"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
ДАВЛАТ БОШҚАРУВИ ТИЗИМИДАГИ ИСЛОҲОТЛАР УЧИНЧИ РЕНЕССАНС САРИ ДАДИЛ ҚАДАМ
817 | 31 Авг. 2020 й.

Элдор ТУЛЯКОВ,
«Тараққиёт стратегияси» маркази
ижрочи директори

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг йигирма тўққиз йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида бугун жаҳон миқёсида юртимиз ҳақида сўз кетганда “Янги Ўзбекистон” ибораси тилга олинаётгани, бу кейинги йилларда тараққиётнинг мутлақо янги босқичига қадам қўйганимиз, эришаётган залворли ютуқларимизнинг эътирофи эканини алоҳида таъкидлади.

Дарҳақиқат, кейинги вақтларда мамлакатимизда барча соҳаларда амалга оширилаётган янги босқичдаги ислоҳотлар ўз меваларини бера бошлаб, Ўзбекистонда янги бир уйғониш – Учинчи Ренессанс даврига пойдевор яратилмоқда.

Мазкур янгиланишлар давлат бошқаруви тизимининг самадорлигини оширишга қаратилгани билан ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Яқин истиқболдаги инновацион тараққиётимизнинг дастуриламали бўлган Ҳаракатлар стратегиясининг биринчи йўналиши ҳам айнан давлат бошқаруви тизими ва жамият қурилиши соҳасидаги ислоҳотларга бағишлангани бежиз эмас. Янги Ўзбекистонда демократик давлат бошқаруви тизимини ислоҳ қилиш “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак”, деган юксак ғояга асосланган ҳолда амалга оширилмоқда. Бу борада ҳозирга қадар қилинган саъй-ҳаракатларни таҳлил этсак, қуйидаги муҳим жиҳатларни кўриш мумкин.

1. Халқ билан мулоқот қилиш, инсонлар дарди, муаммоларини самарали, тезкор ҳал қилишнинг сифат ва мазмун жиҳатдан мутлақо янги тизими яратилди. Олиб борилган ишлар самараси ўлароқ, давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштиришнинг устувор вазифалари бўйича бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, йиллар давомида тўпланиб қолган муаммоларни ечиш, соҳани тўлақонли тартибга солиш амалга оширилмоқда. (1-расм)

Инсон манфаатларини таъминлаш, одамлар билан мулоқот қилиш, халқнинг дарду ташвишлари, ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини яхши билиш ва ҳал қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал ва Халқ қабулхоналари ташкил этилди. Мазкур тузилмалар давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг самарадорлиги, шунингдек, жойлардаги муаммоларни чуқур таҳлил этиш механизми ва давлат органлари ҳамда мансабдор шахсларнинг жамият олдидаги масъулиятини ошириш, уларнинг фаолиятини баҳолаш мезонига айланди. “Менинг фикрим” жамоавий мурожаатлар портали ишга туширилди. Фуқароларга Олий Мажлис палаталари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига Электрон жамоавий мурожаат бериш имконияти яратилди. Мурожаатлар билан ишлаш тизимининг қонунчилик асосларини янада мустаҳкамлаш мақсадида “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонун янги таҳрирда қабул қилинди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси дастурининг қўшимча қулайликларга эга янги версияси ишлаб чиқилди.

2. Жаҳон андозаси бўлган “тарозилар палласи” (checks and balances) тамойилининг амалда ўз аксини топишига эришилди. Жумладан, Бош вазир ўринбосарлари, вазирлар ва давлат қўмиталари раислари номзодини Бош вазир тақдимига биноан Қонунчилик палатаси томонидан маъқуллаш ва Президент томонидан тасдиқлаш тартиби белгиланди. (2-расм).

Шу билан бир қаторда, Ҳукумат аъзолигига номзоднинг соҳани ривожлантириш бўйича яқин муддатга ва истиқболга мўлжалланган ҳаракат дастури билан депутатлар олдида чиқиш қилиш тартиби жорий этилди; Ҳукумат аъзосининг ўз ҳаракат дастури ижросини амалга оширишига доир масалалар юзасидан ахбороти Олий Мажлис палаталари, уларнинг қўмиталарида мунтазам эшитиб борилиши амалиёти йўлга қўйилди; вилоят, туман ва шаҳар давлат органлари раҳбарлари тегишли халқ депутатлари Кенгашлари томонидан тасдиқланиши белгиланди. Қонунчилик палатасида давлат бошқаруви органлари мутасаддиларининг ахборотини эшитиш бўйича “Ҳукумат соати”ни ўтказиб бориш анъана тусини олди. Қуйи палатада давлат бюджети, иқтисодиёт, пул-кредит сиёсати масалаларида, шунингдек, давлат бюджети ижроси устидан самарали парламент назоратини таъминлашда депутат ва сенаторларга профессионал, мустақил ва холис ахборот таҳлилий, экспертлик хизмати кўрсатиш мақсадида Давлат бюджети бошқармаси ташкил этилди. Парламент ва ижро ҳокимиятининг ҳамкорлиги кучайтирилди. Масалан, Вазирлар Маҳкамасининг Олий Мажлис палаталаридаги доимий вакили лавозими таъсис этилди ва унинг ҳуқуқий мақоми белгиланди. Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг жойлардаги долзарб муаммоларни ҳал этишдаги роли оширилди. Маҳаллий ҳокимият органлари раҳбарларининг ҳисоботларини эшитиш тизими янгича, халқчил кўринишда йўлга қўйилди.

3. Нормарказлаштириш сиёсати намунаси ўлароқ, “ҳудудлардаги муаммони, энг аввало, ўша ҳудудда ишлайдиган ва яшайдиган инсонлар яхши ҳал қила олади”, деган фикрдан келиб чиққан ҳолда давлат аппаратининг институционал тизими қайта кўриб чиқилиб, уни оптималлаштириш, самарадорлигини ошириш бўйича муҳим ислоҳотлар амалга оширилди. Шу жумладан, ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича мутлақо янги тизим – секторлар фаолияти йўлга қўйилди. Яъни, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар ҳудудлари тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри, туманлар (шаҳарлар) ҳокимлари, прокурорлари, ички ишлар ва давлат солиқ хизмати раҳбарлари бошчилик қиладиган комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича 4 та секторга бўлинди. Республика даражасида қарорлар қабул қилишда маҳаллий ҳокимликларнинг иштирокини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг Регламентига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш орқали ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва маҳаллий дастурларга доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан келишиш тартиби жорий қилинди. Ўз навбатида, Сенатда доимий асосда ишловчи сенаторлар ҳудудлардаги маҳаллий Кенгашларга масъул этиб бириктирилди.

4. Давлат хизматларини кўрсатиш тизимига инновацион ёндашув жорий этилиб, фуқароларга нисбатан бюрократик сансолорлик, сарсонгарчилик ҳолатларини тубдан ислоҳ қилишда катта қадамлар ташланди. Авваллари фуқаролар турли норасмий тўловлар, коррупция ҳолатларидан азият чеккан бўлса, давлат хизматларини кўрсатишда инсон омилининг камайтирилиши ҳисобига бундай муаммоларга чек қўйилмоқда. Хусусан, мазкур соҳадаги давлат сиёсатини амалга ошириш масъулияти юкланган алоҳида давлат органи – Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари ташкил этилди. Шунингдек, тадбиркорлик субъектларига “ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш ягона марказлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг туман (шаҳар)лардаги Халқ қабулхоналари ҳузурида фаолият юритувчи Давлат хизматлари марказларига айлантирилди. “Ягона дарча” тамойили нафақат тадбиркорлик субъектларига, балки бевосита фуқароларга ҳам хизмат кўрсатишда амал қиладиган бўлди. Хусусан, республика бўйича ташкил этилган Давлат хизматлари марказлари томонидан 2018 йилнинг бошида жами 37 турдаги давлат хизматлари кўрсатилган бўлса, 2019 йилга келиб уларнинг сони 130 га етди (қарийб 3 баравар). 2020 йилдан бошлаб Марказлар орқали 143 та давлат хизматлари кўрсатилиши йўлга қўйилди. Марказлар орқали 2017 йилда 120 мингга яқин давлат хизматлари кўрсатилган бўлса, хизмат турлари ортганлиги ҳисобига, кўрсатилган давлат хизматлари сони 2019 йилда 11,3 млн.га етди (2018 йилга нисбатан 2,3 баравар кўп). (3-расм).

“Онлайн маслаҳатчи” модули яратилди ва жами 94 та давлат ташкилот ва идоралари мазкур модулда бирлаштирилди. 24 та давлат хизматлари электрон шаклга ўтказилиб, хизматлар сони 157 тага етказилди. Жисмоний ва юридик шахслар давлат хизматларини экстерриториал тамойил бўйича, яъни фуқароларнинг яшаш ва юридик шахсларнинг почта манзилидан қатъи назар, республиканинг ҳар қандай ҳудудида олиш имконига эга бўлдилар.

Шубҳасиз, бу саралаш бошқарув соҳасидаги ислоҳотларнинг фақатгина кичик бир қисмини қамраб олган, холос. Бироқ, шуни айтиш лозимки, давлат бошқаруви тизимидаги ўзгаришлар бошқа соҳалардаги ислоҳотларнинг ҳам муваффақияти гарови бўлиб қолмоқда. Ишонч билан қайд этиш мумкинки, айнан шу соҳадаги ислоҳотлар самараси Давлат раҳбари томонидан таъкидланганидек, Ўзбекистондаги янги бир уйғониш – Учинчи Ренессанс даврининг пойдеворига тамал тоши вазифасини бажаради.

 


0
Похожие новости