• Ўзбек
  • Давлат дастури 2021
"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ЎЗБЕКИСТОНДАГИ ИСЛОҲОТЛАР БУЮК БРИТАНИЯНИНГ НУФУЗЛИ ЖУРНАЛИДА ЭЪТИРОФ ЭТИЛДИ

Буюк Британияда Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллигига бағишлаб «Open Central Asia Magazine» журналининг махсус сони нашр этилди.

“Жадал ривожланаётган Ўзбекистон: Мустақилликнинг 30 йиллик байрами” номли мазкур журналнинг махсус сонидан Ўзбекистон ва Буюк Британиянинг сиёсат ва жамоат арбоблари, нодавлат ташкилотларнинг эксперт-мутахассислари, маданий соҳа ва оммавий ахборот воситалари вакилларининг мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар самаралари ҳамда икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик муносабатларининг истиқболлари ҳақидаги мақолалари ўрин олган.

Мазкур журналда “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляковнинг “Ўзбекистонда фуқаролик жамияти ва давлат бошқарувини такомиллаштириш – сўнгги 5 йил” номли ҳамда “Тараққиёт стратегияси” маркази бўлим бошлиғи Нилуфар Нодирхонованинг “Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари: эришилган ютуқлар ва галдаги вазифалар” номли мақолалари ҳам чоп этилди.

Элдор Туляков ўз чиқишида Шавкат Мирзиёев Президентликка сайланганидан сўнг энг биринчи навбатда давлат бошқаруви, иқтисодиёт, ижтимоий соҳани ривожлантириш, инсон ҳуқуқларини таъминлаш, халқаро муносабатларни яхшилаш ва иқлим ўзгариши масалаларига алоҳида эътибор қаратганини таъкидлайди. Шунингдек, мақолада Ўзбекистон қўшни Марказий Осиё давлатлари билан очиқ мулоқотни муваффаққиятли йўлга қўйгани, банк ва валюта сектори тубдан ислоҳ қилингани, хорижлик фуқаролар учун кўплаб маъмурий юкларнинг олиб ташлангани, инвесторларнинг эркин кириб келиши ва фаолият юритиши учун қулайликлар яратилгани, Ҳукумат жамоатчилик билан очиқ-ошкора мулоқот қила бошлагани, коррупцияга қарши кескин кураш чоралари кўрилгани, оммавий ахборот воситалари эркинлашгани каби мавзулар ҳам қамраб олинган.

Шунингдек, мақолада 2021-2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси қабул қилиниб, “Кучли давлатдан кучли фуқаролик жамияти сари" тамойили асосида амалга оширилган ислоҳотлар натижалари, халқ ҳокимиятини мустаҳкамлаш ҳамда ҳокимият тармоқлари мустақиллигини таъминлаш, парламент ваколатлари оширилиши билан унинг ҳукумат фаолияти устидан назорат қилиш механизмлари кучайгани ҳақида ҳам атрофлича сўз юритилган.

2017 йилда Адлия вазирлиги ҳузурида Давлат хизматлари агентлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари ташкил этилиб, бугунги кунда барча шаҳар ва туманларда 205 та давлат хизматлари марказлари фаолияти йўлга қўйилиб, улар орқали аҳолига 150 дан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилаётгани халқ учун мақбул қулайликлар яратгани, шу билан бирга, қатор соҳаларда рақамлаштириш сиёсати амалга оширилиб, давлат идораларининг электрон шаклда иш юритишга ўтиши мамлакат фуқароларининг ортиқча оворагарчиликларига чек қўйгани хусусида ҳам мақолада алоҳида тўхталиб ўтилган.

Ўз навбатида, Элдор Туляков ўз мақоласида Ўзбекистонда кейинги 5 йилда фуқаролик жамияти институтлари фаолиятида юз берган ўзгариш ва ривожланиш омилларини аниқ факт ва рақамлар билан очиб берган.

Эътироф этилишича, бугунги кунда мамлакатда 9200 дан ортиқ нодавлат нотижорат ташкилоти фаолият кўрсатмоқда. Уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 200 га яқин қонун ҳужжатлари қабул қилинган. Натижада давлат, фуқаролар, фуқаролик жамияти институтларининг тизимли мулоқоти йўлга қўйилди.

Тараққиёт стратегияси” маркази бўлим бошлиғи Нилуфар Нодирхонованинг “Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари: эришилган ютуқлар ва галдаги вазифалар” номли мақоласида эса, мамлакатда “инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” тамойили асосидаги ислоҳотлар самараси ҳақида сўз юритилган.

Муаллиф таъкидлаганидек, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини етарли даражада ҳимоя қилиш устувор йўналишлардан бири сифатида белгиланган. Кейинги 5 йил мобайнида бу борадаги тизимли саъй-ҳаракатлар туфайли мамлакат инсоннинг ижтимоий-иқтисодий, фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқларини таъминлаш борасида муайян ютуқларга эришди.

Н.Нодирхонова аввало, республикада пахта йиғим-терим кампаниясида мажбурий ва болалар меҳнатига барҳам берилгани, "прописка" тизимининг тубдан ислоҳ этилгани, фуқаролиги бўлмаган шахслар сонини камайтириш бўйича кўрилган қатъий чоралар самараси ўлароқ, биргина 2020 йилнинг ўзида 50 минг киши Ўзбекистон фуқаролигини олгани, бу йил яна 20 мингдан ортиқ киши фуқароликни қабул қилиш имкониятига эга бўлганига алоҳида эътибор қаратган.

Шунингдек, фуқароларнинг диний ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш соҳасидаги ўзгаришлар натижасида диний экстремистик ташкилотлар билан алоқада бўлганликда гумон қилинаётган 20 мингдан ортиқ фуқаро "қора рўйхат"лардан чиқарилгани, Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан БМТнинг "Маърифат ва диний бағрикенглик" махсус резолюцияси қабул қилингани, Ўзбекистоннинг АҚШнинг диний эркинликлар бўйича махсус назорат рўйхатидан бутунлай чиқариб ташланиши, сўз ва матбуот эркинлиги билан боғлиқ вазият яхшилангани каби қатор масалалар ҳам муаллиф эътиборидан четда қолмаган.

Мақолада Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларга алоҳида урғу берилганини кўриш мумкин. Хусусан, муаллифнинг эътироф этишича, 2017-2020 йилларда судлар томонидан 2770 нафар шахс оқланган. Ёки биргина 2018 йилнинг ўзида 1881 та жиноят иши далиллар етарли эмаслиги сабабли тўхтатилган. Тергов давомида асоссиз равишда илгари сурилган жиноят таркиби 5462 кишига қўйилган айбловдан чиқарилиб, 3290 киши суд залидан озод қилинган.

Мамлакатда инсон ҳуқуқларини таъминлашда эришилган асосий ютуқлардан бири қийноқлар ва шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ёхуд жазони йўқ қилиш борасидаги ишлар экани мақолада ўз ифодасини топган. Бу борада энг катта ютуқ халқаро ташкилотларнинг тавсияларига мувофиқ, Ўзбекистон Президенти томонидан имзоланган Қорақалпоғистондаги машҳур "Жаслиқ" колониясини тугатиш тўғрисидаги фармон бўлди. Шунингдек, 2019 йил март ойидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)га инсоннинг қонун билан кафолатланган ҳуқуқлари ва эркинликлари таъминланишини ўрганиш учун жазони ижро этиш, қамоққа олиш жойлари ва махсус қабулхоналарга эркин ташриф буюриш ва махсус мониторинглар ўтказиб бориш ҳуқуқи берилди.

Гендер тенглиги ва хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлаш соҳасида эса, Ўзбекистон ҳукумати 2030 йилгача бўлган даврда гендер тенглигига эришиш стратегиясини ишлаб чиқди. Унга кўра, махсус тартиб жорий этилиб, барча янги қонун лойиҳалари гендер нуқтаи назаридан таҳлил қилинади. 2019 йилда Ўзбекистонда гендер тенглиги бўйича парламент комиссияси тузилиши аёлларнинг жамиятдаги мавқеини мустаҳкамлашга ёрдам берди. Натижада 2019 йилги парламент сайловларида гендер квотаси қўлланилди: аёллар сайланган депутатларнинг 32 фоизини ва Сенат аъзоларининг 25 фоизини ташкил этди.

Буюк Британияда Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллигига бағишлаб чоп этилган «Open Central Asia Magazine» журнали халқаро ва миллий жамоатчилик томонидан қизиқиш билан кутиб олинди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати.