"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
СУНЪИЙ ИНТЕЛЛЕКТ – ТЎРТИНЧИ САНОАТ ИНҚИЛОБИНИНГ АСОСИ
233 | 11 Ян. 2021 й.


Илм-фан ва ахборот-коммуникация технологиялари жадал тараққий этиб бораётган бугунги шароитда дунёнинг ривожланган мамлакатларида давлат ва жамият бошқаруви, иқтисодиёт, саноат, ижтимоий ҳимоя, таълим, тиббиёт, бандлик, қишлоқ ҳўжалиги, мудофаа, хавфсизлик, туризм ва бошқа соҳаларда замонавий ахборот технологиялари ва сунъий интеллект имкониятларидан кенг фойдаланиш урфга кирмоқда.

Ўзбекистонда ҳам ахборотлаштириш ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш орқали 2030 йилга қадар инновацион тараққий этган етакчи давлатлар қаторидан ўрин эгаллаш устувор вазифа сифатида белгиланган.

Қайд этиш жоизки, “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да ахборот технологиялари ва рақамлаштириш борасида жиддий ўзгаришлар амалга оширилиб, бир қатор муҳим дастурлар қабул қилинди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукуматни кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда “Аҳолига давлат ижтимоий хизматлари ва ёрдам тақдим этиш тартиб-таомилларини автоматлаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мамлакатимизда рақамлаштиришни жадаллаштириш ва ижтимоий-иқтисодий соҳаларга замонавий технологияларни жорий қилишга қаратилган.

Қолаверса, 2020 йилда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш борасида моддий қўллаб-қувватлаш ва тизимга АКТни жорий қилиш борасида салмоқли ишлар амалга оширилди. Жумладан, эҳтиёжманд оилалар, аёллар ва ёшлар билан ишлаш бўйича “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” каби янги тизим жорий этилди. “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида 800 мингдан зиёд эҳтиёжманд оилага 1 трлн. сўмдан ортиқ моддий ёрдам кўрсатилди. Шунингдек, “Темир дафтар”га киритилган эҳтиёжманд оилаларнинг 16 ёшга тўлмаган болаларига, ногирон ва боқувчисини йўқотганлик пенсияси ёки нафақасини олувчи оилаларнинг 16 ёшга тўлмаган жами 845 минг нафардан ортиқ болаларининг ҳар бирига 500 минг сўмдан, жами 422 млрд. сўм бир марталик ёрдам тўловлари тўлаб берилди. Ижтимоий нафақа олувчиларнинг сони эса 2 баробарга оширилиб, 1,2 млн. нафарга етказилди.

Шу билан бирга, сўнгги йилларда ахборотлаштириш ва илғор технологияларни турли соҳаларда тадбиқ этиш борасида чора-тадбирлар натижасида Ўзбекистонда АКТ ва сунъий интеллект соҳасида ўзига хос салоҳият асослари яратилди. Бу борада Инновацион ривожланиш вазирлиги ва вазирлик тизимидаги ташкилотлар, АКТ бўйича илмий тадқиқот марказлари, олий таълим муассасалари ва уларнинг иқтидорли битирувчилари ҳамда технопарклар, хусусий сектордаги бир қатор ташкилотлар фаолиятини алоҳида эътироф этиш мумкин. Шунингдек, сунъий интеллект ва замонавий ахборот технологиялари йўналишида Фарғона шаҳридаги мактабларда “Ақлли мактаб” дастури, Андижон вилоятида “Монтерра” экин майдонларининг ҳолатини баҳоловчи онлайн платформа жорий этилган бўлса, Тошкент вилоятининг Нурафшон шаҳрида “Ақлли шаҳар”, Тошкент шаҳрида эса “Хавфсиз шаҳар” ва “Рақамли Тошкент” лойиҳаларини амалга ошириш режалаштирилган.

Маълумки, замонавий сунъий интеллект турли амалларни бажаришга мўлжалланган алгоритм ва дастурий тизимлардан иборат бўлиб, инсон онги бажариши мумкин бўлган бир қанча вазифаларни ахборот базасига киритилган маълумотлар асосида амалга оширади. Шунингдек, сунъий интеллект мураккаб таҳлиллар ва катта маълумотлар билан ишловчи дастурларни ўз ичига олиб, мантиқли изчил мулоҳаза қилиш ҳамда тавсия бериш қобилиятига эга “ақлли” технология ҳисобланади. Мутахассислар томонидан сунъий интеллектга тўртинчи саноат инқилобининг асоси сифатида қаралмоқда.

Мутахассислар фикрича, аҳолини ижтимоий химоя қилишнинг асосини ижтимоий ёрдам, ижтимоий суғурта ва бандлик билан боғлик дастурлар ташкил қилади.

Ривожланган мамлакатларда ижтимоий соҳада, хусусан, соғлиқни сақлаш, таълим, бандлик, ижтимоий ҳимоя ва бошқа йўналишларда сунъий интеллект ва замонавий ахборот технологиялари имкониятларидан фойдаланиш кенг тус олмоқда.

Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш соҳаларида ривожланаётган давлатларда амалга оширилган муваффақиятли хорижий тажрибалардан қуйидаги лойиҳаларини кўриб чиқиш мумкин. Масалан, Жанубий Африка Республикасида амалга оширилган “Harambee” лойиҳаси ижтимоий ёшлар бандлигини таъминлашга кўмаклашишга йўналтирилган бўлиб, ушбу дастур сунъий интеллект ёрдамида касбий-малакавий мосликни аниқлаб, иш изловчилар базасини шакллантиради ва уларга турли меъёрларга асосан тегишли мос бўш иш ўрнини таклиф қилади. “Harambee” қисқа давр ичида асосан хусусий ва норасмий секторда ёшларни иш билан таъминлаган.

Сунъий интеллект асосида ишловчи касбий-малакавий мослик бўйича дастурнинг Ўзбекистон шароитида қўлланилиши норасмий секторда банд бўлган, айниқса, бир марталик иш бозорларидаги иш қидирувчиларнинг бандлигини таъминлашга ва уларни ижтимоий ҳимоя билан қамраб олишга имкон беради. Дастлабки босқичда сунъий интеллект технологияларини мобиль қурилмалардан фойдаланиш мумкин бўлган дастурлар орқали таклиф қилиб, норасмий сектордагиларни кунлик ва мавсумий ишларга жалб қилиш, уларнинг бандлигини таъминлаш мумкин.

“GiveDirectly” дастури эса бир қатор Осиё ва Африка давлатларида чекка ҳудудларда яшовчи камбағал оилаларга тўғридан-тўғри моддий-пул маблағларини беришни кўзда тутади. Дастур орқали чекка ҳудудларда яшовчи эҳтиёжманд камбағал оилаларни аниқлашда асосий мезонларга қўшимча равишда сунъий йўлдош орқали йиғилган маълумотлардан фойдаланилади. Дастурлаштирилган сунъий интеллект камбағал оилалар хонадонларининг қандай ашёлардан қурилганини таҳлил қилади ва моддий шароитларини баҳолайди. Сунъий йўлдош орқали йиғилган тасвирлар ва навигация маълумотлари ижтимоий ҳимоя дастурининг маълумотлар базасига киритилиб, улардан биринчи навбатда сунъий интеллект фаолиятини таъминлашда, иккинчидан эса ижтимоий ҳимояга муҳтожлик мезонларини белгилаш ва аниқлашда фойдаланилади.

Сунъий интеллектга асосланган лойиҳаларни Ўзбекистон шароитида мавжуд дастурлар ва давлат идораларидаги маълумотлар базасини интеграциялаштириш ва кенгайтириш орқали бир қатор истиқболли лойиҳаларни кўриб чиқиш мумкин.

Масалан, мавжуд ижтимоий ҳимоя дастурларида (“Ижтимоий реестр” – “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”) бир марталик ёки муддатли моддий ёрдам олиш бўйича “онлайн ариза” бериш тизимини яратиш. Бунда ариза берувчи ўзига тегишли маълумотларни тизимга киритиб, мезонларга мосликни тезкорлик билан аниқлаши мумкин. Биринчи босқичда тегишли ходим-мутахассис томонидан мезонлар баҳоланиши йўлга қўйилса, тизим ривожланиши билан бу жараён кейинги босқичда автоматик тарзда амалга оширилиб, инсон омилига ўрин қолмайди. Шунга ўхшаш “онлайн ариза” бериш тажрибаси имтиёзли ипотека кредитлари ва тўловлари бўйича амалга оширилаётган давлат субсидияларини ажратишда қўлланилмоқда.

Ҳозири кунда “Темир дафтар” маълумотлари электрон базага тегишли ҳокимликлар томонидан киритилмоқда. Бу жараёнга сунъий интеллект технологиясининг жорий қилиниши, ижтимоий ҳимояга муҳтож талабгорларни турли мезонлар ва талаблар кесимида баҳолаб, инсон омилини кескин камайтиради ҳамда даврий равишда муҳтож оила ёки фуқаронинг ижтимоий ҳолати ҳақидаги маълумотлар автоном янгиланиб борилади. Эҳтиёжманд оилаларнинг “Темир дафтар”га киритилиши ва чиқарилишини сунъий интеллект назоратга олиши билан, дастурнинг самарадорлиги ва шаффофлиги таъминланади.

Таъкидлаш лозимки, сунъий интеллект асосини маълумотлар базаси ташкил этиб, уларнинг манбаси турлича бўлиши мумкин. Маълумотлар базасини эса мунтазам тўлдириш ва кенгайтириш сунъий интеллект таҳлилий имкониятларини ва самарадорлигини оширади.

Ўзбекистонда ҳозирда мавжуд маълумотлар манбаларидан сунъий интеллект маълумотлар базасини шакллантириш ва улардан самарали фойдаланиш мумкин. Жумладан:

•    Идентификациялаш ягона тизими – (id.gov.uz);

•    Ўзбекистон Республикаси очиқ маълумотлар портали – (data.gov.uz);

•    Электрон ҳукумат тизими маълумотлар базаси – (my.gov.uz);

•    Давлат хизматлари агентлиги маълумотлар базаси – (davxizmat.uz);

•    турли вазирлик ва идораларнинг маълумотлар базаси.

 

Шунингдек, жаҳон тажрибасида ижтимоий соҳага йўналтирилган дастурларда сунъий интеллект маълумотлар базасини шакллантиришда миллий ID тизимлари маълумотлари, аҳолини рўйхатга олиш ва солиқ тўловчилар базаси, тиббиёт, банк, суғурта компаниялари, дўкон ва бозорлар харидорлари, мобиль алоқа операторлари маълумотлари ҳамда аҳолининг коммунал тўловлар ва қарздорлик, кредит тарихи, ижтимоий тармоқлардаги фаоллиги каби манбалардан қонун доирасида фойдаланилади.

Қайд этиш жоизки, сунъий интеллектни ижтимоий ва бошқа соҳаларга жорий қилишда шахсга доир маълумотлар дахлсизлиги, уларни сақлаш ва бошқариш муҳим аҳамиятга эга. Чунки, сунъий интеллектдан фойдаланишнинг ахлоқий жиҳатлари, айниқса, АҚШ, Буюк Британия, Европа Иттифоқига аъзо давлатлар ва етакчи халқаро ташкилотлар диққат марказида бўлиб, инсон ҳуқуқлари ва шахсий маълумотлар масаласи ҳамда сунъий интеллектдан сиёсий ва бузғунчи мақсадларда фойдаланиш хавфи долзарб ҳисобланади. Айрим давлатлар, хусусан, Хитой ва Россияда сунъий интеллект ва АКТдан фуқаролар шахсий ҳуқуқ ва эркинликларини чеклаш ва сиёсий мақсадларида фойдаланилмоқда, деган айбловлар янграмоқда. Шунинг учун сунъий интеллектдан фойдаланишнинг ҳуқуқий асосларини яратишда бу масалаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилиши мақсадга мувофиқ.

Шунингдек, сунъий интеллект ва АКТни жорий қилишда шахсга доир маълумотлар ва шахсий ҳаётга оид ҳуқуқлар ҳамда улардан миллий хавфсизликни таъминлаш йўлида фойдаланишда мувозанатни сақлаш муҳим аҳамиятга эга.

Хулоса ўрнида қайд этиш мумкинки, мамлакатимизда сунъий интеллект имкониятлари ва технологияларини ижтимоий ҳимоя дастурларида қўллаш имкониятлари ва зарурати мавжуд бўлиб, тегишли дастурлаш йўналишларидаги етакчи маҳаллий мутахассислар ва хорижий компанияларни жалб қилган ҳолда сунъий интеллект технологияларини жорий қилиш ва қўллаш мақсадга мувофиқ.

Таъкидлаш жоизки, сунъий интеллект ёки турли дастурий таъминотлар ва АКТни тегишли соҳаларга жорий қилишда юзаки ёндашув, биринчидан, лойиҳаларнинг кутилган натижа бермаслигига, иккинчидан, сарфланган бюджет маблағларининг самарасиз бўлишига, учинчидан, замон талабига мос бўлмаган дастур ва тизимлар кибер жиноятчилар нишонига айланиб, миллий хавфсизликка путур етказиши ҳамда ёпиқ ва шахсий маълумотларнинг сизиб чиқишига олиб келиши мумкин. Шунинг учун бундай давлат дастурлари соҳанинг етакчи маҳаллий ва хорижий мутахассислари ҳамда компаниялари томонидан амалга оширилиши талаб этилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Аҳолига давлат ижтимоий хизматлари ва ёрдам тақдим этиш тартиб-таомилларини автоматлаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида кўзда тутилган “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимида ҳам замонавий технологиялар қатори сунъий интеллект имкониятларидан самарали фойдаланиш лозим. Маълумки, эндиликда ижтимоий нафақаларни тайинлаш тўғрисидаги аризаларни кўриб чиқиш ва уларни тайинлаш тартиб-таомиллари “ягона реестр” воситасида амалга оширилади. “Электрон ҳукумат” тизимининг таркибий қисми сифатида “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” идоралараро интеграцион платформа вазифасини бажариб, тегишли идоралар томонидан таъминланган маълумотлар базасини сунъий интеллект технологияси орқали юритиш мумкин.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йилдаги асосий натижалар ва жорий йилга мўлжалланган устувор вазифалар юзасидан Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида 2021 йилдан бошлаб “Ижтимоий реестр” ишга туширилиши, эҳтиёжманд оилаларга 30 дан зиёд ижтимоий хизматларни электрон кўрсатиш имкони яратилиши ва янги тизим “Темир дафтар”лар билан ўзаро интеграция қилиниши кўрсатиб ўтилди.

Ўзбекистонда янги технологиялар, жумладан, сунъий интеллектнинг ижтимоий ҳимоя дастурлари ва бошқа соҳаларга кенг жорий қилиниши давлат ва хусусий секторда замонавий ахборот технологияларидан фойдаланишни рағбатлантириб, мамлакатда рақамли иқтисодиётни ривожлантириш ҳамда ҳар бир соҳага инновацияларни киритиш имкониятларини оширади. Шу билан бирга, замонавий илм-фан ютуқларидан самарали фойдаланилишига олиб келади.

Фаррух ҲАКИМОВ,

“Тараққиёт стратегияси” маркази бўлим бошлиғи


0
Похожие новости