"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

2020 ЙИЛГИ ДАВЛАТ ДАСТУРИНИНГ БЕШИНЧИ ЙЎНАЛИШИ БЎЙИЧА ЯРИМ ЙИЛЛИК САРҲИСОБ


Ҳаракатлар стратегиясининг V. Хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш ҳамда чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсатни амалга ошириш соҳасидаги устувор йўналишларда 2020 йилнинг биринчи ярим йиллигида амалга оширилган муҳим ислоҳотлар ва чора-тадбирлар
Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан олий даражада Туркияга расмий ташриф ҳамда 10 та хорижий меҳмонларнинг қабули амалга оширилди. Пандемия шароитида 20 дан ортиқ олий даражадаги онлайн-мулоқот ташкиллаштирилди (Марказий Осиё мамлакатлари, Россия, Хитой, Туркия, Корея Республикаси, Афғонистон, Абу Даби Амирлиги, Эрон давлатлари раҳбарлари ҳамда Венгрия бош вазири, Европа Кенгаши Президенти, Белорусия Президенти билан мулоқотлар).

Ўзбекистон манфаатларини илгари суришга қаратилган 80 дан ортиқ юқори даражада ҳамда идоралараро ташриф ва учрашувлар, онлайн-мулоқотлар ташкиллаштирилди. Улар мобайнида халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар, кўп қиррали ҳамкорлик, аввало, савдо-иқтисодий, инвестиция, энергетика, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар соҳалар, таълим ва бошқа устувор йўналишлардаги ҳамкорлик масалалари муҳокама этилди.

Мамлакат ташқи сиёсатига оид муҳим вазифаларни ҳал қилишда парламент дипломатиясининг роли ҳамда халқаро ва минтақавий ташкилотлар билан ҳамкорлик кучайтирилди. Ҳисобот даврида жами 48 та парламентлар ҳамда халқаро ташкилотлар даражасидаги ташриф ва учрашувлар,  онлайн-мулоқотлар ташкиллаштирилди.

Коронавирус пандемияси ва унинг иқтисодиётимизга салбий таъсирини камайтириш мақсадида 57 та лойиҳа асосида Ўзбекистонга Буюк Британия, Германия, Италия, ХХР, Сингапур, Украина каби мамлакатлардан асбоб-ускуналар келтирилди. Шу билан бирга 9 та мамлакатга Ўзбекистоннинг гуманитар юклари етказилди (Озарбайжон, Беларусь, РФ, ХХР, Эрон, Венгрия, Қирғизистон, Тожикистон, Афғонистон).

Коронавирус пандемияси шароитида хорижда қийин вазиятга тушиб қолган ватандошларимизга амалий ёрдам кўрсатилди ва уларни Ўзбекистонга қайтариш бўйича аниқ ишлар амалга оширилди. Ҳусусан, жорий йилнинг 25 январидан ТИВ ҳузурида махсус штаб ўз фаолиятини бошлади. Халқаро авиақатновлар тўхтатилиши сабабли 17 мингдан ортиқ фуқароларимизни чартер рейслари орқали Ватанга қайтариш ташкиллаштирилди. Ўзбекистондаги 5 мингдан ортиқ хорижий фуқаролар ўз ватанларига юборилди. Хорижда қийин аҳволда қолиб кетган 11 мингдан ортиқ фуқароларимизга ваколатхоналаримиз орқали ёрдам кўрсатиш ташкиллаштирилди.

Мамлакатимизни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларини бажариш мақсадида Ўзбекистон ҳукумати расмийлари ва ташкилотлари делегацияларининг 48 та хорижий давлатга ташрифлари ташкиллаштирилди. Уларнинг доирасида хамда ваколатхоналаримизнинг кундалик фаолияти мобайнида тегишли савдо-сотиқ, иқтисодий идоралар раҳбарлари ва вакиллари билан 252 дан зиёд учрашув ва махсуслаштирилган сармоявий тадбир, бизнес-форумлар, юртимизнинг иқтисодий салоҳияти тақдимотлари уюштирилди.

Бундан ташқари, вазирлик даражасидаги делегацияларнинг 15 дан ортиқ хорижий давлатларнинг иқтисодий ва савдо вазирлик ҳамда мутасадди ташкилотлари билан учрашувлари уюштирилди.

Хорижий давлатлар билан сиёсий, иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида бугунга қадар 130 дан ортиқ “Йўл харита”лари тасдиқланди ва бажарилмоқда. Қишлоқ хўжалиги, саноат, коммунал хизматлар, қурилиш, тиббиёт, фармацевтика, таълим, маданият ва бошқа соҳаларда 635 та инвестицион лойиҳалар бўйича 945,4 млн АҚШ доллари миқдорида сармоялар ўзлаштирилди.

2020 йилнинг 7 январь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси ва Тожикистон Республикаси Қўшма демаркация комиссиясининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда Ўзбекистон-Тожикистон Давлат чегарасини демаркация қилиш учун асос бўладиган норматив-ҳуқуқий ва техник ҳужжатлар тасдиқланди.

2020 йилнинг 17-21 февраль кунлари Олмаота шаҳрида Қўшма демаркация комиссиясида Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси ҳукуматлари делегацияларининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикасининг Навоий вилояти ва Қозоғистон Республикасининг Қизилўрда ва Туркистон вилоятлари чегаралари туташган участкада давлатлараро чегарани демаркация қилишнинг якуний ҳужжатлари лойиҳалари тайёрланди.

2020 йил 3-4 март кунлари Самарқанд шаҳрида Имом Абу Мансур Мотуридий шахси ва ақидавий қарашлари, мотуридийликнинг мафкуравий асоси, ушбу таълимотнинг бугунги кундаги аҳамияти муҳокамасига бағишланган “Имом Мотуридий ва мотуридия таълимоти: ўтмиш ва бугун” мавзусидаги халқаро конференция ташкил этилди. Ушбу тадбирда 15 мамлакатдан 55 нафар таниқли уламолар, муфтийлар, мотуридийшунос экспертлар, 100 нафар маҳаллий олим ва тадқиқотчилар қатнашди. Конференция ялпи мажлисида 11 та, шўъба йиғилишларида 32 та маъруза тингланди.

Халқаро диний эркинлик бўйича АҚШ комиссияси (USCIRF) Ўзбекистонни «алоҳида хавотирга молик давлатлар» рўйхатидан чиқарди. Комиссия ҳисоботида Ўзбекистон томонидан сўнги йилларда диний соҳада амалга оширилган ўзгаришлар эътироф этилиб, айниқса «Жаслиқ» қамоқхонасининг ёпилгани алоҳида қайд этилди.

Айни пайтда Ўзбекистон Республикасида жами 2276 та диний ташкилот ва 16 та диний конфессия фаолият юритиб келмоқда. Шулардан 2093 таси мусулмон ташкилоти, 166 та христиан ташкилоти, 8 та яҳудий жамоаси, 6 та Бахоийлик жамияти, 1 та кришначилар жамияти ва 1 та будда ибодатхонаси, шунингдек, Ўзбекистон конфессиялараро Библия жамияти ҳам фаолият кўрсатмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг ташаббуси билан мамлакатимиз ўз тарихида биринчи марта 2020 йилда Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги раислигини қабул қилди. Кўп томонлама ҳамкорликни изчил кенгайтириш ва самарадорлигини ошириш раисликнинг асосий устувор йўналиши сифатида белгиланди.

Шу муносабат билан, 12 май куни Ўзбекистон Республикаси ташаббуси билан видеоконференцалоқа режимида МДҲ иштирокчи давлатлари Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисда транспорт, таълим, туризм, жисмоний тарбия ва спорт соҳаларидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган ҳужжатлар кўриб чиқилди ва маъқулланди.

Вазирлар Маҳкамаси 2020 йил 28 майдаги «Жаҳон савдо ташкилоти билан ишлаш бўйича идоралараро комиссия тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги 339-сон қарорни қабул қилди. Қарор билан Жаҳон савдо ташкилоти билан ишлаш бўйича Идоралараро комиссия тузилди.

Жаҳон савдо ташкилоти билан ишлаш бўйича Идоралараро комиссия  Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши бўйича ишларни мувофиқлаштирувчи ва йўналишларни белгилайдиган коллегиал орган ҳисобланади. Низом билан Идоралараро комиссиянинг вазифалари ва функциялари, таркиби, фаолиятини ташкил этиш ва ишлаш тартиби белгиланди. 

Ўзбекистон Республикаси Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги давлатлари Саноат хавфсизлиги кенгашининг тўлақонли аъзоси бўлди. МДҲ давлатларининг саноат хавфсизлиги кенгаши тармоқлараро ҳамкорлик органи бўлиб, хавфли ишлаб чиқариш объектларида содир бўлиши мумкин бўлган авария ҳамда бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш ҳаракатларини мувофиқлаштиришни амалга оширади.

Ўзбекистон Халқаро хусусий ҳуқуқ бўйича Ҳаага конференцияси Уставини ратификация қилди. Халқаро хусусий ҳуқуқ бўйича Ҳаага конференцияси халқаро ҳукуматлараро ташкилот бўлиб, 1893 йилда ташкил этилган. Ҳаага конференциясига аъзолик Ўзбекистонда қабул қилинаётган қонунларни халқаро қонунларга унификация қилишга ёрдам беради. Шунингдек, мамлакатнинг халқаро майдондаги имижини яхшилаш, жаҳон ҳамжамиятига интеграциялашувда муҳим аҳамият касб этади.

Ўзбекистон ЮНEСКОнинг Маданий ифодаларнинг турли хил шаклларини муҳофаза қилиш ва қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги конвенцияси иштирокчисига айланди. Конвенциянинг асосий мақсади – маданий ўзини ифодалашнинг турли хил шаклларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш, ушбу соҳада халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўли билан турли маданиятларнинг ўзаро эркин алоқа қилиши ва ривожланиши учун шарт-шароитлар яратишдан иборат.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси ҳамда уни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланди.

Шунингдек, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва инсон ҳуқуқлари маданиятини оширишда кўрсатган хизматлари учун ҳар йили Халқаро инсон ҳуқуқлари кунида топшириладиган “Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишони таъсис этилади ва ҳар икки йилда юқори савияда ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари, хорижий давлатлар мутахассислари ва фахрий меҳмонлар иштирокида Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форуми ўтказилади.

Жорий йилда Ўзбекистон “Тинчликсеварлик глобал индекси” (“Global Peace Index”)да 103-ўринни эгаллади. Ушбу рейтинг Иқтисодиёт ва тинчлик институти (The Institute for Economics and Peace) томонидан ўтказилиб, 163 мамлакатни қамраб олади. Рейтинг тузишда жамиятнинг жипслашуви, инсон ҳуқуқларига риоя этилиши, сиёсий ва иқтисодий барқарорлик, террорчилик таҳдиди, жанговар ҳаракатлардаги иштирок каби омиллар ҳисобга олинган.

“Тараққит стратегияси” маркази
Ахборот хизмати