• Ўзбек
  • Давлат дастури 2021
"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
2020 ЙИЛ – “ИЛМ, МАЪРИФАТ ВА РАҚАМЛИ ИҚТИСОДИЁТНИ РИВОЖЛАНТИРИШ ЙИЛИ” ДАВЛАТ ДАСТУРИ ҲАҚИДА
682 | 16 Сен. 2020 й.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 2 мартдаги “2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги Фармони билан “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” Давлат дастури қабул қилинди.

Давлат дастурининг биринчи йўналишида 38 та, иккинчи йўналишида 22 та, учинчи йўналишида 96 та, тўртинчи йўналишида 84 та, бешинчи йўналишида 44 та чора-тадбирларни амалга ошириш белгиланган.

Давлат дастурининг жами 284 та бандини амалга ошириш учун 18 171,4 млрд. сўм ва 10 301,5 млн. АҚШ доллари миқдорида маблағ сарфланиши назарда тутилган.

Биринчи йўналишда Қонунчилик палатаси ва Сенат фаолиятида “Электрон парламент” тизимини, маҳаллий вакиллик органлари фаолиятида Кенгаш сўрови институтини жорий этиш; “Mening fikrim” веб-порталининг мобиль иловасини ишга тушириш ва унга келиб тушаётган мурожаатларни депутатлар, мутахассислар ва кенг жамоатчилик иштирокида ОАВлар орқали муҳокама қилиб бориш; парламентнинг қонун ижодкорлиги ва назорат фаолиятини кучайтиришга қаратилган чора-тадбирлар дастури, тўғридан-тўғри амал қилувчи қонунларни ишлаб чиқиш бўйича “йўл харита”си, Аҳолининг электорал маданиятини юксалтириш концепцияси ҳамда Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг ўрта ва узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган стратегиясини қабул қилиш режалаштирилган.

Иккинчи йўналишда “Судлар тўғрисида”ги Қонуннинг янги таҳрири, шунингдек, судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятини тартибга солувчи ҳамда Жиноят ва Жиноят-процессуал, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари кафолатларини кучайтиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчаларни киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш; 1995 йилгача Ўзбекистонда фуқаролиги бўлмаган шахс гувоҳномаси асосида доимий истиқомат қилаётган шахсларни Ўзбекистон Республикаси фуқароси, деб тан олиш; суд тизимида назорат тартибида иш юритиш институтини бекор қилиш; тадбиркорлик соҳасидаги ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноят турларини декриминализация қилиш; маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколатини жиноят ишлари бўйича судлар ваколатига ўтказиш; кўчмас мулк харид қилишда Ўзбекистон фуқароларига Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий пропискага эга бўлиш талаби ҳамда фуқаролар томонидан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги янги қурилган уйларда кўчмас мулк олди-сотдиси шартномаларини расмийлаштириш учун давлат божининг алоҳида ставкасини бекор қилиш тартибини бекор қилиш назарда тутилган.

Учинчи йўналишда “Рақамли Ўзбекистон – 2030” дастури лойиҳасини ишлаб чиқиш; “Давлат молиявий назорати тўғрисида”ги, “Давлат қарзи тўғрисида”ги, “Расмий статистика тўғрисида”ги қонун лойиҳалари, Автомобиль йўлларини ривожлантириш ва Молиявий хизматлар оммабоплигини ошириш стратегиялари, Ташқи иқтисодий фаолиятни тартибга солиш ва Сув хўжалигини ривожлантириш концепциялари, Қишлоқ хўжалигида рақамли технологияларни кенг жорий этиш бўйича амалий чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш; лицензиялар ва бошқа рухсат берувчи ҳужжатлар сонини камида 2 бараварга қисқартириш; экспортни олдиндан молиялаштиришга қаратилган Экспорт-кредит агентлигини ташкил қилиш; “Э-омбор” товарларни ҳисобга олишнинг электрон тизимини жорий этиш; камида 800 мингта кенг полосали Интернет портларини яратиб, 12 минг км. оптик толали алоқа линияларини ётқизиш; давлат хизматларини рақамли шаклга трансформация қилиш ва ахборот экотизимини ривожлантириш; маълумотлар фақат битта давлат органи ёки унинг бўлинмаларида шакллантириладиган “маълумотларнинг ягона манбаи” тамойилини жорий этиш; рақамли иқтисодиётни ривожлантиришга ёшларнинг энг илғор лойиҳаларини жалб этиш мақсадида “Халқаро ёшлар инновация форуми” ҳамда форум доирасида “Энг яхши лойиҳалар” танловини ўтказиш чора-тадбирлари назарда тутилган.

Тўртинчи йўналишда Уй-жой кодексининг янги таҳрири, Экология кодекси лойиҳаси, “Сув таъминоти ва оқава хизматлар тўғрисида”ги ва “Кинематография тўғрисида”ги қонун лойиҳалари, Аҳоли бандлигини таъминлаш ва янги иш ўринларини ташкил этиш давлат дастури, Китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш миллий дастури, Илм-фан соҳасини ривожлантириш, Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, Ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимини ривожлантириш концепциялари, Қурилиш соҳасини ривожлантириш стратегияси, Камбағалликни қисқартириш дастури лойиҳаларини ишлаб чиқиш; 30 та коллеж базасида ҳамда Тошкент шаҳрининг ҳар бир туманида камида биттадан “Ишга марҳамат” мономарказлари ва касбга тайёрлаш марказларини ташкил этиш; 6 ёшли болаларни мактабга тайёрлаш тизимини жорий этган ҳолда, мактабгача таълим билан қамраб олиш даражасини 60 %га етказиш; ОТМларда асосий мутахассисликка алоқаси бўлмаган фанлар сони икки бараварга қисқартириш ва давлат гранти асосида ўқишга қабул қилиш бўйича давлат буюртмаси параметрлари босқичма-босқич икки бараварга ошириш; пенсияни ҳисоблашда меҳнат стажини тасдиқлаш ва иш ҳақи миқдорини белгилаш “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплексида мавжуд маълумотлар асосида амалга оширишни ҳамда “Давлат фуқаролик хизмати ягона электрон ахборот-таҳлилий тизими” аппарат-дастурий комплексини жорий этиш чора-тадбирлари кўзда тутилган.

Бешинчи йўналишда 2020-2023 йилларга мўлжалланган Киберхавфсизликка доир миллий стратегия ҳамда “Киберхавфсизлик тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш; Ўзбекистон Республикасининг ягона ахборот сиёсати концепциясини тасдиқлаш; “Халқлар дўстлиги ва умумхалқ бирдамлик куни”ни жорий этиш; Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг миллий стратегиясини тасдиқлаш; Марказий Осиё мамлакатлари билан минтақавий ҳамкорлик доирасида комбинациялаштирилган туризмни “битта тур – кўп мамлакатлар” тамойили асосида ривожлантириш ҳамда Ўзбекистоннинг тарихий обидалари ва сайёҳлик салоҳиятини фаол равишда тарғиб қилишга йўналтирилган чора-тадбирлар амалга ошириш; БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига 2021-2023 йилларга сайланиши учун Ўзбекистон номзодини илгари суриш бўйича амалий чора-тадбирларни жадаллаштириш; Марказий Осиё бўйича Европа Иттифоқининг янгиланган Стратегиясини амалга оширишда Ўзбекистоннинг фаол иштирокини таъминлаш чораларини кўриш; парламентаризмни ривожлантириш бўйича Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ўқув марказини ташкил этиш чора-тадбирлари амалга ошириш белгиланган.

Президентининг 2020 йил 2 мартдаги ПФ-5953-сонли Фармонида Давлат дастури ижросини самарали ташкил этиш бўйича “Халқаро мунозара клуби” фаолиятини йўлга қўйиш; Вазирлар Маҳкамаси томонидан ҳар ойда Давлат дастури бажарилишини Бош вазир ўринбосарлари ва маслаҳатчилари ҳузурида танқидий кўриб чиқиб, ҳар чоракда Ҳукумат мажлисларида муҳокама қилиб бориш; Олий Мажлис палаталари ҳар чоракда Бош вазир ва Ҳукумат аъзоларининг Давлат дастури бажарилиши юзасидан ахборотларини эшитиб бориши ҳамда бу борада Ҳукумат фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган таклифларни ишлаб чиқиши белгиланган.

“Тараққиёт стратегияси” маркази


0
Похожие новости