"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
ЯНГИ ФАРМОН: ТИЛ СИЁСАТИНИ РИВОЖЛАНТИРИШНИНГ СТРАТЕГИК МАҚСАДЛАРИ БЕЛГИЛАБ БЕРИЛДИ
1080 | 21 Окт. 2020 й.


Ўзбекистон Республикаси Президенти жорий йилнинг 20 октябрь куни “Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонни имзолади.

Ундан кўзланган мақсад – ўзбек тилининг халқимиз ижтимоий ҳаётида ва халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини тубдан ошириш, униб-ўсиб келаётган ёшларимизни ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларга садоқат руҳида тарбиялаш, мамлакатимизда давлат тилини тўлақонли жорий этишни таъминлаш, Ўзбекистондаги миллат ва элатларнинг тилларини сақлаш ва ривожлантириш, давлат тили сифатида ўзбек тилини ўрганиш учун шарт-шароитлар яратиш, ўзбек тили ва тил сиёсатини ривожлантиришнинг стратегик мақсадлари, устувор йўналиш ва вазифаларини ҳамда истиқболдаги босқичларини белгилашдир.

Фармонга мувофиқ:

2020-2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тасдиқланди.

Концепцияда:

мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётининг барча соҳаларида давлат тили имкониятларидан тўлиқ ва тўғри фойдаланишга эришиш;

таълим ташкилотларида давлат тилини ўқитиш тизимини янада такомиллаштириш, унинг илм-фан тили сифатидаги нуфузини ошириш;

давлат тилининг софлигини сақлаш, уни бойитиб бориш ва аҳолининг нутқ маданиятини ошириш;

давлат тилининг замонавий ахборот технологиялари ва коммуникацияларига фаол интеграциялашувини таъминлаш;

давлат тилининг халқаро миқёсдаги ўрни ва нуфузини ошириш, бу борада хорижий ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш;

мамлакатимизда истиқомат қиладиган барча миллат ва элатлар тилларини ривожлантириш мақсадида кенг ва тенг имкониятлар ҳамда уларга давлат тилини ўрганиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш масалалари назарда тутилди.

Шунингдек, Фармонга кўра:

2020-2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш концепциясини 2020-2022 йилларда амалга ошириш дастури;

2020-2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари тасдиқланди.

Асосий йўналишлар қуйидагиларни назарда тутади:

2025 йилга қадар давлат мактабгача таълим тизимида амалдаги мактабгача таълим муассасаларининг ҳудудларини кенгайтириш ёки янги қуриладиган муассасалар ҳисобига ўзбек тилли гуруҳлар қамровини 72 фоизга, 2030 йилгача эса 80 фоизга етказиш;

2030 йилга қадар умумтаълим мактабларида ўқув йиллари учун таянч ўқув режаларида ўзбек тили фанини ўқитиш кўламини амалдаги ҳафтада 84 соатдан 110 соатгача ошириш;

олий таълим муассасаларида ўзбек тили кафедралари сонини 2025 йилга қадар 120 тага, 2030 йилгача эса 140 тага етказиш;

лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида “Ўзбекистон миллий қомуси” жилдларини нашр этишни босқичма-босқич кўпайтириб бориш;

2020 йилда ўзбек тилининг луғат бойлигини оширувчи 15 та лингвистик, соҳавий-терминологик, изоҳли луғатлар яратиш;

телерадиоканаллар сухандон-бошловчиларининг ўзбек адабий тилидаги нутқ маданиятини оширувчи қайта тайёрлов курсларида ўқитиш тизимини жорий этиш ва қамровни 2030 йилгача 100 фоизга етказиш;

2025 йилга қадар давлат тилида соҳавий иш юритиш ҳужжатларининг ягона электрон намуналарини ишлаб чиқиш ва улардан фойдаланиш учун 14 та онлайн дастур ишлаб чиқиш, 2030 йилгача эса ушбу кўрсаткични 25 тага етказиш;

дастурий маҳсулотларнинг ўзбекча иловалари ва электрон луғат дастурларини яратиш;

хорижликлар учун ўзбек тилини ўргатувчи дастурлар яратиш;

2030 йилга қадар хорижий олий таълим муассасаларида ўзбек тилини ўргатувчи марказлар сонини амалдаги 17 тадан 60 тагача кўпайтириш;

2025 йилга қадар “Ўзбек тилининг дўстлари” клублари сонини 30 тага, 2030 йилгача эса 40 тага етказиш;

хорижий олий таълим муассасаларида ўзбек тили курсларини зарур илмий, ўқув-услубий, бадиий адабиётлар билан таъминлаш, ўзбек тилини ўргатишга доир илмий тадқиқотлар миқдорини ошириш.

Шу билан бир қаторда:

2021 йил 1 апрелдан бошлаб ўзбек тили ва адабиёти бўйича билимни баҳолашнинг миллий тест тизими асосида раҳбар кадрларнинг давлат тилида расмий иш юритиш даражаси аниқланади ҳамда масъул лавозимларга тайинланадиган шахслар учун давлат тилини билиш бўйича даража сертификатлари жорий этилади;

Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузуридаги Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш марказида ўзбек адабий тили меъёрлари ва давлат тилида иш юритиш бўйича қисқа муддатли (1-2 ойгача) ўқув курслари мунтазам равишда ташкил этилади.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан:

кўп жилдли “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”нинг тўлдирилган янги нашри (кирилл ва лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида);

“Ўзбек тилининг имло луғати”;

“Ўзбек тили синонимлари луғати”;

“Ўзбек тили синонимларининг катта изоҳли луғати”;

“Ўзбек тили фразеологизмларининг катта изоҳли луғати”;

“Ўзбек тили омонимлари луғати” китоблари чоп этилади.

Фармонда, шунингдек:

олий таълим муассасаларининг филология таълим йўналишларида “Компьютер лингвистикаси”, “Амалий филология” йўналишларини ташкил қилиш;

хорижий олий таълим муассасаларида ўзбек тили марказлари фаолиятини йўлга қўйиш;

ўзбек тилига оид барча илмий, назарий ва амалий маълумотларни ўзида жамлаган электрон кўринишдаги ўзбек тили миллий корпусини яратиш;

2021 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг марказий телеканалларда “Тилга эътибор”, “Она тилида сўзлашамиз”, “Нотиқлик маҳорати”, “Тил – миллат кўзгуси”, “Китоб билим манбаи”, “Билимли ёшлар – келажак бунёдкори” каби туркум кўрсатув ва эшиттиришларни ташкил этилиб, мунтазам равишда эфирга узатиб бориш чора-тадбирлари ҳам белгиланди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати.

 

Шарҳ қолдириш уч тизимга киринг

0
Похожие новости