"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

“ИННОВАЦИОН ФАОЛИЯТ ТЎҒРИСИДА”ГИ ҚОНУН ҚАБУЛ ҚИЛИНДИ


Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 22 январдаги “2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат Дастури тўғрисида”ги ПФ–5308-сон Фармонининг 3-банди ҳамда Давлат дастурининг 168-бандида «Инновацион фаолият тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини ишлаб чиқиш ва кенг жамоатчилик муҳокамасидан кейин Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритиш чора-тадбири белгиланган эди.

Ўзбекистон қонунчилигида шу вақтга қадар инновацион фаолият соҳасидаги муносабатлар, инновация ва инновацион фаолият соҳасидаги тушунчалар, иштирокчилар таркиби ва ушбу жараёнда уларнинг ўзаро муносабати, апробация механизмларини самарали ташкил этиш, илмий ишланмаларни амалиётга тадбиқ этиш ва саноатда ўзлаштиришни тартибга солувчи ягона қонун ҳужжатининг мавжуд эмаслиги ушбу қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш заруриятини кун тартибига қўйди.

Ниҳоят, Давлат раҳбари томонидан жорий йилнинг 24 июль куни “Инновацион фаолият тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни имзоланди ва шу кундан эътиборан кучга кирди.

6 боб, 39 та моддадан иборат мазкур Қонунда қуйидагилар инновацион фаолият соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари этиб белгиланмоқда:

  • инновацион ривожлантиришнинг ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солинишини таъминлаш;
  • устувор йўналишларни белгилаш;
  • зарур шарт-шароитлар ва инфратузилмани яратиш;
  • инновацион фаолият субъектларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш;
  • республика, тармоқ ва ҳудудий давлат дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш;
  • инвестицияларни жалб этишга кўмаклашиш;
  • давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш;
  • кадрларни тайёрлашни, қайта тайёрлашни ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этиш;
  • халқаро ҳамкорликни ривожлантириш.

Мазкур Қонун билан Инновацион ривожланиш вазирлиги ушбу соҳадаги ваколатли давлат органи этиб белгиланди.

Қонунга мувофиқ, давлат томонидан инновацион фаолиятни қўллаб-қувватлаш қуйидаги тарзда амалга оширилади:

  • инновацион ривожлантириш стратегияларини қабул қилиш ва амалга ошириш;
  • норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш;
  • инновацион фаолият субъектларига солиқ, божхона имтиёзлари ва преференциялар бериш;
  • республика Давлат бюджети маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан инновацияларни яратишга оид давлат буюртмасини бажариш;
  • инновацион фаолиятни молиялаштиришга хўжалик юритувчи субъектлар маблағларини жалб қилиш учун шарт-шароит яратиш;
  • илм-фан ютуқларига асосланган маҳсулотнинг ва илғор технологияларнинг давлат харидларини ташкил этиш;
  • инновацион фаолият соҳасида кадрларни тайёрлашга, қайта тайёрлашга ва уларнинг малакасини оширишга кўмаклашиш.

Инновацион фаолият субъектлари қуйидагилардан иборат:

  • инновацион фаолиятни амалга оширувчи жисмоний шахслар;
  • соҳадаги ягона давлат сиёсатини амалга оширишда иштирок этувчи давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ва бошқа ташкилотлар;
  • янги ишланмаларни яратадиган, жорий этадиган ва инновациялардан фойдаланадиган илмий, илмий-тадқиқот, олий таълим, ишлаб чиқариш ташкилотлари ва бошқа ташкилотлар;
  • ишлаб чиқарувчилар ва фойдаланувчилар манфаатларини ифодаловчи ва ҳимоя қилувчи нодавлат нотижорат ташкилотлари;
  • фаолият жараёнида амалга ошириладиган ва фойдаланиладиган интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқ эгалари;
  • фаолиятга инвестиция қилишни амалга оширувчи инвесторлар ва тадбиркорлик субъектлари.

Қонун билан технологиялар трансфери жараёни – янги ишланмани у олинадиган (ишлаб чиқариладиган) соҳадан амалда қўллаш соҳасига ўтказишга қаратилган тадбирлар мажмуи ҳам жорий этилмоқда. Мавжуд технологиялардан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқариладиган ўхшаш маҳсулотга нисбатан юқори сифатли ва рақобатбардош янги ёки яхшиланган маҳсулот ишлаб чиқариш, янги ишланмалар ва технологиялар асосида маҳсулотнинг янги турларини ишлаб чиқариш ҳамда ўхшаш технологияларга нисбатан энергияни ва ресурсларни тежовчи технологияларни жорий этиш трансфер жараёнининг устувор йўналишлари ҳисобланади. Технологиялар трансфери шартнома асосида амалга оширилади ҳамда интеллектуал мулкка бўлган ҳуқуқ мавжудлиги ва ундан тушган фойда уни тузишнинг асосий шарти ҳисобланади.

Инновацион фаолиятни моддий-техник, молиявий, ташкилий-услубий, ахборот, консультатив ва бошқа жиҳатдан таъминлайдиган корхоналар, ташкилотлар, муассасалар ва улар бирлашмаларининг мажмуи инновацион инфратузилма ҳисобланади. Унинг субъектлари қуйидагилардан иборат:

  1. Инновацион технологик парк (технопарк) – инновацион фаолиятни амалга ошириш учун қулай шарт-шароитлар яратиладиган ягона моддий-техника мажмуаси бўлган ҳудудга эгалик қилувчи юридик шахс. Технопаркнинг асосий вазифаси – унинг резидентларини қўллаб-қувватлаш. Унинг фаолият кўрсатиш муддати 30 йилгачани ташкил этади, кейинчалик бу муддат узайтирилиши мумкин. Технопарк резидентининг мақоми танлов асосида 10 йил муддатгача берилади;
  2. Технологиялар трансфери маркази – технологиялар трансферини ва инновацион ишланмаларни тижоратлаштиришни таъминлаш мақсадида ташкил этилган юридик шахс;
  3. Инновацион кластер тегишли ҳудудда инновацияларни яратишда иштирок этувчи инновацион фаолият субъектларининг, инновацион фаолият натижалари истеъмолчиларининг йиғиндиси сифатида юридик шахс ташкил этмасдан тузилади. Уларнинг асосий мақсади самарали ҳамкорлик қилишдан, қувватлардан биргаликда фойдаланишдан ҳамда билимлар, кўникмалар алмашишдан, шунингдек технологиялар трансферига улушни таъминлаш орқали инновацион фаолиятни рағбатлантиришдан иборат бўлади;
  4. Венчур ташкилотлар, фондлар, ширкатлар – асосий фаолият тури хавфли инновацион лойиҳалар амалга оширилишини молиялаштиришдан иборат бўлган, ҳам юридик шахс шаклида ташкил этиладиган, ҳам юридик шахс сифатида ташкил этилмайдиган ихтисослаштирилган молия институтлари.
  5. Инновация маркази инновацион фаолият соҳасида янги ғояларни яратишдан янги ишланмаларни тижоратлаштиришгача бўлган тўлиқ ишлар туркумини амалга ошириш мақсадида юридик шахс шаклида ташкил этилади.

Қонун билан инновацион фаолиятни молиялаштириш манбалари ва уларни сарфлаш йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланган:

  • Ўзбекистон республика бюджети;
  • Қорақалпоғистон республика бюджети ҳамда вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари;
  • Инновацион ривожланишни ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси;
  • инновацион фаолиятни қўллаб-қувватлаш жамғармалари;
  • венчур жамғармалари;
  • соҳа субъектларининг ўз маблағлари;
  • халқаро грантлар, тижорат банкларининг, шу жумладан чет эл банкларининг ва халқаро молия институтларининг мақсадли кредитлари;
  • хусусий инвесторларнинг маблағлари;
  • қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

Мазкур Қонуннинг ҳаётга жорий этилиши инновацион фаолият соҳаларини ва унинг барча иштирокчиларини самарали ҳамкорлиги учун ҳуқуқий асослари ва қонуний ваколатларини таъминлайди, инновацион фаолият субъектларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилайди, инновацион фаолият субъектларини кенг кўламда ташкил этиш имконини беради.

 “Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати