"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ДАВЛАТ ДАСТУРИНИНГ ИЖРОСИ: ЖИСМОНИЙ ТАРБИЯ ВА СПОРТ СОҲАСИДА МАЛАКАЛИ КАДРЛАР ТАЙЁРЛАШ ТИЗИМИ ТАКОМИЛЛАШАДИ


Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида”ги Фармонининг 232-бандида жисмоний тарбия ва спорт соҳасида юқори малакали тренерлар ва бошқа мутахассисларни тайёрлашни йўлга қўйиш билан боғлиқ вазифалар белгиланган эди.

Бу бўйича қабул қилиниши назарда тутилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатда Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг Фарғона филиалини ва илмий-тадқиқот институтини ташкил этиш ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Жисмоний тарбия ва спорт бўйича мутахассисларни илмий-методик таъминлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш марказини университет тасарруфига бериш масаласи кўзда тутилганди.

Шунингдек, 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб Тошкент тиббиёт академияси, Тошкент фармацевтика институти ва бошқа олий таълим муассасаларида спорт тиббиёти, фармакологияси, реабилитологияси, психологияси ва диетологияси, Тошкент тиббиёт академияси ҳамда Андижон, Бухоро ва Самарқанд тиббиёт институтлари магистратурасида «Диетология» ва «Нутрициология (овқатланиш илми)» мутахассисликлари бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйиш, хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда соҳада малакали мутахассислар тайёрлаш, профессор-ўқитувчилар малакасини ошириш бўйича алоқаларни йўлга қўйиш чора-тадбирларини амалга ошириш белгиланганди.

Давлат раҳбарининг 2020 йил 3 ноябрда қабул қилинган “Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ва илмий салоҳиятни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори билан Давлат дастурида белгиланган ушбу вазифаларнинг ижроси таъминланиши баробарида, жисмоний тарбия ва спорт соҳаси мутахассисларини тайёрлаш ҳамда спортни оммалаштиришга қаратилган қатор масалалар ўз ечимини топадиган бўлди.

Қарорга биноан, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг Фарғона филиали, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг Спортчиларнинг техник-тактик, психофизиологик ҳолатини ўрганиш ва таҳлил қилиш бўйича махсус илмий лабораторияси негизида Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ҳузуридаги Жисмоний тарбия ва спорт илмий тадқиқотлар институти ташкил этилади.

Қуйидагилар филиалнинг асосий вазифалари этиб белгиланди:

– олий таълим сифатига қўйиладиган халқаро талабларга мувофиқ, жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш соҳасидаги вазифаларни юқори даражада бажаришга қодир малакали кадрлар тайёрлаш;

– хизматлар ва соғломлаштириш тармоқларини ривожлантиришнинг илмий-технологик вазифаларини ҳал этиш, илғор хорижий тажрибадан фойдаланган ҳолда спорт соҳасига йўналтирилган илмий-амалий тадқиқотлар олиб бориш ва илмий ишланмаларни амалиётга татбиқ қилиш;

– ўқув ва илмий лойиҳаларни амалга ошириш, таълим ва илмий изланишлар жараёнига мутахассисларни кенг жалб этиш мақсадида ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш соҳаларидаги республика ва хорижий етакчи олий таълим муассасалари ҳамда илмий марказлар билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш;

– олий таълим тизимига замонавий таълим технологияларига асосланган ўқув жараёнларини жорий қилиш бўйича илғор хорижий тажрибаларни татбиқ этиш, жисмоний тарбия ва спорт соҳаси учун кадрлар тайёрлаш тизими ҳамда очиқ, ахборот-таълим муҳитини ривожлантиришга кўмаклашиш.

Илмий тадқиқотлар институти зиммасига эса, қуйидаги асосий вазифалар юклатилмоқда:

жисмоний тарбия ва спорт соҳасининг назарий ва илмий-методологик асосларини яратиш;

жисмоний тарбия ва спорт соҳасида фундаментал илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш, шунингдек халқаро ҳамда маҳаллий илмий ва амалий грант лойиҳаларини жалб этиш;

юқори малакали спортчиларнинг ўқув машғулот йиғинларини ўтказиш даврида комплекс илмий-тадқиқотларни ташкил этиш ва инновацион технологияларни кенг қўллаш юзасидан зарур тавсиялар ишлаб чиқиш;

спорт турлари бўйича терма жамоаларни халқаро мусобақаларга тайёрлашда илмий-методик жиҳатдан кўмаклашиш;

спорт психологияси, диетологияси, реабилитацияси ва тиббиёти бўйича илмий-услубий тавсияномалар, ўқув-қўлланмалар, дарсликларни нашрга тайёрлаш ва чоп этиш;

аҳоли ўртасида оммавий спортни ривожлантириш ва соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш мақсадида ёш хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда самарали, илмий асосланган воситалар ва услубларни ишлаб чиқиш;

спортчиларнинг функционал, биокимёвий, психодиагностика, биомеханик иш қобилиятини диагностика қилиш ва коррекциялаш тизимини йўлга қўйиш;

селекция ишларини самарали ташкил этиш мақсадида тренер- селекционер ва мутахассисларга методик ёрдам бериш;

аҳолининг жисмоний тайёргарлиги ҳолати натижаларини мониторинг қилиш ва коррекциялаш бўйича илмий-услубий тавсиялар бериш;

тадқиқот ишларини самарали ташкил этиш мақсадида хориждан юқори малакали мутахассисларни жалб этиш;

республикадаги таълимнинг барча турлари (мактабгача, умумий ўрта, профессионал ва олий таълим, шунингдек мактабдан ташқари, спорт таълими) учун жисмоний тарбия ва спорт соҳаси бўйича таълим стандартлари ва фан дастурлари, дарсликлар ва ўқув қўлланмалар, шу жумладан аудио, видео ва электрон дарсликлар, онлайн дарслар ҳамда бошқа турдаги илмий-методик материаллар тайёрлаш.

Шу билан бирга, Университет ҳузурида жамоатчилик асосида доимий фаолият юритадиган Республика илмий-услубий кенгаши ташкил этилиб, унинг асосий вазифалари сифатида қуйидагилар белгиланди:

– жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги давлат ташкилотлари ҳамда спорт федерациялари (уюшмалари) фаолиятининг самарадорлигини ошириш ишларини мувофиқлаштириш;

– жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги спорт-таълим муассасаларида машғулотлар ўтказишнинг услубий асосларини ташкил этиш;

– жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги норматив-ҳуқуқий хужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда иштирок этиш ва илмий жиҳатдан асослаш бўйича хулосалар бериш;

– спорт соҳасида фаолият юритаётган етакчи мутахассисларни ва илмий ходимларни жалб этган ҳолда ишчи комиссиялар ва эксперт гуруҳларини ташкил этиш.

Қарорга мувофиқ, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида олий маълумотли кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланди.

Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат комиссияси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг таклифлари асосида 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб Тошкент тиббиёт академияси, Тошкент фармацевтика институти ва бошқа олий таълим муассасаларида спорт тиббиёти, фармакологияси, реабилитологияси, психологияси ва диетологияси, Тошкент тиббиёт академияси ҳамда Андижон, Бухоро ва Самарқанд тиббиёт институтлари магистратурасида “Диетология” ва “Нутрициология (овқатланиш илми)” мутахассисликлари буйича кадрлар тайёрлаш юзасидан ташкилий чораларни амалга ошириш назарда тутилган.

Мухтасар айтганда, мазкур Қарор Давлат дастури ижросини таъминлаш, жисмоний тарбия ва спорт соҳасида халқаро стандартларга мувофиқ комплекс билимларга эга малакали кадрлар тайёрлаш сифатини яхшилаш, спортда илм-фанни жадал ривожлантириш, юқори малакали рақобатбардош тренер-ўқитувчилар, мутахассислар ҳамда илмий ходимларни тайёрлаш жараёнларини янада такомиллаштиришга хизмат қилади.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати