"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

“Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ва ҳудудининг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади


2020 йилги Давлат дастурининг 266-бандида Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ва ҳудудининг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш тизимини такомиллаштириш
бўйича чора-тадбирлар белгиланган эди. Мазкур банд ижроси юзасидан Давлат раҳбарининг жорий йилнинг 30 июлидаги “Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ва ҳудудининг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди.

Мазкур қарор билан Ўзбекистон Республикасида сейсмик хавфсизликни таъминлаш тизимини такомиллаштириш дастури тасдиқланмоқда.

Ҳужжатга кўра, қуйидагилар сейсмик хавфсизликни таъминлашнинг асосий йўналишлари этиб белгиланди:

  • аҳолининг сейсмик хавфсизлигини таъминлашнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш;
  • сейсмик хавф даражасини камайтириш чораларини кўриш;
  • фойдаланишда бўлган ва фойдаланишга топшириладиган бино ва иншоотларнинг сейсмик мустаҳкамлигини назорат қилиш;
  • республика ҳудудида жойлашган сув омборлари ва гидротехника иншоотларининг сейсмик мустаҳкамлигини назорат қилиш;
  • сейсмик хавфсизликни таъминлаш соҳасига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш;
  • сейсмик хавфсизлик ва мустаҳкамликни таъминлашнинг замонавий услуб ва техник воситаларини амалиётга жорий этиш;
  • сейсмик хавфсизлик ва мустаҳкамликни таъмирлашнинг илмий асослари ва технологияларини такомиллаштириш.

Юқоридаги дастурда белгиланган чора-тадбирлар ижросини таъминлаш Сейсмология, сейсмик чидамли қурилиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ва ҳудудининг сеймик хавфсизлиги бўйича идоралараро илмий-техник Кенгашга юклатилмоқда.

Қуйидагилар сейсмология, иншоотларнинг сейсмик мустаҳкамлигини ва сейсмик хавфсизликни таъминлаш соҳасида:

– Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси – сейсмик хавфни турли миқёсда баҳолаш, ҳудудларни сейсмик районлаштириш, зилзилаларни муддатлар кесимида прогноз қилиш методологиясини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий қилиш, турли сейсмик хавфнинг инженер-геологик асосларини ва баҳолаш технологияларини яратиш учун масъул бўлган давлат илмий муассасаси;

– Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги – республика ҳудудида қурилаётган объектлардаги лойиҳалар ва қурилиш сифатини сейсмик хавфсизлик бўйича меъёрий ҳужжатлар талабларига мувофиқлигини баҳолаш ва назорат қилиш, шаҳарлардаги мавжуд биноларнинг сейсмик мустаҳкамлигини таъминлаш, иншоотларнинг сейсмик хавфини камайтириш бўйича зарур тадбирлар ишлаб чиқиш учун масъул бўлган давлат бошқаруви органи;

– Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги – республика ва трансчегаравий ҳудудларда, шунингдек табиий ва техноген хавфли ҳудудларда ҳамда муҳим объектларда сейсмик хавфсизлик бўйича мониторингни ташкил этиш, кучли ва талафотли зилзилалар содир бўлиши хавфи мавжуд бўлганида уларнинг оқибатларини бартараф этиш учун зарур чораларни кўришга масъул бўлган давлат бошқаруви органи этиб белгиланмоқда.

Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамаси ижро этувчи тузилмасининг IT-технологиялар, телекоммуникациялар ва инновацион фаолиятни ривожлантириш масалалари департаменти таркибида қўшимча 3 та штат бирлигини ажратган ҳолда Сейсмология, иншоотларнинг сейсмик мустаҳкамлигини ва сейсмик хавфсизликни таъминлаш соҳасини мувофиқлаштириш шўъбаси ташкил этилади.

Қуйидагилар мувофиқлаштириш шўбасининг асосий вазифалари этиб белгиланмоқда:

  • сейсмик хавфсизликни таъминлаш соҳасидаги масъул органлар ва ташкилотлар фаолиятини доимий мувофиқлаштириб бориш;
  • сейсмология соҳасида илм-фанни ривожлантириш, замонавий ахборот, шу жумладан инновацион технологияларни кенг жорий этиш;
  • сейсмик хавфни прогнозлаш жараёнини рақамлаштириш чораларини кўриш;
  • республикада сейсмик хавф даражасини камайтириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирларни доимий равишда мониторинг қилиб бориш;
  • аҳолининг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш юзасидан давлат дастурлари ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилишини ташкил этиш;
  • фойдаланишда бўлган бино ва иншоотларнинг сейсмик мустаҳкамлигини таъминлаш юзасидан тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда чоралар кўриш;
  • республиканинг сейсмик фаол ҳудудида жойлашган иншоотларнинг мониторинги натижаларига асосланиб, мустаҳкамлигини таъминлаш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида юридик шахс тузмаган ҳолда Сейсмология, иншоотларнинг сейсмик мустаҳкамлигини ва сейсмик хавфсизликни таъминлаш соҳасини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилмоқда. Мазкур жамғармага республика бюджетидан амалий тадқиқотлар ва инновацион ишларнинг илмий-техник дастурлари учун ажратилган грант маблағлари ҳисобидан жорий йилда 20 млрд сўм, келгуси йилларда эса эҳтиёжлардан келиб чиққан ҳолда ажратилади. Шу қаторда, хорижий молия институтлари ва донорлар техник кўмак маблағлари ва грантлари, жамғарманинг бўш турган маблағларини тижорат банкларининг депозитларига жойлаштиришдан олинадиган даромадлари соҳани ривожлантиришга йўналтирилади.

Жамғарманинг маблағлари эса илмий тадқиқотларга кўмаклашиш, тадқиқот ишларини қўллаб-қувватлаш учун грантлар ажратиш, кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, илмий лабораторияларни зарур асбоб-ускуналар, ҳисоблаш техника воситалари ҳамда бутловчи материаллар билан таъминлаш, сейсмик хавфсизлик соҳасида рақамлаштирилган технологияларни жорий этиш, сейсмик чидамли қурилиш бўйича миллий дастурларни ишлаб чиқиш, шунингдек, юксак илмий натижаларга эришган ва фан ривожига муносиб ҳисса қўшган олимларни қўллаб-қувватлашга сарфланади.

Президент қарори билан Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети “Муҳандислик сейсмологияси” таълим йўналиши ва мутахассислиги, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети “Сейсмология ва сейсмометрия” таълим йўналиши ва мутахассислиги бўйича кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш юзасидан базавий ОТМ этиб белгиланди.

Ушбу ОТМларда 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб тегишлича тартибда “Муҳандислик сейсмологияси” ва “Сейсмология ва сейсмометрия” таълим йўналишлари ва мутахассисликлари бўйича бакалавриат ҳамда магистратура босқичларида ўқув жараёнлари йўлга қўйилади.

Турин политехника университети қошида Бино ва иншоотларни экспериментал тадқиқ қилиш илмий-техник лабораторияси ташкил этилади ва Лаборатория томонидан ўтказиладиган тадқиқот синовларининг асосий йўналишлари тасдиқланмоқда. Лаборатория Турин политехника университетининг Технопарки биносида ташкил этилади. Лаборатория штат бирликлари Турин политехника университетининг профессор-ўқитувчилари, докторантура изланувчилари ҳамда “Қурилиш материаллари ва конструкциялари” лаборатория ходимларини мақбуллаштириш ҳисобидан жамланади.

2021 йил 1 апрелдан бошлаб республиканинг сейсмик фаол ҳудудида жойлашган мавжуд бино ва иншоотлар, шунингдек, кўп қаватли турар жойларнинг сейсмик заифлигини баҳолаш учун зарур бўлган маълумотларни назарда тутувчи электрон техник паспортлари шакллантирилади.

2021 йил 1 майдан бошлаб янги қурилиши режалаштирилаётган кўп қаватли бино ва иншоотларнинг конструктив тизими, қурилиш майдонининг сеймик даражаси, юк кўтарувчи конструкциялар материалларининг мустаҳкамлик кўрсаткичларини назарда тутувчи электрон техник паспортларни шакллантириш амалиёти йўлга қўйилади.

2021 йил 1 декабрга қадар “Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ва ҳудудининг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади.

Бундан ташқари, 2021 йил 1 мартга қадар 2030 йилгача бўлган муддатда Сейсмология, иншоотларнинг сейсмик мустаҳкамлигини ва сейсмик хавфсизликни таъминлаш соҳасини ривожлантириш концепцияси ишлаб чиқилади.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати