"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

Рақамли технологиялар — суд тизими самарадорлигининг омили

 

Қарорга шарҳ

Бугунги глобаллашув шароитида рақамли технологиялар бутун дунё бўйлаб барча соҳаларга кенг жорий этилиб, инсоният ҳаёт тарзига жадал кириб бормоқда. Бу йўналишда самарали ишларга қўл ураётган давлатлар тез тараққий этаётгани кузатилмоқда.

Шу боис мамлакатимизда “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” деб эълон қилинган жорий йилда барча соҳа ва тармоқларда рақамли технологияларнинг илғор ютуқларидан кенг кўламда фойдаланишга қаратилган саъй-ҳаракатлар изчил амалга ошириб борилмоқда.

Хусусан, одамлар энг кўп мурожаат қиладиган соҳалардан бири — суд тизимида ҳам рақамлаштириш сиёсатини жадал амалга ошириш, бу орқали аҳолининг оғирини енгил қилиш, ортиқча оворагарчиликларга барҳам бериш ҳамда бюрократия ва коррупция ҳолатларини камайтириш, хизматлар кўрсатишни тезлаштириш чораларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Дарҳақиқат, бугунги кунда одил судловга эришиш, инсоннинг ўз қонуний ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қила олиш имкони бутун дунё бўйлаб долзарб масала бўлиб қолмоқда. Етакчи халқаро ташкилотлар, жумладан, World Justice Project таҳлилларига асосан, дунёда 1,5 миллиарддан ортиқ инсон одил судловга эриша олмай келмоқда. Коронавирус пандемияси туфайли юзага келган чекловлар, карантин чоралари бу муаммони янада ўткирлаштирди. Шу билан бирга, пандемия шароитида вужудга келган вазият кўп жиҳатдан рақамли технологияларнинг аҳамияти ва уларни турли соҳаларга кенг жорий этишнинг имкониятлари ва долзарблигини яна бир бор кўрсатиб берди. Юзага келган ҳолат янгича шароитларда ишлаш, шу жумладан, суд тизимининг самарадорлигини оширишда янги қирраларни очди.

Жаҳон тажрибаси шундан далолат бермоқдаки, суд-ҳуқуқ тизимига рақамли технологияларни жорий этиш одил судловни амалга ошириш, тизимнинг шаффофлиги ва самарадорлигини оширишда тамал тоши ҳисобланади. Масалан, Буюк Британияда иш юритишнинг рақамли инфраструктарасига ўтиш дастури (HM Courts&Tribunals Service Digital Case System) натижасида 2015 йилдан бери ишлатилган қоғоз ҳажмини 500 тоннага камайтириш, даъво аризасини топшириш вақтини 15 иш кунидан 10 дақиқагача қисқартиришга эришилган. Экспертлар фикрига кўра, 2023 йилга келиб, йилига 2 миллиондан ортиқ ишлар реал суд мажлислар залидан ташқарида ўтказилиши орқали 244 млн. фунт тежаб қолинади. Буюк Британиядаги CaseLines рақамли ҳужжатлар алмашинуви тизими самараси ўлароқ, Қироллик судида мажлислар ҳажми 50 фоизга қисқаришига эришилган. Бугунги кунда Сингапур судларидаги ҳужжатлар алмашинувининг 84 фоизи электрон технологиялар орқали амалга оширилмоқда, 400 га яқин юридик фирмалар эса ягона маълумотлар базасига кириш имконига эга. Видео-конференция алоқаси Венгрия, АҚШ, Буюк Британия, Нидерландия, Бельгия, Италия, Ирландия, Австралия, Бирлашган Араб Амирликлари, Сингапур, Канада каби етакчи давлатлар судларида кенг ишлатилмоқда. Шунингдек, Дубай халқаро молиявий маркази (DIFC) ва Smart Dubai биргаликда блокчейн технологияси асосида ҳужжатлар алмашинуви орқали ишлайдиган суд тизимини яратиш борасида ҳамкорлик қилмоқда.

Шу ўринда, мамлакатимизда бу соҳада амалга оширилаётган ишлар ҳам жаҳон андозалари талаблари асосида эканини қайд этиш лозим.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 4 сентябрдаги “Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори ҳам суд тизимининг самарадорлигини ошириш, суднинг аҳоли учун очиқ ва шаффофлигини таъминлаш бўйича истиқболдаги муҳим вазифаларни белгилаб бергани билан ҳам аҳамиятга моликдир.

Қарор билан 2020 — 2023 йилларда судлар фаолиятини рақамлаштириш дастурини амалга ошириш вазифаси белгиланганди. Жумладан, фуқаролар ва тадбиркорларга кўрсатиладиган интерактив электрон хизматлар кўпайтирилади, ҳар бир мурожаатни кўриб чиқиш жараёнини онлайн кузатиб бориш таъминланиб, суд биноларида интерактив хизматлардан эркин фойдаланиш имконияти яратилади.

Қарорга мувофиқ, судлар фаолиятини рақамлаштириш жараёнида:

– 2021 йил 1 январдан судларда суд мажлиси тарафларнинг илтимоси ва раислик қилувчининг розилиги билан аудиоёзувдан фойдаланган ҳолда қайд этиб борилади ҳамда суд мажлиси баёни шулардан фойдаланган ҳолда шакллантирилади;

– 2021 йил 1 июлдан апелляция ва кассация инстанцияси судларида ишлар судьялар ўртасида автоматик равишда тақсимланади;

– 2021 йил 1 октябрдан барча иштирокчилар суд мажлисининг вақти ва жойи ҳақида SMS хабар орқали бепул хабардор қилинади;

– 2022 йил 1 январдан суд қарорлари тарафларга онлайн тарзда, уларнинг илтимоси бўйича эса қоғоз шаклида тақдим этилади;

– 2022 йил 1 июлга қадар судлар фаолиятида қулайлик яратиш мақсадида ўнга яқин интерактив хизмат йўлга қўйилади;

– 2023 йил 1 январдан суд ишлари давлат архивига электрон шаклда топширилади ва қабул қилинади;

– судлар, Судьялар олий кенгаши ва Судьялар олий мактабида ахборот-коммуникация технологиялари инфратузилмаси яхшиланади.

Бундан ташқари, мазкур Қарорда 2022 йил 1 январдан бошлаб судлар фаолиятига қуйидаги имкониятларни берувчи “Адолат” ахборот тизимлари комплекси жорий этилади:

– давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, маҳаллий ҳокимиятлар, хўжалик бошқаруви органлари, адвокатлар томонидан судларга даъво, ариза ва шикоятларни фақат электрон шаклда тақдим этиш;

– манфаатдор шахслар томонидан даъво, ариза ва шикоятларни кўриб чиқиш жараёнини онлайн тарзда кузатиб бориш;

– суд мажлиси иштирокчилари томонидан маълумотлар ва ҳужжатларни электрон шаклда юбориш;

– суд ҳужжатларини автоматик равишда шакллантириш.

Қарорда 2020 йил якунига қадар суд мажлисларида видеоконференцалоқа режимида иштирок этиш имконини берувчи мобиль дастур ишлаб чиқилиши масаласи ҳам назарда тутилди.

Шунингдек, судларнинг ахборот тизимларини давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот тизимлари билан интеграция қилиш режаси бўйича қуйидаги вазифалар назарда тутилмоқда:

– 28 та давлат органи ва ташкилоти, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси, Бош вазирнинг тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси ахборот тизимларини Олий суднинг ахборот тизимига босқичма-босқич улаш;

– судлар давлат органлари ва ташкилотларига тақдим этадиган маълумотларни электрон шаклда юбориш;

– муайян ишни кўриш жараёнида зарур бўлган маълумот ва ҳужжатларни бевосита давлат органлари ва ташкилотларидан электрон шаклда олиш;

– судлар томонидан жарималарни камайтириш ёки уларни қўлламаслик масаласини кўриб чиқишда “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ва бошқа ахборот тизимлари орқали фуқаронинг мулкий ва ижтимоий аҳволи ҳақидаги ишончли маълумотлар билан танишиш;

– судлар томонидан алимент миқдорини белгилашда туманлардаги ўртача ойлик иш ҳақи тўғрисидаги маълумотларни ахборот тизими орқали электрон шаклда олиш.

Шу билан бирга, Олий суднинг ахборот тизими билан давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот тизимларини интеграция қилиш режалаштирилмоқда. Шу орқали жисмоний ва юридик шахслар ҳақидаги маълумотлар судларнинг электрон сўрови бўйича бепул тақдим этилади.

Қарор билан судлар томонидан алимент миқдорини белгилашда туманлар кесимида ўртача ойлик иш ҳақлари тўғрисида маълумотларни ахборот тизими орқали электрон шаклда олиш каби чораларни ўз ичига олган Судларнинг ахборот тизимларини давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот тизимлари билан интеграция қилиш бўйича “йўл харитаси” ҳам тасдиқланди.

Хулоса ўрнида айтганда, мазкур Қарордан кўзланган асосий мақсад — суд тизимига рақамли технологияларни самарали жорий этиш орқали судларда иш юритиш тизимини замонавийлаштириш, шунингдек, фуқаролар, тадбиркорлар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ-эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш орқали халқимизнинг суд тизимига бўлган ишончини қатъий мустаҳкамлаш, судни том маънода “Адолат қўрғони”га айлантиришдан иборатдир.

Зоҳиджон ЗАРИФОВ,
“Тараққиёт стратегияси” маркази
бош координатори