик юзага келиши ҳамда эшитув онлайн тарзда ўтиши мумкин, лекин буни ҳар доим ҳам имкони бўлмайди. Мустақил шахс томонларнинг низоси бўйича қарор қабул қилади. Натижада, қарор билан низога нисбатан ҳуқуқий жиҳатдан баҳо берилган ҳисобланади ҳамда томонлар учун мажбурий бўлиб, ижроси талаб этилади. Қолаверса, томонларнинг муносабатлари узил-кесил бузилиб кетиши ҳам мумкин” – дея таъкидлади Андрей Панов.

Шунингдек, экспертлар ўзбекистонлик тадбиркорларнинг чет эллик контрагентлар тижорий битимларини ҳисобга олган ҳолда, тижорат корпорациялари ва амалиётчи ҳуқуқшуносларга Роман-Герман ва Англо-саксон ҳуқуқ соҳасидаги “форс-мажор” ҳолатида шартнома шартларини бажариш бўйича тажрибалари юзасидан ҳуқуқий маслаҳат ҳам беришди.

Бундан ташқари, ишбилармонлар ва амалиётчи ҳуқуқшуносларга ҳужжатларни рақамлаштириш ва замонавий технологиялардан фойдаланиш бўйича тегишли тавсиялар берилди.

Шу билан бирга, вебинар спикерлари бир қатор халқаро корпорацияларга маслаҳат бериши ва коронавирус пандемиясидан келиб чиқадиган ҳакамлик муҳокамаларида иштирок этаётганини инобатга олган ҳолда, тадбиркорлик субъектларига хорижий контрагентлар билан низоларни бартараф этиш учун инқирозга қарши чоралар кўриш бўйича босқичма-босқич кўрсатмаларни ҳам тақдим этишди.

Вебинарда халқаро экспертлар томонидан тақдим этилган кўрсатма ва тавсиялар, билдирилган фикр-мулоҳазалар асосида рисола чоп этишга ва ўз фаолиятларида фойдаланишлари учун ишбилармон доиралар орасида тарқатилишига келишиб олинди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати