• Ўзбек
  • Давлат дастури 2021
"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ПЕНСИЯ ТАЪМИНОТИ ВА АҲОЛИНИ ИЖТИМОИЙ ҲИМОЯ ҚИЛИШ МАСАЛАЛАРИ ЖАМОАТЧИЛИК ЭШИТУВИДА МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ


Жорий йилнинг 3 июнь куни “Тараққиёт стратегияси” маркази ҳамда Адлия вазирлиги ҳамкорлигида Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси тизимида жорий қилинган АКТ бўйича навбатдаги жамоатчилик эшитуви ташкил этилди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази экспертлари, ҳуқуқшунослар, Адлия вазирлиги, Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси ходимлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган жамоатчилик эшитувида жамғарма фаолиятига оид қонунчилик ҳужжатлари, вазифа ва топшириқларнинг жойлардаги ижроси каби масалалар танқидий таҳлил қилинди.

Ўрганиш жараёнида Адлия вазирлиги томонидан “Ijro.gov.uz” ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизимида жойлаштирилган Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси фаолиятига бевосита алоқадор 2 та қонун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 4 та фармони, 1 та қарори, шунингдек, улар ижросини таъминлашга қаратилган Ҳукуматнинг 5 та қарорида белгилаб берилган 30 та банднинг ижро ҳолати ўрганилди.

Тадбирда сўзга чиққанлар жамғарма фолиятида йўлга қўйилган хато ва камчиликларга тўхталиб ўтишди. Хусусан, жамғарманинг моддий техник базаси эскиргани, фаолиятига ахборот-коммуникация тизими тўлиқ жорий этилмагани ҳамда айрим дастурий тизимлардан фойдаланиш ўз вақтида тўғри йўлга қўйилмагани маълум қилинди.

Натижада, 2021 йил 1 апрель ҳолатига жамғармага юклатилган 30 та топшириқдан 18 таси бажарилган, шу жумладан, 3 таси (16,7%) муддатидан кеч бажарилган, 11 та ҳужжат ижро жараёнида (61,1%), 1 та (5,6%) топшириқнинг ижро муддати ўтган. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2021-2030 йилларда Ўзбекистон Республикаси аҳолисини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармойиши билан тасдиқланган “Йўл харитаси”нинг 2.2.4.1.-бандида 2021 йил 1 мартга қадар ижтимоий ҳимоя миллий стратегиясининг мақсадлари, вазифалари ва қамровини аниқлаш вазифаси белгиланган. Аммо мазкур вазифанинг ижроси тўлиқ таъминланмасдан туриб, ижродан чиқариб юборилган.

Жамоатчилик эшитувини бошқариб борган “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков ўз маърузасида соҳага АКТ ўз вақтида жорий этилмаслиги натижасида юзага келаётган салбий ҳолатларга ҳам алоҳида тўхталиб, жумладан шундай деди:

— Пенсия таъминоти ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш борасида Ҳаракатлар стратегияси доирасида бир қатор ислоҳотларнинг амалга оширилиши натижасида, ушбу тизим такомиллашиб бораётганини эътироф этиш жоиз. Аммо бугун Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси тизимида аҳолига хизмат кўрсатишда идоралараро ҳамкорлик муҳим аҳамиятга эга бўлишига қарамасдан, айрим вазирлик ва идоралар томонидан Жамғарма фаолиятига дахлдор маълумотларнинг электрон базаси ўз вақтида шакллантирилмаган. Шу билан бирга, Жамғарма фаолиятига АКТнинг ўз вақтида татбиқ этилмагани тизимда яна бир қатор муаммоларни келтириб чиқармоқда. Жамғарма “Пенсия” дастурий маҳсулот сервер қурилмасидан 10 йилдан бери, 2014 йилдан буён эса техник кафолатсиз фойдаланиб келмоқда. Бу эса дастурда тез-тез тўхталишлар ва носозликларни келтириб чиқармоқда.

Хусусан, 2019 йил “KPMG Audit” халқаро компанияси томонидан ўтказилган аудит натижасида сервер қурилмаси ҳолати “хавфли” деб хулоса берилган бўлишига қарамасдан, ўтган вақт давомида аниқ чора-тадбирлар амалга оширилмаган. Бу каби Жамғарма фаолиятига замонавий АКТни жорий этишга бўлган эътиборсизлик ўз ўзидан жамоатчиликда ишончсизлик кайфияти туғдириш билан бирга, Жамғарманинг олдига қўйилган вазифа ва мақсадларни амалга оширишни ҳам шубҳа остида қолдиради.

Шунингдек, юқоридаги каби техник носозликлар сабаб жамғарманинг бошқарув аппарати, вилоят (шаҳар) ва туман бўлимлари ўртасида ҳужжат алмашинув тизими ва ижро интизоми тизимини автоматлаштириш “ijro.gov.uz” негизида яратилган Молия вазирлигининг “mf.ijro.uz” тизимидан фойдаланиш орқали амалга оширилмоқда. Аммо “mf.ijro.uz” тизимидан фойдаланиш пуллик бўлгани боис жамғарма ходимларининг бор-йўғи 16 фоизи ушбу тизимга уланган.

Замонавий АКТнинг жамғарма тизимига ўз вақтида жорий этилмагани сабабли қолган ходимлар ҳужжат алмашинуви ва ижродаги ҳужжатларнинг назоратини қоғоз кўринишида юритиб келмоқда. Бу эса ҳужжатларни қайта ишлаш ва назорат қилиш ишларида муддатларнинг бузилишига ва қоғоз сарфининг ортишига олиб келмоқда.

Шунингдек, жамоатчилик эшитувида жамғарма масъул ходимлари Нуриддин Шодихўжаев, Аброр Холматов, Дилшод Мирсаидовлар томонидан бугунги кунда пенсия олувчилар сони ва тоифаси ҳақида ҳам аниқ маълумотлар тақдим этилди. Жамғарма маълумотларига кўра, 2021 йил 1 март ҳолатига Ўзбекистон аҳолисининг 3 864 831 нафари, яъни 11,2 фоизи пенсия олмоқда.

Шундан 2 870 862 нафари (74,3%)ни ёшга доир пенсия, 390 884 нафари (10,1%)ни ногиронлик пенсияси, 192 577 нафари (5,0%)ни боқувчисини йўқотган пенсия олувчи оилалар ва 410 508 нафари (10,6%)ни нафақа олувчилардир.

Қизғин баҳс-мунозаралар билан ўтган жамоатчилик эшитуви якунида эксперт ҳамда соҳа ходимлари томонидан жамғарма фаолиятига АКТ жорий қилиш, белгилаб берилган вазифаларнинг ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш борасида қилиниши лозим бўлган вазифалар юзасидан чора-тадбирлар белгилаб олинди.

“Тараққиёт стратегияси”
маркази Ахборот хизмати.