• Ўзбек
"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ЭНЕРГЕТИКА СОҲАСИДАГИ ХАЛҚАРО ТАЖРИБА ЕТАКЧИ ТАДҚИҚОТ МАРКАЗЛАРИ НИГОҲИДА


Жорий йилнинг 29-31 март кунлари Туркиянинг Энергия стратегияси ва сиёсати тадқиқотлар маркази (TESPAM) ҳамда Евроосиё тадқиқотлар институти томонидан онлайн тарзда Туркий тилли давлатлар халқаро энергетика ҳамкорлиги конференцияси ўтказилди.

Унда энергетика соҳасида фаолият юритаётган етакчи халқаро ташкилотлар, илмий-тадқиқот марказлари экспертлари, жумладан, “Тараққиёт стратегияси” маркази вакиллари иштирок этишди.

Халқаро анжуман Туркий тилли давлатлар ва Евроосиё минтақасида энергетика соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек, муқобил энергетика манбалари ва яшил иқтисодиётни кенг жорий қилиш орқали глобал иқлим ўзгаришларининг оқибатларини юмшатиш ҳамда энергетик хавфсизликни таъминлаш ва барқарор ривожланиш масалаларига бағишланди.

Конференцияда “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков ҳамда марказ бўлим бошлиғи Фаррух Ҳакимов “Марказий Осиёда муқобил энергетика: минтақа давлатларининг салоҳияти ва имкониятлари” деб номланган илмий-тадқиқот лойиҳаси билан қатнашди.

Тақдимотда Марказий Осиё давлатларининг муқобил энергетика манбалари, хусусан, сув, қуёш, шамол, био ва геотермал энергия салоҳияти, энергитика соҳасида амалга оширилаётган ишлар ва истиқболли лойиҳалар қиёсий таҳлил қилинди.

Шунингдек, конференцияда Ўзбекистонда Ҳаракатлар стратегияси доирасида муқобил энергетика манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш, энергетика хавфсизлигини таъминлаш ва диверсификация қилиш ҳамда яшил иқтисодиётга ўтиш борасида олиб борилаётган ислоҳотларнинг натижаларига ҳақида ҳам маълумот берилди.

Соҳага юқори технологиялар ва илғор хорижий тажрибани жорий қилиш орқали 2030 йилга бориб Ўзбекистоннинг энергия манбаларида сув, қуёш, шамол ва бошқа қайта тикланувчи манбалар улушини 25 фоизга етказиш стратегик вазифа қилиб белгилангани қайд этилди.

Конференция якунида ўзаро тажриба алмашиш ва халқаро амалиётни ўрганишга қаратилган бу каби мулоқотларни мунтазам ўтказиб боришга келишиб олинди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати.