"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ДАВЛАТ ДАСТУРИ АМАЛДА: ЛИЦЕНЗИЯЛАШ ВА РУХСАТНОМАЛАР БЕРИШ ТАРТИБЛАРИ ҚИСҚАРМОҚДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 24 январь куни Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида тадбиркорларни кўп қийнайдиган соҳа – лицензиялаш ва рухсатномалар бериш тартибларини жиддий ўзгартириш, мавжуд 280 га яқин лицензия ва рухсатномалар сонини камида 2 баробар қисқартириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилганди.

Ушбу вазифа ижросини таъминлаш чора-тадбири 2020 йилги “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” Давлат Дастурининг 87-бандида ўз аксини топган бўлиб, бу борада норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш назарда тутилди.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, барча лицензияланадиган фаолият ва рухсатномалар тегишли ваколатли органлар ҳамкорлигида бирма-бир таҳлил қилинди. Бунда 266 та лицензияланадиган фаолият йўналишлари ва тадбиркорлик соҳасидаги 137 та рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар қамраб олинди.

Ўтказилган таҳлиллар ҳанузга қадар бюрократик расмиятчиликка йўл қўйилаётгани, лицензия ва рухсатномалар бир-бирини такрорлаши, соҳада ахборот технологияларини жорий этиш талаб даражасида эмаслигини кўрсатди. Ушбу ўрганишлар натижасида ишлаб чиқилган таклифлар эса, тегишли ҳужжат лойиҳасига киритилди ва у жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

Куни кеча Давлат раҳбарининг “Лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилиниб, жорий йилги Давлат Дастурининг 87-банди ижро этилди.

Мазкур Фармонг билан 200 га яқин бюрократик жараёнлар қисқартирилмоқда.

Шунингдек, соҳага илк маротаба хабардор қилиш тартиби алоҳида институт сифатида жорий этилмоқда ҳамда 17та лицензияланадиган фаолият йўналишлари ва 14 турдаги рухсатномалар хабардор қилиш механизмига ўтказилмоқда.

Хусусан, мактабдан ташқари таълим, чет тилларни ўргатиш бўйича ўқув курслари, ломбард, ветеринария даволаш, алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилиш каби фаолиятларини ваколатли органларни хабардор қилиш орқали бошлаш мумкин бўлади. Оммавий ахборот воситасини рўйхатга олиш эндиликда хабардор қилиш тизимига ўтади.

Шу билан бир қаторда, 70 та лицензияланадиган фаолият йўналишлари ва 35 та рухсатномани бекор қилиш ёки муқобил шаклларга ўтказиш назарда тутилмоқда. Мазкур йўналишда аудиторлик, баҳолаш, риэлторлик, фонограммаларни тайёрлаш, юкларни автомобиль транспортида шаҳарда, шаҳар атрофида ва шаҳарлараро ташиш фаолиятига лицензиялар бекор қилинмоқда. Шунингдек, хорижий ишчи кучларини жалб қилишга рухсатнома ва спорт иншооти объекти паспортини олиш ҳам бекор қилинмоқда.

Фармонга мувофиқ, лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш жараёнлари тўлиқ электронлаштирилиб, бунинг учун «Лицензия» ахборот тизими ишлаб чиқилади ҳамда барча лицензия, рухсатнома ва хабарномаларни ягона портал орқали ҳужжат топшириш, кўриб чиқиш ва уни бериш амалиёти йўлга қўйилади.Бу ўринда ваколатли органларга мурожаат қилиш, ҳужжатларни топшириш фақат электрон тарзда амалга оширилади.

Фармонда шунингдек, 115 та лицензия ва рухсат бериш хусусиятига эга ҳужжатларни олиш тартиб-таомилларини янада қисқартириш ва соддалаштиришга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш белгиланмоқда ҳамда 14 турдаги фаолият тури бўйича ҳужжатларни расмийлаштириш муддатлари қисқартирилмоқда.

Фармонга мувофиқ, 2021 йил 1 январдан бошлаб:

- 37 та лицензия ва 10 та рухсатнома бекор қилинади;

- 16 та лицензия ва 11 та рухсатнома бирлаштириш йўли билан бекор қилинади;

- 17 та лицензия ва 14 та рухсатномалар хабардор қилиш тартиби жорий этилиши йўли билан бекор қилинади;

- 14 та турдаги лицензия ва рухсатномаларни расмийлаштириш муддатлари қарийб 2 бараварга қисқартирилди;

- 115 та лицензия ва рухсат бериш хусусиятига эга ҳужжатларни олиш тартиб-таомиллари янада соддалаштирилади.

2021 йил 1 январдан бошлаб бекор қилинадиган лицензияланадиган фаолият турлари рўйхати:

Аудиторлик фаолияти;

Аудиовизуал асарларни, фонограммаларни ва ЭҲМ учун яратилган дастурларни такрорлаш фаолияти;

Фонограммаларни тайёрлаш фаолияти;

Қимматли қоғозлар бланкаларини ишлаб чиқариш фаолияти;

Телекоммуникациялар тармоқларини лойиҳалаштириш, қуриш, улардан фойдаланиш ва уларга хизмат кўрсатиш фаолиятини лицензиялашда:

- умумий фойдаланиш пунктлари, шу жумладан қишлоқ жойлардаги кичик тадбиркорлик субъектларининг умумий фойдаланиш пунктлари томонидан маълумотларни узатиш тармоқлари хизматларини кўрсатиш;

- қишлоқ жойлардаги кичик тадбиркорлик субъектлари томонидан маҳаллий телекоммуникация тармоқлари орқали хизмат кўрсатиш;

- қишлоқ жойлардаги кичик тадбиркорлик субъектлари томонидан шаҳарлараро телекоммуникациялар тармоқлари орқали хизмат кўрсатиш;

- қишлоқ жойлардаги кичик тадбиркорлик субъектлари томонидан халқаро телекоммуникациялар тармоқлари орқали хизмат кўрсатиш.

Қимматли қоғозлар бозоридаги профессионал фаолиятни лицензиялашда инвестиция фонди фаолияти;

Кўприклар ва тоннелларни лойиҳалаштириш, қуриш, улардан фойдаланиш ва уларни таъмирлаш фаолиятини лицензиялашда кўприклар ва тоннеллардан фойдаланиш фаолияти;

Мудофаа объектларини лойиҳалаштириш, қуриш, улардан фойдаланиш ва уларни таъмирлаш фаолияти;

Ахборотнинг криптографик ҳимоя воситаларини лойиҳалаштириш, тайёрлаш, ишлаб чиқариш, реализация қилиш, таъмирлаш ва улардан фойдаланиш фаолиятини лицензиялашда:

- ахборотнинг криптографик ҳимоя воситаларини лойиҳалаштириш;

- ахборотнинг криптографик ҳимоя воситаларини таъмирлаш;

- ахборотнинг криптографик ҳимоя воситаларидан фойдаланиш

Баҳолаш фаолияти;

Риэлторлик фаолияти;

Вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар ҳарбий хизматчилари ҳамда ходимларининг тасдиқланган намунадаги формали кийим-боши савдоси бўйича фаолият;

Қимматбаҳо ва нодир металларни, қимматбаҳо тошларни қазиб олиш фаолияти;

Фармацевтика фаолияти (дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана реализация қилиш бундан мустасно):

- тиббиёт буюмлари ишлаб чиқариш;

- тиббий буюмлари тайёрлаш;

- тиббий буюмларини улгуржи реализация қилиш;

- доривор ўсимлик хомашёсини қадоқлаш ва улгуржи сотиш.

Ёнғинга қарши автоматика воситаларини, қўриқлаш, ёнғиндан дарак берувчи ва ёнғиндан сақлаш сигнализацияларини лойиҳалаштириш фаолияти;

Автомобиль транспортида йўловчиларни ва юкларни шаҳарда, шаҳар атрофида, шаҳарлараро ва халқаро йўналишлар бўйича ташиш фаолиятини лицензиялашда:

- юкларни автомобиль транспортида шаҳарда ва шаҳар атрофида ташиш фаолияти;

- юкларни автомобиль транспортида шаҳарлараро ташиш фаолияти.

Фармонга кўра, хабардор қилиш тартиби жорий этилган фаолият (ҳаракат) учун расмийлаштирилган лицензия ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларнинг амал қилиши ўз кучида қолади ва ушбу фаолият (ҳаракат)ни амалга ошириш учун ваколатли органни хабардор қилиш талаб этилмайди.

2021 йил 1 январдан бошлаб:

- туризм фаолиятини лицензиялашда туроператорлар хизматларини сертификатлаш ихтиёрий этиб белгиланади.

Қуйидагилар бекор қилинади:

  • кредит бюролари фаолиятини лицензиялашда камида 10 та тижорат банки билан кредит алмашинувини амалга оширишга розилигини тасдиқловчи ҳужжат мавжудлиги талаби;
  • дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана реализация қилиш фаолиятини лицензиялашда ушбу фаолият учун лицензияга эга бўлган юридик шахслар томонидан уларнинг худди шундай фаолият билан шуғулланувчи филиаллари ташкил этилганда ҳар бир филиал манзилини асосий лицензияда кўрсатиш амалиётини жорий қилиш орқали филиалларга алоҳида лицензия расмийлаштириш амалиёти;
  • ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун лицензия олишда талабгордан маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг кафолат хатларини олишни талаб қилиш тартиби.

Хулоса ўрнида айтиш жоизки, ушбу ҳужжатни ҳаётга татбиқ этиш орқали лицензиялаш ва рухсат бериш тизимидаги маъмурий тартиб-таомиллар бирхиллаштирилади (унификацияланади), бу, ўз навбатида, бизнес ва давлат органларининг масъулиятини оширишга олиб келади, ушбу муносабатларда коррупция имкониятлари кескин жиловланади.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати