"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ДАВЛАТ ДАСТУРИ ИЖРОСИ: ОЛИЙ ТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИ ТРАНСФОРМАЦИЯ ҚИЛИНАДИ

Жорий “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” Давлат дастурининг 166-бандида мамлакатимиздаги олий таълим муассасаларини нуфузли хорижий олий таълим даргоҳлари билан ҳамкорликда трансформация қилиш чораси белгиланган эди. Бу борада қабул қилиниши назарда тутилган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасида камида 5 та олий таълим муассасасини конкурс асосида танлаб, нуфузли хорижий олий таълим даргоҳлари билан ҳамкорликда уларни трансформация қилишни бошлаш ҳамда мазкур жараёнга давлат бюджети маблағлари, шунингдек, хорижий молия институтлар грантларини жалб қилиш назарда тутилганди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 27 октябрь куни қабул қилинган “Олий таълим муассасаларини нуфузли хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда трансформация қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори билан 2021 йил 1 мартга қадар трансформация қилиш учун 5 та ОТМ очиқ танлов асосида саралаб олиниши белгиланди.

Олий таълим муассасаларини нуфузли хорижий олий таълим даргоҳлари билан ҳамкорликда трансформация қилишнинг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:

олий таълим жараёнини рақамли форматга ўтказиш, рақамли таълим технологияларини кенг жорий этиш асосида билимлар трансферини таъминлаш, ҳар бир таълим олувчининг шахсий хусусиятларини инобатга олган ҳолда билим, компетенция, кўникма ва малакаларни шакллантириш учун ахборот тизимларини жорий этиш;

лойиҳавий ўқитиш усулларини кенгайтириш, жаҳон миқёсидаги етакчи ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликка асосланган инновацион таълим муҳитини шакллантириш ҳамда инновацион тадқиқотларни ривожлантириш ва ишланмаларни амалиётга жорий этиш;

талабаларда тадбиркорлик кўникмаларини ривожлантириш, бизнес лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш дастурларини яратиш;

олий таълим муассасасини ҳудуддаги маҳаллий жамоаларнинг таълим, илм-фан ва ижтимоий-маданий соҳаларда ривожланишини таъминлайдиган марказ сифатида шакллантириш;

ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий муаммолари ва вазифаларини ҳал қилиш борасида маҳаллий ижро этувчи ҳокимияти органлари ҳамда жамоат ташкилотлари билан стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш.

Шунингдек, 2021/2022 ўқув йилидан тажриба-синов тариқасида трансформация қилинадиган олий таълим муассасаларида:

бакалавриат ва магистратура учун тўлов-контракт асосидаги қабул параметрлари уларнинг ўзлари томонидан белгиланади;

бакалавриатга кириш имтиҳонлари мустақил ўтказилади;

таълим жараёнига ҳамкор сифатида бириктирилган нуфузли хорижий ОТМ профессор-ўқитувчилари жалб қилинади.

Қарорда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан 2021 йил 1 мартга қадар трансформация учун 5 та олий таълим муассасасини саралаб олиш мақсадида очиқ танлов ўтказиш, хориж тажрибасини ўрганиш асосида очиқ танлов шартлари ва уни ўтказиш тартибини икки ой муддатда ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш ҳамда кенг оммага эълон қилинишини ташкил этиш, 2021 йил 1 майга қадар танланган олий таълим муассасаларини трансформация қилиш дастурини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш белгиланди.

Мазкур қарор, “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” Давлат дастурининг яна бир банди ижросини таъминлаши баробарида, нуфузли хорижий олий таълим даргоҳлари билан мамлакатимиз олий ўқув юртларининг узвий ҳамкорлиги ва трансформация жараёнини мустаҳкамлаш, рақамли таълим технологияларини кенг жорий этиш асосида билимлар трансферини таъминлаш, жаҳон миқёсидаги етакчи ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликка асосланган инновацион таълим муҳитини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати