• Ўзбек
  • Давлат дастури 2021
"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
МАРКАЗИЙ ОСИЁ ДАВЛАТЛАРИ БИЛАН ДЎСТОНА ҲАМКОРЛИК – ЎЗБЕКИСТОН ТАШҚИ СИЁСИЙ ФАОЛИЯТИНИНГ УСТУВОР ЙЎНАЛИШИ
620 | 03 Апр. 2021 й.

Элдор Туляков,
«Тараққиёт стратегияси» маркази
ижрочи директори

Фаррух Хакимов,
«Тараққиёт стратегияси» маркази
бўлим бошлиғи

 

Сўнгги йилларда Ўзбекистон ички сиёсатида кузатилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, очиқлик ва янгиланишлар, мамлакатнинг ташқи сиёсатида ҳам яққол намоён бўлмоқда.

Ўзбекистон халқаро муносабатларнинг тенг ҳуқуқли субъекти сифатида, минтақа ва глобал даражада фаол ташқи сиёсатни йўлга қўйиб, хорижий ҳамкорлар билан ўзаро манфаатли муносабатларни ривожлантирмоқда. Бундайизчил, аниқ ва конструктив ташқи сиёсатни халқаро экспертлар ва кузатувчилар ҳам эътироф этмоқда.

Жаҳон бўйлаб тарқалган коронавирус инфекцияси ва глобал даражадаги инқирозли хавф-хатарлар даврида ҳам Ўзбекистон мамлакатда ижтимоий-иқтисодий барқарорликни таъминлаб, минтақа давлатлари ва жаҳон ҳамжамияти билан ҳамкорлик алоқаларини давом эттиришга алоҳида этибор қаратди.

Маълумки, Ўзбекистон ташқи сиёсий фаолиятининг асосий вазифаларидан бири – ўз ҳудуди атрофида тинчлик, барқарорлик ва хавфсизлик муҳитини шакллантириш ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан, Президент Шавкат Мирзиёев қўшниларимиз – Марказий Осиё давлатлари билан дўстона, яқин қўшничилик ва ўзаро манфаатли алоқаларни ривожлантириш ва мустаҳкамлашни асосий устувор ташқи сиёсий йўналиш сифатида белгилаб берди.

2020 йил – “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” Давлат дастури доирасида Ўзбекистон очиқ ва прагматик ташқи сиёсий фаолиятини, жумладан, Марзий Осиё йўналишида ҳам изчил давом эттирди.

Хусусан, Марказий Осиё минтақасидаги мамлакатлар билан барча соҳаларда ўзаро дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик руҳидаги муносабатларни сифат ва мазмун жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш борасида 2020 йил давомида ташқи сиёсий ва иқтисодий фаолият бўйича давлат идораларитомонидан 23 та олий даражада ва 12 та юқори даражада ташриф ва турли тадбирлар амалга оширилди. Бу жараёнда “халқ дипломатияси” амалда жуда фаол бўлгани кузатилди. Хусусан, халқ вакиллари – олимлар ва рассомлар, маданият ва дин арбоблари, ишбилармонлар ва ёшлар, туризм ва спорт ташкилотлари, жамоат бирлашмалари ва нодавлат ташкилотлар иштирокида 90 дан ортиқ турли учрашувлар, анжуманлар, видеоконфренциялар ва бошқа шу каби тадбирлар ўтказилди.

Қайд этиш жоизки, сўнгги йилларда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббусларини қўшни давлатлар раҳбарлари томонидан қўллаб-қувватланиши натижасида Марказий Осиёда сиёсий мулоқот ва ўзаро ишонч мустаҳкамланди, давлат раҳбарларининг Маслаҳатлашув учрашувлари йўлга қўйилди.

Натижада минтақадаги икки ва кўп томонлама ҳамкорлик даражаси янги босқичга кўтарилди. Хусусан, 2017-2019 йиллар давомида Марказий Осиё мамлакатлари билан савдо айланмаси йиллик ўртача 50 фоиздан кўпроққа ўсиб, 5,2 млрд. долларга етган. 2020 йил натижаларига кўра эса, глобал пандемия шароитига қарамай, Ўзбекистоннинг Марказий Осиё давлатлари билан савдо айланмасининг умумий ҳажми 5 млрд. долларни ташкил этди.

Жумладан, Ўзбекистоннинг умумий ташқи савдо айланмасида Марказий Осиё давлатларининг улуши 2019 йилдаги 12,4% дан, 2020 йилда 13,6 % га ошган. Ўзбекистоннинг минтақадаги умумий ташқи савдо айланмасида эса Қозоғистоннинг улуши 61%, Қирғизистон – 18,2%, Туркманистон – 10,6% ва Тожикистоннинг улуши 10,2% ни ташкил этди.

Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида савдо-иқтисодий муносабатларнинг мана шундай яхшиланиши, умуман айтганда, минтақанинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга ёрдам берди. Хусусан, 2017-2020йиллар оралиғида Ўзбекистон ва минтақа мамлакатлари ўртасида 300 дан ортиқ шартнома, шунингдек, қарийб 75 млрд. долларга тенг шартнома ва битимлар имзоланган.

Шунингдек, 2017-2020 йиллар давомида Ўзбекистоннинг Марказий Осиё мамлакатларига нисбатан очиқ, конструктив, пухта ўйланган ва прагматик сиёсати натижасида сувдан фойдаланиш, Ўзбекистон ва қўшни давлатлар ўртасидаги давлат чегараларини делимитация ва демаркация қилиш, транспорт коммуникацияларидан фойдаланиш, давлат чегараларини кесиб ўтиш каби мураккаб ва чалкаш муаммоларга ечим топилди. Aгар беш йил олдин ўзбек-қирғиз давлат чегарасини кунига 200−300 киши кесиб ўтган бўлса, глобал пандемия таъсирида жорий қилинган чекловларга қадар бу кўрсатгич кунига 30 минг кишига етган, Ўзбекистон-Тожикистон чегарасини эса кунига 20 минг фуқаро кесиб ўтган.

Ўзбекистоннинг Марказий Осиё мамлакатларига нисбатан олиб бораётган очиқ ва конструктив сиёсати нақадар тўғри эканини глобал пандемия даврида минтақа раҳбарларининг ўзаро ёрдам ва коронавирус тарқалиши оқибатларини юмшатиш бўйича амалга оширган қўшма чора-тадбирлари ҳам исботлади.

Глобал пандемия хавфига қарамай, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларинингдоимий мулоқоти таъминланди ва мамлакатлар ўртасида фаол ҳамкорлик алоқалари давом эттирилди. Минтақа давлатлари коронавирус инфекцияси тарқалишининг дастлабки кунлариданоқ бир-бирларига ижтимоий ёрдам кўрсатишни бошладилар. Ўзбекистон Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистонга бир неча бор гуманитар ёрдам юборди. Бунга жавобан Қирғизистон ва Тожикистон сингари қўшниларимиз Сардоба сув омборини тиклаш учун инсонпарварлик ёрдамини кўрсатдилар.Шунингдек, 2020 йилнинг декабрь ойида Ўзбекистон кўмаги билан Қирғизистонда зарур тиббий жиҳозлар ва мебеллар билан тўлиқ жиҳозланган 200 ўринли юқумли касалликлар шифохонаси фойдаланишга топширилди.

Бундан ташқари, пандемия даврида коронавирусга қарши курашда тиббиёт соҳасида ахборот ва тажриба алмашинуви, ўзаро гуманитар ёрдам кўрсатиш, чегараларда юкларнинг узлуксиз ҳаракатланишини йўлга қўйишга эришилди. Бу эса минтақада дунёнинг бошқа давлатларига нисбатан коронавирус билан касалланиш ва унинг натижасидаги ўлим сонининг камлигини таъминлаш имкониниберди.

Қолаверса, жорий йил январь ойида Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳукуматлари АҚШ билан ҳамкорликда минтақада иқтисодий алоқаларни кенгайтиришга хизмат қиладиган лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун беш йил ичида камида 1 млрд. долларга тенгмаблағларини жалб этиш мақсадида “Марказий Осиё инвестициявий шериклиги” ташаббусини йўлга қўйди. “C5+1” платформаси орқали амалга оширилаётган ушбу ташаббус Марказий Осиё мамлакатлари иқтисодиётини мустаҳкамлаш ва ўсишини таъминлаш мақсадида савдо-сотиқни ошириш, комплекс ривожланишни рағбатлантириш ва кўп томонлама алоқаларни чуқурлаштириш учун барча мавжуд имкониятлардан фойдаланишга интилади.

Жаҳон ҳамжамиятида Марказий Осиёнинг аҳамияти ва роли ошиб бораётганини минтақа ва йирик давлатлар ўртасида кўп томонлама ҳамкорликнинг турли форматлари ташкил қилинаётганида ҳам кўришимиз мумкин.

Мавжуд “Марказий Осиё – АҚШ”, “Марказий Осиё – Европа иттифоқи”, “Марказий Осиё – Корея Республикаси”, “Марказий Осиё – Япония” каби мулоқот форматлари қаторига охирги йилларда “Марказий Осиё – Ҳиндистон”, “Марказий Осиё – Хитой” ва “Марказий Осиё – Россия Федерацияси” сингари янги форматлар қўшилди. Мазкур ҳолат, биринчидан, минтақадаги ижобий ўзгаришлар натижасида юзага келган мутлақо янги муҳит дунёнинг етакчи давлатлари томонидан Марказий Осиёга нисбатан эътиборнинг ошганини кўрсатса, иккинчидан, чет эл давлатлари минтақа мамлакатлари билан нафақат икки томонлама ҳамкорлик доирасида, балки ягона минтақавий кўп томонлама муносабатларни ривожлантиришга аҳамият қаратаётганидан далолатдир.

Шу билан бирга, минтақа ҳамда бошқа давлат ва халқаро институтлар ўртасида янги форматларнинг тузилиши бу, Марказий Осиёнинг геосиёсий ва иқтисодий аҳамияти ошиб боришига, шунингдек, минтақага халқаро муносабатлардаги яхлит сиёсий-дипломатик субъект сифатида қаралишига олиб келмоқда.

Марказий Осиё давлатларининг яхлит сиёсий-дипломатик субъект сифатидаги ўрни ҳамда ўзаро ҳамжиҳатлиги ва бирдамлиги Қирғизистонда 2020 йил октябрь ойида юз берган норозилик намойишлари ва тартибсизликларга Ўзбекистон, Қозоғистон, Туркманистон ва Тожикистон республикалари Президентлари қўшма баёнот билан муносабат билдирганликларида ҳам кузатилди. Қўшма баёнотда қардош Қирғизистонда содир бўлаётган воқеалар жиддий ташвиш туғдираётгани ҳамда Қирғизистоннинг барча сиёсий партиялари ва жамоатчилик доиралари тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, конституция ва миллий қонунчиликка сўзсиз риоя қилиш билан юзага келган муаммоларни ҳал қилиш учун зарур бўлган саъй-ҳаракатларни амалга оширишига умид билдирилди.

Қайд этиш жоизки, Марказий Осиё давлатларининг барқарорлиги ва ҳамжиҳатлиги,биринчидан, халқ фаровонлигига, иккинчидан, минтақанинг инвестицион жозибадорлигини ошириб, хорижий шерик давлатлар ва инвесторлар билан ҳамкорлик учун кенг имкониятлар яратишга хизмат қилади. Ўзбекистон ва минтақа давлатлари ўртасида шаклланган ва янада мустаҳкамланиб бораётган янги муҳит мазкур мақсадларга эришишга ҳамда ўзароро сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ҳамкорликни кучайтиришга хизмат қилади.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида ҳамда 2021 йил “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастурида Марказий Осиё давлатлари биланяқин қўшничилик алоқаларини мустаҳкамлашга алоҳида аҳамият қаратилган.

Хусусан, жорий йил Давлат дастуридаМарказий Осиё давлатлари билан муносабатларни изчил давом эттириш чора-тадбирлар режасида:

➢ Ўзбекистоннинг Марказий Осиё мамлакатлари билан икки томонлама ва минтақавий алоқаларни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш; 

➢ олий ва юқори даражада ўзаро ташрифларни ташкил этиш; 

➢ “Халқ дипломатияси” механизмларидан самарали фойдаланиш; 

➢ яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш йўлидаги мавжуд тўсиқларни биргаликда ҳал этиш; 

➢ савдо иқтисодий алоқаларни ривожлантириш ва товар айирбошлаш ҳажмининг ўсиши ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун қулай шароитлар яратиш; 

➢ минтақанинг транзит ва логистика салоҳиятидан самарали фойдаланиш ва транспорт инфратузилмаси ривожланишини таъминлаш; 

➢ Марказий Осиё мамлакатларининг минтақалари (шу жумладан, чегара ҳудудлари) ўртасидаги ҳамкорликни фаоллаштириш кўзда тутилган.

Бундан ташқари, жорий йилда Ўзбекистон Марказий Осиё давлатлари билан алоқаларини кўп томонлама ҳамкорлик механизмлари, жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ), Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлги (МДҲ), Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти (ШҲТ), Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгаши (ТТДҲК), Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти (ЕХҲТ) ва бошқа тузилмалар доирасида ҳам ривожлантиришни, бунда нафақат сиёсий-дипломатик муносабатлар, балки иқтисодий дипломатия, парламентлараро дипломатия ҳамда халқ дипломатиясини кучайтириш назарда тутилмоқда.

Қолаверса, жорий йилда ШҲТда Ўзбекистон Республикасининг 2021–2022 йилларда раислигини инобатга олиб, мазкур йўналишдаустувор вазифалар ва асосий тадбирларини ишлаб чиқиш ҳам Давлат дастурида режалаштирилган. ШҲТда Россия, Хитой, Покистон ва Ҳиндистон қатори Марказий Осиё давлатларидан Ўзбекистон, Тожикистон, Қозоғистон ва Қирғизистоннинг аъзо давлатлар эканлиги, ушбу халқаро ташкилот доирасида ҳамкорликни жадаллаштириш алоҳида аҳамият касб эътишини таъкидлаш мумкин.  

Ўзбекистон Президентининг Парламентга Мурожаатномаси ва жорий йилги Давлат дастурида қўшни Марказий Осиё давлатларига алоҳида урғу берилишининг муҳимлиги шундан иборатки, мазкур йўналиш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг бош устувор йўналиши ҳисобланади. Бу Ўзбекистон Марказий Осиёнинг барча давлатлари билан чегарадош минтақадаги ягона давлатлиги, мамлакатдаги ҳар қандай сиёсий, иқтисодий ва маданий соҳадаги ўзгаришларнинг бевосита минтақагатаъсир эътиши ҳамда Марказий Осиёнинг барқарор ривожланиши минтақанинг барча давлатлари манфаатларига хизмат қилишида намоён бўлмоқда. Ўзбекистоннинг бугунги ташқи сиёсати, хусусан, яхши қўшничилик ва прагматик минтақавий сиёсати давлатнинг халқаро нуфузини оширибгина қолмай, Марказий Осиёнинг барқарор ва улкан имкониятларга эга ҳамкорлик маконига айланишига хизмат қилмоқда.
 


Фойдаланилган адабиётлар:

1.  “Замонавий дунёда Ўзбекистон ташқи сиёсатининг кун тартиби”, 27 август 2020 й., https://uza.uz/uz/posts/zamonaviy-dunyeda-zbekiston-tash-i-siyesatining-kun-tartibi-27-08-2020 

2.  Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги. “Ўзбекистон Республикаси ташқи сиёсати”, https://mfa.uz/uz/pages/vneshnaya-politika

3.  Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги. “Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг 2020 йилдаги фаолияти ҳақида ҳисобот”, 9 январь 2021 й., https://mfa.uz/uz/press/news/2021/ozbekiston-respublikasi-tashqi-ishlar-vazirligining-2020-yildagi-faoliyati-haqida-hisobot---29088

4.  “Центральная Азия – приоритет внешней политики Узбекистана”, 15 июль 2020 й., https://www.uzdaily.uz/ru/post/53513

5.  Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси. “Ўзбекистон Республикаси ташқи савдо айланмаси”,  22 январь 2021 й., https://stat.uz/images/uploads/docs/tashqi_savdo_uz_22012021.pdf

6.  Кутбитдинов Ю. “Центральная Азия в приоритете внешней политики Узбекистана”, 26 январь 2021 й., https://review.uz/post/centralnaya-aziya-v-prioritete-vneshney-politiki-uzbekistana

7.  Қодиров А. “Янгиланаётган Ўзбекистон ташқи сиёсатининг энг муҳим устувор йўналишлари”, 29 июль 2020 й., http://www.isrs.uz/uz/maqolalar/klucevye-prioritety-vnesnej-politiki-obnovlennogo-uzbekistana

8.  “Центральная Азия – приоритет внешней политики Узбекистана”, 15 июль 2020 й., https://www.uzdaily.uz/ru/post/53513

9.  Газета.uz. “Марказий Осиёдаги келишмовчиликнинг асосий сабаби муросанинг йўқлиги эди”, 14 июль 2020 й., https://www.gazeta.uz/uz/2020/07/14/nematov-markaziy-osiyo-integraciya/#!

10.  Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги. “Ўзбекистоннинг кўмаги билан Қирғизистонда 200 ўринли юқумли касалликлар шифохонаси қуриб битказилди”, 23 декабрь 2020 й., https://ssv.uz/uz/news/zbekistonning-kmagi-bilan-irizistonda-200-rinli-juumli-kasalliklar-shifohonasi-urib-bitkazildi

11.  Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги. “Марказий Осиё инвестициявий шериклиги” ташаббусини йўлга қўйиш тўғрисида Америка Қўшма Штатлари, Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг қўшма баёноти”, 7 январь 2021 й., https://mift.uz/uz/news/markazij-osie-investitsijavij-sherikligi-tashabbusini-julga-ujish-turisida-amerika-ushma-shtatlari-uzbekiston-va-ozoistonning-ushma-baenoti

12.  “Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари Қирғизистондаги вазият бўйича қўшма баёнот берди”, 9 октябрь 2020 й. https://daryo.uz/k/2020/10/09/markaziy-osiyo-davlatlari-rahbarlari-qirgizistondagi-vaziyat-boyicha-qoshma-bayonot-berdi/ 

13.  2021 йил – “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”. https://strategy.uz/index.php?static=programma


1
Похожие новости