• Ўзбек
  • Давлат дастури 2021
"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ДАВЛАТ ОРГАНЛАРИ ВА ТАШКИЛОТЛАРИ ФАОЛИЯТИДА ОЧИҚЛИК ДАРАЖАСИ ЯНАДА КУЧАЙТИРИЛАДИ


Ўзбекистон Республикаси Президентининг “
Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони эълон қилинди.

Мазкур фармон билан барча давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, шу жумладан, Ҳисоб палатаси, Марказий банк, суд ва прокуратура органлари ҳамда уларнинг таркибий ва ҳудудий бўлинмалари, шунингдек, устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган хўжалик жамиятлари ҳамда давлат унитар корхоналари томонидан очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар рўйхати тасдиқланди.

Фармонга мувофиқ, эндиликда давлат органлари ва ташкилотлари ҳар йили 1 мартга қадар ўз фаолиятига оид ҳисоботни (давлат сирлари ва хизматда фойдаланиш учун мўлжалланган маълумотлар бундан мустасно) расмий веб-сайтларига жойлаштириб, 10 мартга қадар уни кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилиш жойи ва вақти ҳақида хабар беради ҳамда 1 апрелга қадар ўз фаолиятига оид ҳисоботни кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилиш учун матбуот анжуманларини ўтказади.

Шунингдек, 2021 йил 1 июлдан бошлаб давлат органлари ва ташкилотлари қуйидаги маълумотларни Ўзбекистон Республикасининг Очиқ маълумотлар порталига ва ўз расмий веб-сайтларига жойлаштириб, уларни ҳар чоракда янгилаб боради:

– амалга оширилган давлат харидлари, шу жумладан, тўғридан-тўғри шартномалар бўйича харид қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар);

– мансабдор шахсларнинг хизмат сафарлари ва хориждан ташриф буюрган меҳмонларни кутиб олиш харажатлари (хизмат сафарининг ёки ташрифнинг мақсади, суткалик пул, транспорт ва яшаш билан боғлиқ харажатлар, бундан давлат сирлари ва хизматда фойдаланиш учун мўлжалланган маълумотлар мустасно);

– Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамаси ҳужжатлари билан солиқ ва божхона имтиёзлари ҳамда преференциялар, шу жумладан, индивидуал имтиёзлар берилган субъектларнинг бенефициарлари (якуний манфаатдор жисмоний шахслари), улар томонидан тўланган солиқлар ва молиявий кўрсаткичлар;

– ўзларининг йиллик харажатлар сметаси ва унинг ижроси, шу жумладан, объектларни қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш ишлари, автомототранспорт воситаларини сотиб олиш харажатлари тўғрисидаги 2021 йил 1 июлдан бошлаб ўз ҳузурида фаолият юритувчи жамоатчилик кенгашлари билан биргаликда жамоатчилик кенгашининг тасдиқланган аъзолари ҳақидаги маълумотлар билан бир қаторда уларнинг алоқа маълумотлари (телефон, почта ва электрон манзиллари);

– жамоатчилик кенгашининг йиғилишлари ва кун тартибидаги масалалар;

– давлат харидларини амалга оширувчи комиссиянинг тасдиқланган аъзолари тўғрисидаги маълумотлар (фамилияси, исми ва отасининг исми, иш жойи ва эгаллаб турган лавозими);

– лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни беришга ваколатли ҳамда хабарномаларни қабул қиладиган органларнинг ҳудудлар кесимида масъул ходимлари, шу жумладан, ушбу тоифадаги ҳужжатларни беришни ташкиллаштирадиган тегишли комиссия аъзолари тўғрисидаги маълумотлар (фамилияси, исми ва отасининг исми, эгаллаб турган лавозими).

Шу билан бирга:

– олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига кириш учун тест ва ижодий (касбий) имтиҳонлар;

– олий таълим муассасаларининг магистратура (клиник ординатура) босқичига қабул имтиҳонлари;

– республикадаги ёки хориждаги олий таълим муассасасидан республикадаги давлат олий таълим муассасасига ўқишни кўчириш истагини билдирган талабалардан олинадиган имтиҳонлар;

– хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олишда талабгорлардан олинадиган тест синовларини Интернет тармоғида жонли эфирга узатиш тартиби жорий этилади.

Ўз навбатида, 2021 йил 1 июлдан бошлаб:

– Ҳисоб палатаси, Молия вазирлиги, назорат қилувчи органлар – давлат сири бўлган маълумотларнинг ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирнинг муҳофаза қилинишини таъминлаган ҳолда ўтказилган ҳар бир тафтиш ва текширув (назорат объекти номи, тафтиш ёки текширувнинг мақсади ва муддатлари, уни ўтказган давлат хизматчисининг лавозими, фамилияси, исми) тўғрисидаги маълумотларни (тегишли назорат қилувчи органнинг раҳбарини хабардор этгандан сўнг);

Давлат активларини бошқариш агентлиги – устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар ҳамда давлат унитар корхоналари (кейинги ўринларда – давлат иштирокидаги корхоналар) рўйхатини (давлат номидан акциядор (иштирокчи, мулкдор) функцияларини амалга ошираётган ташкилот, корхона ҳудуди, солиқ тўловчининг идентификация рақами, давлат улуши тўғрисидаги маълумотларни кўрсатган ҳолда), шунингдек, устав фондининг (устав капиталининг) 50 фоизи ва ундан ортиғи давлат иштирокидаги корхоналарга тегишли бўлган юридик шахслар рўйхатини;

Молия вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги, вазирлик ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари – ўзлари акциядор (иштирокчи, мулкдор) функцияларини бажарувчи давлат иштирокидаги корхоналарнинг ижроия органи (директор, бошқарув раиси, бошқарув аъзолари) ва кузатув кенгаши аъзоларининг исми ва фамилияси тўғрисидаги маълумотларни;

– Давлат солиқ қўмитаси – давлат иштирокидаги корхоналар томонидан йил (чорак) якуни бўйича тўланган дивидендлар тўғрисидаги маълумотларни;

– Молия вазирлиги – давлат иштирокидаги корхоналарга сарфланган Давлат бюджети маблағлари, тегишлича хориждан жалб этилган маблағлар, шу жумладан, давлат ташқи қарзи суммалари ҳамда уларнинг сарфланиши тўғрисидаги маълумотларни;

– Давлат активларини бошқариш агентлиги – давлат муассасалари рўйхатини (ташкил топган санаси, юқори турувчи орган) ҳамда хусусийлаштирилган давлат мулки объектлари тўғрисидаги маълумотларни (давлат сирини ташкил этувчи махфий вазифа юклатилган давлат корхоналари ва муассасалари бундан мустасно) Порталга жойлаштириш ва уларнинг ҳар чоракда янгиланишини таъминлайди.

Фармонда, шунингдек, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги зиммасига қуйидаги қўшимча вазифалар юклатилди:

– давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш соҳасини мувофиқлаштириш ва доимий мониторинг қилиш, шу жумладан, уларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан белгиланган маълумотларни Интернет тармоғига жойлаштириш (эълон қилиш) бўйича мажбуриятлари ҳисобини юритиш;

– давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти устидан оммавий ахборот воситалари орқали самарали жамоатчилик назоратини ўрнатиш бўйича чораларнинг ишлаб чиқилиши ва жорий этилишига кўмаклашиш;

– жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларидан келиб чиқувчи давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигига оид долзарб масалаларни “Mening fikrim” веб-портали орқали умумхалқ муҳокамасига чиқариш;

– очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар рўйхатини узлуксиз тўлдириш, такомиллаштириб бориш ва янгилаб бориш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ҳамда уларни амалга оширишга кўмаклашиш;

– оммавий ахборот воситалари орқали давлат органлари ва ташкилотлари хизматчиларига “давлат органлари фаолияти очиқлиги, шаффофлиги ва ҳисобдорлиги” маданиятини сингдириш ҳамда давлат органлари ва мансабдор шахслар халқ олдида ҳисобдорлигини таъминлаш муҳимлиги тўғрисида тушунтириш ишлари олиб борилишини ташкил этиш;

– давлат органлари ва ташкилотларининг очиқликка оид қонунчилик ҳужжатларида кўрсатилган талабларни мунтазам равишда бузаётган айбдор мансабдор шахсларини жавобгарликка тортиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритиб бориш;

– ҳар йили фаолият йўналиши бўйича эришган асосий ютуқлар ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида учраётган камчиликлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президентига ахборот тайёрлайди ва ўз расмий веб-сайти орқали эълон қилиб бориш;

– “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Қонун амалга оширилиши устидан назоратни, шунингдек, Жаҳон одил судлов лойиҳасининг “Ҳукуматнинг очиқлиги” индикатори бўйича Ўзбекистон Республикасининг ўрнини яхшилашга оид комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш.

Фармон билан Давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида очиқлик даражасини янада ошириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланди.

Коррупцияга қарши курашиш агентлигига Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Адлия вазирлиги, Давлат статистика қўмитаси билан биргаликда 2021 йил 1 октябрга қадар давлат органлари ва ташкилотларида очиқликни таъминлаш бўйича фаолиятни тартибга солувчи, шу жумладан, мониторинг ўтказиш, амалга оширилаётган ишларнинг самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш, очиқлик индексини ҳисоблашга қаратилган Давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти очиқлигини мониторинг қилиш ва баҳолаш бўйича методикани ишлаб чиқиш ва белгиланган тартибда кириш вазифаси юкланди.

2021 йил 1 декабрдан бошлаб ҳар йил якуни бўйича давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг Очиқлик индекси аниқланиши белгиланди.

Фармонда Олий Мажлис палаталарига:

– парламент назорати объектларининг ҳисоботларини эшитиш натижалари бўйича қабул қилинган қарорлар;

– Қонунчилик палатасида депутатнинг ҳар бир қонун (қарор) лойиҳасини қабул қилиш ёки рад этишдаги, сенаторнинг ҳар бир қонунни (қарорни) маъқуллаш ёки рад этишдаги иштироки тўғрисидаги маълумотлар;

– Олий Мажлис Сенати аъзоси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари, сайлов округлари ҳамда уларнинг электрон почта манзиллари ҳақидаги маълумотларни ўз расмий веб-сайтларида жойлаштириш тавсия этилди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати.