• Ўзбек
  • Давлат дастури 2021
"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
ҲАРАКАТЛАР СТРАТЕГИЯСИ: ИҚТИСОДИЙ СОҲАДАГИ 4 ЙИЛЛИК САМАРАДОРЛИК ВА УСТУНЛИКЛАР
1457 | 08 Июнь 2021 й.

Ўзбекистонда бундан 4 йил аввал иқтисодий соҳада ўта муҳим ва зарур ислоҳотлар бошланди. 2017-2021 йилларда мамлакатни ривожлантиришнинг бош устувор ҳужжати ҳисобланган Ҳаракатлар стратегияси асосидаги мазкур янгиланишлар бугунги кунга келиб дастлабки натижаларини ва қатор устунликларини намойиш этмоқда.

Бош стратегик ҳужжатнинг ҳаётга жорий этилиши туфайли давлат бошқаруви, жамият, фуқаролик институтлари, оммавий ахборот воситалари, иқтисодиёт ва бошқа барча соҳаларда уйғониш, олдга силжиш бошланди.

Буни ўтган 4 йиллик муддат давомида эришилган натижалар ва самарадорлик мисолида ҳам кўриш мумкин.

Ҳаракатлар стратегияси: иқтисодий соҳадаги 4 йиллик самарадорлик ва устунликлар

Энг аввало, шуни таъкидлаш керакки, Ўзбекистонда 2017 йилдан эътиборан Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган устувор чора-тадбирлардан келиб чиққан ҳолда, ҳамкор ривожланган давлатлар ва халқаро молия институтлари билан муносабатлардаги ёндашув ўзгартирилди.

Бинобарин, Ўзбекистон глобал иқтисодий жараёнларнинг фаол иштирокчисига айланиб бораётган шароитда, мамлакатда олиб борилаётган макроиқтисодий, шу жумладан, пул-кредит сиёсати ва банк тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар тўғрисида халқаро жамоатчиликни, хусусан, хорижий инвесторлар, халқаро рейтинг компаниялари ҳамда молиявий ташкилотларни хабардор қилиб бориш муҳим аҳамият касб этади.

Айнан шу жиҳатдан, ҳукумат, барча вазирлик ва идоралар ҳамда Марказий банк томонидан макроиқтисодий кўрсаткичлар, давлат бюджети ижроси, пул муомаласи ва олтин-валюта захиралари ҳолати тўғрисидаги барча статистик ва таҳлилий маълумотларни доимий равишда очиқ чоп этиб бориш амалиёти йўлга қўйилди.

Хусусан, Халқаро валюта жамғармаси экспертлари томонидан бюджет ошкоралигини баҳолаш, давлат молия статистикасини тузиш сифати ва давлат сектори маълумотларининг аниқлигини баҳолаш бўйича ўрганишлар ўтказилди ва 2018 йилдан бошлаб Ўзбекистонда илк бор “Фуқаролар учун бюджет” ахборот нашри чоп этилди[1], бюджет жараёнининг барча босқичлари электрон сайтларда эълон қилиб бориладиган бўлди. Шунингдек, 2018 йилдан бошлаб, Ўзбекистон Республикасининг тўлов баланси ва халқаро инвестицион позиция чораклик статистикаси Халқаро валюта жамғармаси стандартларига мувофиқ ҳар чоракда Марказий банк веб-сайтида ўзбек, рус ва инглиз тилларида ҳамда Халқаро валюта жамғармасининг маълумотларни тарқатиш тизимларида жойлаштириб борилмоқда[2].

2019 йилда Халқаро валюта жамғармасининг асосий статистик маълумотлар платформаси – "Халқаро молиявий статистика" тизимида Ўзбекистон Республикасининг саҳифаси очилди[3]. Натижада, халқаро ҳамжамият, халқаро ташкилот ва молиявий институтларнинг Ўзбекистонга муносабати ўзгариб, олиб борилаётган ислоҳотлар эътироф этилди.

2020 йилда Ўзбекистон Open Data Inventory (ODIN) — Очиқ маълумотлар рейтингида 63 балл тўплаб, жаҳон бўйича 44-ўринни, Марказий Осиёда эса 1-ўринни эгаллади. Очиқ маълумотлар рейтингида Ўзбекистон Осиё давлатлари орасида энг катта ўсиш кузатилган мамлакат бўлиб, ушбу кўрсаткич бўйича биратўла 125 позицияга юқорилади[4].

Мамлакатда 2016 йил охириданоқ халқаро молиявий институтлар билан тўлақонли муносабатлар тикланишига киришилди. Хусусан, шу йили Франция ривожланиш агентлиги ўзининг Ўзбекистондаги биринчи лойиҳасини амалга оширишга киришди[5]. Шунингдек, Ўзбекистон янги тузилган Осиё инфратузилмавий инвестициялар банкининг тенг ҳуқуқли аъзосига айланди[6].

2017-2018 йилларда мамлакатда банк-молия соҳасида кескин бурилишларга сабаб бўлган ислоҳотлар, хусусан, валюта бозорини либераллаштириш, молия бозорларини ривожлантириш, пул-кредит сиёсатини, шу жумладан, унинг инструментларини такомиллаштириш, ички пул ва валюта бозорларини ривожлантириш, тижорат банклари фаолиятини тартибга солишнинг замонавий механизмларини жорий қилиш бўйича қатор ислоҳотлар амалга оширилди. Бунда, асосан Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Халқаро молия корпорацияси ва бошқа халқаро молиявий институтлар ва ташкилотлар билан фаол ҳамкорлик қилинди.

Бундан ташқари, 2017 йил октябрда Европа инвестиция банки (ЕИБ) ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида Вашингтонда Ўзбекистонда ЕИБ фаолияти учун ҳуқуқий асосни белгиловчи, жумладан, молиявий ва техник ёрдам кўрсатиш бўйича шартнома имзоланди[7]. Банк Ўзбекистонда инфратузилма, энергетика ва энергия самарадорлиги бўйича давлат ва хусусий сектор ҳамда мамлакатдаги кичик ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш соҳаларидаги лойиҳаларни амалга ошириши бўйича келишиб олинди.

Мамлакатнинг бу янги ёндашуви, Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг мамлакатда ўз фаолиятини қайта тиклашга, Тошкентда янги офис очишга ва 2018 йил сентябрь ойида эса ЕТТБ Директорлар Кенгаши томонидан мамлакат бўйича янги стратегияни қабул қилинишига имкон берди[8].

2018 йилда халқаро суверен рейтингни олиш ва мамлакат инвестицион жозибадорлигини ошириш мақсадида Standard and Poor’s, Moody’s, Fitch, JР Morgan and Chase каби халқаро молия институтлари ва рейтинг агентликлари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилди. Хусусан, 2018 йилнинг октябрь ойида биринчи бор Ўзбекистон суверен кредит рейтингини олди ва “Fitch Ratings” ташкилоти “Ўзбекистон макроиқтисодий барқарорлик ва ўсиш истиқболларини яхшилашга, шунингдек, давлат томонидан катта даражада назорат қилинадиган иқтисодиётда институционал ва бошқарувдаги камчиликларни бартараф этишга қаратилган улкан ва кенг қамровли ислоҳотлар дастурини амалга оширишга киришди” дея эътироф этди[9].

2019 йилда Ўзбекистон Республикасининг илк халқаро евро облигациялари Лондон биржасида жойлаштирилди ва бу билан республиканинг халқаро молиявий бозорга кириб келиши таъминланди[10]. Лондон шаҳрида нуфузли “Global Capital” нашриёти томонидан ўтказилган “Bond Awards 2019” тақдирлаш маросимида Ўзбекистон Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги (МДҲ) минтақасининг халқаро облигациялар чиқариш бўйича энг яхши эмитентлари қаторидан жой олди.

2020 йилнинг 19 ноябрь куни Молия вазирлиги томонидан умумий ҳажми 750 млн. доллар миқдоридаги суверен халқаро облигациялар икки траншда – 10 йиллик муддат билан 555 млн. доллар долларда ва 3 йиллик муддат билан илк бора миллий валюта – ўзбек сўмида 2 трлн. сўм миқдорида Лондон қимматбаҳо қоғозлари бозорида (London Stock Exchange) муваффақиятли жойлаштирилди[11].

“JP Morgan Development Finance Institution” (“JP Morgan DFI") тузилмаси 2020 йил 19 ноябрда чиқарилган Ўзбекистон Республикасининг миллий валютадаги илк халқаро облигациялари транзакциясига “тараққиёт молияси” мақомини (“Development Finance Qualification”) берди ва транзакциянинг тараққиётга бўлган таъсири “юқори даражада” баҳоланди[12].

Юқорида қайд этилган ўзгаришлар, хусусан Ўзбекистоннинг халқаро ҳамжамиятга “очилиши” ва халқаро ҳамкорлик кучайтирилиши ҳамда олиб борилган ислоҳотлар халқаро ҳамжамиятнинг мамлакатга нисбатан муносабати ва ишончи ортишига сабаб бўлди.

Хусусан, 2020 йилда Ўзбекистон биринчи марта Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ИҲТТ)нинг тўғридан-тўғри хорижий инвестициялари бўйича меъёрий чекловлар индексига киритилди ва тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар учун иқтисодиётнинг очиқлиги бўйича Марказий Осиё мамлакатлари орасида етакчи ўринни эгаллади[13].

2017-2020 йиллардаги бу борада олиб борилган саъй-ҳаракатлар натижаси ўлароқ, Ўзбекистонда халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари билан ҳамкорликда кўплаб лойиҳалар амалга оширилди.

Хусусан, 2017-2020 йилларда халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари иштирокидаги 327 та инвестиция лойиҳалари доирасида 10,26 млрд. доллар кредит маблағлари ўзлаштирилиб, қатор соҳаларни ривожлантиришга йўналтирилди. Жумладан, маблағлар ёқилғи-энергетика саноатига (5,88 млрд. доллар); коммуникация ва мудофаа саноатига (1,56 млрд. доллар); қишлоқ ва сув хўжаликлари тизимига (1,27 млрд. доллар); молиялаштириш йўналишига (0,95 млрд. доллар); ижтимоий соҳаларга (0,47 млрд. доллар) ва бошқа тармоқларга йўналтирилди[14].

2017 йилдан бошлаб миллий валюта курсини иқтисодиётда чет эл валютасига бўлган талаб ва таклифга асосан белгилаш механизми жорий қилинди ҳамда аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари томонидан чет эл валюталарининг сотилиши, сотиб олиниши ва тасарруф қилиниши борасидаги аввал мавжуд бўлган чекловлар бекор қилинди[15], тадбиркорлик субъектлари ва аҳоли учун қатор қулайликлар яратилди[16].

2018 йилда аҳолига банк хизматларини кўрсатишда, жумладан валюта олди-сотди операцияларини амалга оширишда қулайликлар яратиш мақсадида[17] жисмоний шахслар томонидан халқаро тўлов карталарига сотиб олинган хорижий валютани тижорат банкларида нақд шаклда ечиб олиш механизми жорий этилди, тижорат банклари томонидан аҳоли гавжум жойларда, шу жумладан, туристик зоналар, аэропортлар, вокзаллар ва бозорларда “24/7” режимида ишловчи аввал мавжуд бўлмаган автоматлаштирилган валюта айирбошлаш шохобчалари ташкил этилди.

2019 йилда валютани тартибга солиш соҳасидаги илғор халқаро тажриба асосида ишлаб чиқилган “Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги Қонун янги таҳрирда қабул қилинди[18]. Қонунда валютани тартибга солиш ҳамда валютани назорат қилиш тизимининг ягоналиги, ушбу соҳада давлат сиёсатини амалга оширишда иқтисодий чораларнинг устуворлиги, резидентлар ва норезидентларнинг валюта операцияларига давлат органларининг қонунга хилоф равишда аралашувига йўл қўйилмаслиги каби асосий тамойиллар белгиланди.

Миллий валюта “сўм”нинг мавқейини янада мустаҳкамлаш ҳамда унга бўлган ишончни кучайтириш мақсадида давлат божлари, йиғимлар ва бошқа мажбурий тўловлар миллий валютада ундирилиши, товар ва хизматлар учун нархлар ҳамда жамиятларнинг устав капиталига қўйиладиган минимал талаблар фақат миллий валютада ўрнатилиши қонун даражасида белгилаб қўйилди.

Валюта сиёсатини либераллаштириш натижасида 2017-2020 йиллар давомида ички валюта бозорида хўжалик юритувчи субъектлар ва аҳоли томонидан хорижий валютани сотиб олиш ва сотиш операциялари ҳажми ҳамда валюта бозори иштирокчилари сони ўсиши кузатилди. Хусусан, хўжалик юритувчи субъектлар томонидан сотиб олинган жами валюта ҳажми 2020 йилда 2017 йилга нисбатан 2,3 баробарга, сотилган валюта ҳажми эса 2,1 баробарга ошди[19].

Шунингдек, 2019 йилда тадбиркорлик субъектларига ташқи савдо шартномалари бўйича 2017 йил 5 сентябрга қадар ҳосил бўлган ва асоссиз равишда сақланиб турган кредитор қарздорликларни ҳисобдан чиқариш ва корхона даромадига олиш, бунда уларга тегишли даромад солиқларини ҳисобламасликка рухсат берилди[20]. Бунинг натижасида мамлакат ташқи сектор статистикаси маълумотларининг сифати оширилишига замин яратилди.

Кейинги 4 йилда ташқи савдо соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида экспорт таркиби ва географиясини диверсификация қилиш, ташқи савдо фаолиятини эркинлаштириш, иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудларнинг экспорт салоҳиятини кенгайтириш каби йўналишларда муҳим ўзгаришлар юз берди.

Хусусан, Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнини фаоллаштириш[21] доирасида ташқи савдо режимини либераллаштириш борасидаги саъй-ҳаракатлар кенгайтирилмоқда.

Ўзбекистон ташқи савдо фаолиятида 2017-2020 йилларда ташқи савдони либераллаштириш ва республика экспорт салоҳиятидан янада самарали фойдаланиш натижасида ўзгаришлар юз берди. Хусусан, экспорт қилинадиган барча товарлар ва хизматлар учун божхона тўловлари бекор қилинди, лицензиялаш ва экспорт тизими соддалаштирилди. Товарларнинг 60% дан ортиқ турлари учун божхона тўловларининг “ноль” даражаси белгиланди. Шунингдек, Ўзбекистонда божхона тўлови ставкаси 6,45%гача пасайтирилди.

"Ягона дарча" тамойили бўйича экспорт ва импорт операцияларини амалга ошириш учун миллий веб-сайт ишга туширилди, бу эса, электрон сўров юбориш ва турли рухсат берувчи ҳужжатларни, шу жумладан, товар келиб чиқиш сертификати ва фитосанитария сертификатларини тўлаш имконини беради. Ушбу янги механизмларнинг жорий этилиши билан экспорт ҳужжатларини расмийлаштиришнинг умумий вақти 174 соатдан 96 соатгача камайди.

Натижада, Ўзбекистоннинг “Doing Business” — Бизнес юритиш рейтингидаги "халқаро савдо" индикатори кўрсаткичлари 2016 йилдаги 44,3 баллдан 2020 йилда 58,2 баллга яхшиланишига эришилди[22].

Ташқи савдони янада эркинлаштириш, жаҳон бозорида талаб юқори бўлган маҳсулотлар экспортининг номенклатурасини ошириш учун шароит яратилди. Масалан, экспортни рағбатлантириш мақсадида маҳсулотлар учун олдиндан тўлов тартиби бартараф этилди ва кафиллик мажбуриятисиз ташқи бозорга маҳсулот етказиб бериш тизими яратилди. Эскирган лицензиялаш тартиб-таомиллари бекор қилинди, экспортчилар учун солиқ имтиёзлари кенгайтирилди.

Экспорт шартномалари бўйича муддати ўтган дебиторлик қарзларини ҳисоблашнинг ягона муддати 120 кунгача узайтирилди. Тадбиркорлар учун божхона назорати остида бир қатор қулайликлар яратилган.

Ташқи савдонинг либераллаштирилиши натижасида Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси ҳажми 2020 йилда (2020 йилдаги пандемия оқибатларига қарамай) 2016 йилга нисбатан 1,5 бараварга ошди[23].

2018 йилдан бошлаб амалга оширилаётган солиқ ислоҳотларининг асосий мақсадлари мамлакатда иқтисодий барқарорликни таъминлаш, инвесторлар учун қулай шароитлар яратишдан иборат бўлди. Солиқ соҳасида мавжуд камчиликларни бартараф этиш мақсадида республикада солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси қабул қилинди[24].

Унга кўра, 2019 йилдан мамлакатда туб солиқ ислоҳотлари амалга оширилди, жумладан, жисмоний шахслар даромад солиғи ставкаси 22,5%дан 12%га туширилди, суғурта бадали ва давлат жамғармаларига мақсадли ажратмалар бекор қилинди. ҚҚС ставкасининг 20 фоиздан 15 фоизгача пасайтирилиши айланма маблағларнинг корхоналардан четланишини камайтирди ва охирги истеъмолчига эгри солиқ босимини камайтирди.

Солиқ ислоҳотлари натижасида солиқ ставкаларининг 2018-2020 йиллардаги ўзгариши


2017-2020 йиллардаги амалга оширилган солиқ ислоҳотлари натижалари халқаро рейтинг ва индексларда ҳам ўз аксини топганини кўриш мумкин. Хусусан, “Economic Freedom” — Иқтисодий эркинлик рейтингидаги “Tax Burden – Солиқ юки” индикатори бўйича 2017 йилдаги 90,7 баллик кўрсаткичдан 92,4 баллик кўрсаткичга[25], “Doing Business” — Бизнес юритиш рейтингидаги "Солиқ тўлови" индикатори бўйича 2016 йилдаги 52,9 баллик кўрсаткичдан 77,9 баллик кўрсаткичга[26] эришилди.2020 йилдан эса янги таҳрирда қабул қилинган Солиқ кодексига асосан амалдаги солиқ қонунчилиги соддалаштирилди, кўплаб ўзгаришлар ва қўшимчалар киритилди, хусусан, кодексдан муайян тўловлар ва йиғимлар ҳақидаги нормалар чиқариб ташланиб, улар алоҳида қонунларга ўтказилди (давлат божи, бонуслар, йиғимлар), айрим солиқларнинг (ижтимоий солиқ, айланмадан олинадиган солиқ) номи ва тузилмаси ўзгартирилди, айрим солиқ тўловчилар (қишлоқ хўжалиги корхоналари, оилавий корхоналар) учун солиқ имтиёзлари бекор қилинди.

Кўриниб турибдики, Президент Шавкат Мирзиёевнинг қатъий иродаси билан бошланган янги босқичдаги туб ислоҳотлар бугунги кунга келиб ўзининг самарасини бермоқда. Буни юқорида айрим соҳалардаги ислоҳотлар ва уларнинг натижалари мисолида шарҳлаб ўтдик. Мазкур ютуқлар жамиятда амалга оширилаётган стратегиянинг пировард муваффақияти ва унинг тўлиқ амалга оширилишига ва истиқболда мамлакатнинг иқтисодий барқарор ўсишига бўлган ишончни шакллантирмоқда.

Бунга мамлакат иқтисодий ўсиши бўйича халқаро ташкилот ва молиявий институтларнинг прогнозлари ҳамоҳанг бўлмоқда. Хусусан, Халқаро валюта жамғармаси 2021 йилда Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулотнинг 5 фоизга[27], Жаҳон банки 4,8 фоизга[28], “Fitch Solutions” рейтинг агентлиги эса 5,1 фоизга[29] ўсиш бўлишини прогноз қилмоқда.

2021 – 2023 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасининг Фискал стратегиясига мувофиқ эса, иқтисодий ўсиш 2021 йилда 5,1 фоизга, 2022 йилда 5,8 фоизга, 2023 йилда эса 5,4 фоизга ўсишга қаратилган[30] чоралар белгиланган. Шунингдек, ялпи ички маҳсулот ҳажмини келгуси 5 йил ичида 100 млрд. долларга етказиш[31] бўйича юқори ўсишни таъминлаш, солиқ-бюджет сиёсатини такомиллаштириш, саноат тармоқлари, энергетика, транспорт, қишлоқ хўжалиги, уй-жой ва коммунал соҳаларни ривожлантириш борасида янада истиқболли марралар белгиланган.

Фурқат Юнусов “Тараққиёт стратегияси” маркази бўлим бошлиғи


0
Похожие новости