"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
ДАВЛАТ ДАСТУРИ ИЖРОСИ: ИҚТИСОДИЁТНИ РИВОЖЛАНТИРИШ УСТУВОР ЙЎНАЛИШЛАРИ БЎЙИЧА ЯРИМ ЙИЛЛИК САРҲИСОБ
345 | 11 Авг. 2020 й.

II. Молия тизимини ислоҳ қилиш, бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш тизимини янада такомиллаштириш, қўшимча имконият ва манбалар ҳисобидан бюджет дефицитини камайтириш бўйича

 

2.1. Давлат молиявий назорати.

Молия вазирлиги ҳамда Жаҳон банки ҳамкорлигида “Институционал салоҳиятни ошириш” лойиҳаси доирасида давлат ички молиявий назорати, яъни давлат ички аудит ва ички назорат тизимини тубдан ислоҳ қилиш амалга оширилиши бошланганини инобатга олиб, “Давлат ички назорати ва ички аудити тўғрисида”ги ва “Давлат молиявий назорати тўғрисида”ги қонунлар ўрнига уларни бирлаштирган ҳолда ягона “Давлат молиявий назорати тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. (Давлат дастурининг 65-банди).

2020 йилнинг 1-ярим йиллигида 2584 та молиявий назорати тадбирлари ўтказилди. Молиявий назорат тадбирларининг асосий қисми 2010 таси (79%) бюджет маблағларини мақсадли ишлатилиши юзасидан ўтказилган бўлиб, назорат тадбирларида 81,7 млрд.сўм миқдорида бюджет интизомини бузиш, пул ва товар моддий бойликлар камомади каби ҳолатлар аниқланди.Назорат тадбирлари давомида кўрилган чора-тадбирлар натижасида ноқонуний сарфланган маблағларнинг 57,4 млрд.сўми (70%) тегишли бюджетларга тикланиши таъминланди.

Бюджет қонунчилиги бузилган бюджетдан маблағ олувчи ташкилотларнинг 47 нафар раҳбарлари ва бошқа манбасдор шахслари ўрнатилган тартибда 35 млн.сўм миқдорида жарима торитилган.

Шунингдек, 1246 та назорат тадбирларида аниқланган 79,4 млрд.сўмлик қонунбузилиш ҳолатлари қонуний чоралар кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юборилган.
 

2.2. Давлат қарзи.

Давлат дастурига мувофиқ, Давлат қарзи тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва АҚШ Ғазначилиги ўртасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумга мувофиқ, АҚШ Ғазначилигининг консультанти Томас Натан Лейниер (Thomas Nathan Lanier) кўмагида тайёрланмоқда. (Давлат дастурининг 67-банди).

2020 йил 1 апрель ҳолатига, Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан ва давлат кафолати остида жалб қилинган қарз қолдиғи 18,2 млрд. АҚШ доллари эквивалентини ёки ялпи ички маҳсулотга (ЯИМ) нисбатан 31,3 фоизни ташкил этган.

Хусусан, I чоракда давлат ташқи қарзи 0,5 млрд. АҚШ долларига ёки йил бошига нисбатан 2,9 фоизга ошиб, жорий йилнинг 1 апрель ҳолатига 16,11 млрд. АҚШ долларига ёки ЯИМга нисбатан 27,7 фоизга етган. Шундан, Ҳукумат номидан жалб қилинган ташқи қарз - 10,9 млрд. АҚШ долларини, Ҳукумат кафолатлаган ташқи қарз – 5,2 млрд. АҚШ долларини ташкил этмоқда.

Давлат ички қарзи 20,0 трлн. сўмни (2,1 млрд. АҚШ доллари) ёки ЯИМга нисбатан 3,6 фоизни ташкил этди. Шундан, Ҳукумат номидан жалб қилинган ички қарз – 1,7 трлн. сўм (0,2 млрд. АҚШ доллари)ни, Ҳукумат кафолатлаган ички қарз – 18,3 трлн. сўм (1,9 млрд. АҚШ доллари)ни ташкил этган.

Давлат ташқи қарзи (жами - 16,1 млрд. АҚШ доллари) манбаларининг тақсимланиши:

  • Осиё Тараққиёт банки – 3,9 млрд. АҚШ доллари;
  • Хитой эксимбанки ва давлат тараққиёти банки – 3,6 млрд. АҚШ доллари;
  • Жаҳон банки – 2,7 млрд. АҚШ доллари;
  • Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги ва халқаро ҳамкорлик агентлиги банки – 2,0 млрд. АҚШ доллари;
  • Ислом тараққиёт банки – 0,8 млрд. АҚШ доллари;
  • Бошқа халқаро молиявий ташкилотлар – 2,1 млрд. АҚШ доллари;
  • Суверен халқаро облигациялар – 1 млрд. АҚШ доллари.

Жаҳон банки ва Халқаро валюта жамғармасининг Қарз барқарорлиги таҳлилига кўра, ўзининг иқтисодий салоҳияти бўйича Ўзбекистон Республикасининг давлат қарзига хизмат кўрсатиш салоҳияти кучли ҳисобланади ва ушбу мамлакатларда давлат ташқи қарзи учун меъёр Ялпи ички маҳсулотнинг 50 фоизгача ташкил этиши мумкин.

Ички имкониятлар чекланган ҳолатда, давлат ташқи қарзи, асосан инфратузилма, саноат ва қишлоқ хўжалиги лойиҳаларига йўналтирилмоқда. Хусусан, 2020 йилнинг 1 чораги якуни бўйича жами давлат ташқи қарзининг 30 фоизи ёки 4,8 млрд. АҚШ доллари энергетика соҳасига, 13 фоизи ёки 2,1 млрд. АҚШ доллари транспорт инфратузилмасига, 11 фоизи ёки 1,8 млрд. АҚШ доллари сув таъминоти, канализация ва бошқа уй-жой коммунал инфратузилмасини ривожлантиришга йўналтирилган маблағлар ҳиссасига тўғри келади.


0
Похожие новости